Бош мақсад одамларни рози қилишдир – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил мамлакатимиз тарихига сиёсий жараёнларга бой йил сифатида кирмоқда. Бу йилнинг энг асосий воқеаларидан бири — Ўзбекистон мустақиллик йўлини танлаганига 30 йил тўлишидир. Ушбу буюк неъматга эришиш йўли нақадар мураккаб бўлгани, бу йўлда қанчадан-қанча зиёли, мард, ватанпарвар боболаримиз шаҳид бўлганини эслаш, уларни хотирлаш, шундай дориломон кунларда яшаётганимизга шукроналар айтиш, шу маънода, мустақилликнинг қадрига етишимиз ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Бугунги мусаффо осмонимиз, дунё ҳамжамиятида ўзимизга хос мавқега эга бўлишимиз, энг асосийси, ўзимизнинг она тилимизда эмин-эркин сўзлаб, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашимиз, кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тикланиши мустақилликнинг энг катта иномларидандир, десак муболаға бўлмайди.

Истиқлол йилларида иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, умуман, барча соҳаларда, айниқса, охирги беш йилликда мамлакат тараққиёти, халқ манфаати йўлида олиб борилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар нафақат халқимиз, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Албатта, бундай ютуқларга эришишимизнинг асосий сабаби барча ислоҳотлар замирида халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши кераклиги, одамларнинг эртага эмас, бугун яхши яшаши муҳимлиги бош шиор этиб олинганидир. Энг асосийси, халқимиз ижобий ўзгаришларни ўз ҳаётларида ҳис қила бошлади ва шу сабабдан давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда ягона мақсад йўлида муштарак бўлиб одимлашда давом этмоқда.

Инсон учун ҳамиша унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларидан муҳим қадрият бўлмаган. Мамлакатимизда айнан бу борада кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, бир неча йиллар муқаддам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати халқаро ҳамжамият ва ташкилотлар томонидан қаттиқ танқидга олинар, бу нафақат юртимиз нуфузига, балки мамлакатимиз иқтисодий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди.

Таъкидлаш лозим, мазкур йўналиш бўйича амалга оширилган чора тадбирлар, энг аввало, Ўзбекистоннинг очиқлиқ сиёсати, инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият олиб борадиган ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда мазкур соҳада халқаро ҳужжат меъёрларини миллий қонунчиликка босқичма босқич имплементация қилинаётгани ўз мевасини бера бошлади.

Ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланиши ҳамда жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 142-сессиясида Парламентимиз қуйи палатаси аъзосининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмита аъзолигига Евроосиё минтақаси томонидан сайланиши дунё ҳамжамиятининг мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган ишларга юксак эътирофи бўлди дейиш мумкин.

Бир неча йиллар олдин мамлакатимизнинг пахта етиштириш ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан кенг фойдаланиши Ғарб мамлакатлари томонидан кескин қораланиб, бу давлатнинг ўз халқига нисбатан қасддан қиладиган давлат сиёсати деб баҳоланган эди. Бунинг натижасида дунёнинг Asda, Gap, Marks & Spencer va Tesco каби йирик компаниялари ўзбек пахтасига бойкот ҳам эълон қилганди.

Давлатимиз раҳбарининг пахта ва ғалла учун давлат буюртмасини бекор қилиш орқали болалар ва мажбурий меҳнатдан бутунлай воз кечиш каби кульминацион ва стратегик қарорлари натижасига бугун ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Халқаро Меҳнат Ташкилоти бош директори ўринбосари Хантс Коллернинг таъкидлашича “ХМТ ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги натижасида Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнафақат барҳам топди, балки бу иллат ўтмишга айлантирилди”.

Инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахс­нинг фуқаролигини тиклаш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кўп йиллар давомида юртимизда яшаб келаётган, фуқаролик олишдан деярли умидини узган 50 мингдан зиёд кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.

Статистик маълумотларига кўра, 1991 йил сентябрдан бугунги кунга қадар 8249 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилган. Уларнинг асосий қисми – 7765 нафари (94 фоизи) 2016 йилнинг декабридан 2019 йил июль ойига қадар фуқароликка қабул қилинган. Дунёда фуқаросиз инсонларнинг қолмаслиги мақсади кўзланган кампанияни бошлаган БМТ Қочқинлар идораси Ўзбекистон раҳбариятининг ушбу саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаб, бошқа давлатларни ҳам ушбу йўналишда Ўзбекистонда ўрнак олишга чақиргани таъкидлаш озим.  

Юқорида санаб ўтилган эътирофлар биргина соҳада эришилган ютуқларнинг бир қисми, холос. Бу ҳақда бошқа соҳаларда эришилган ва эришилаётган натижалар ҳақида Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида узоқ гапириш мумкин. Энг муҳими, мамлакатимиз халқи ислоҳотлар натижаларини ўтаётган ҳар бир кунида ҳис қилиб, тинч ва осойишта ҳаётига шукрона келтириб яшамоқда. Зеро, бош мақсад одамларни рози қилишдир.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan