Аслида ўзи бирорта давлат ташкилоти ёки корхонанинг ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни яширишга ёки ошириб, тошириб эълон қилишга ҳаққи йўқ. Ҳар бир рақам ёки ҳисобот юртимиз тараққиёти билан бевосита алоқадордир. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида статистика жуда катта аҳамият касб этади. Давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти эса аҳолининг ахборот олиш эркинлигини таъминлаш билан чамбарчас боғлигидир. Чунки бугун давлат органлари фаолияти очиқ бўлса, ҳар бир саъй-ҳаракатидан халқ хабардор бўлса, уларнинг юрт равнақига, мамлакат истиқболига ишончи янада ортади.
Президентимиз жорий йилнинг 16 июнь куни имзолаган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонидан кўзланган мақсад ҳам ҳар бир иш, фаолият жамоатчилик кўз ўнгида бўлиши ва уларнинг назорати остида амалга оширилиши билан узвий боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Фармонда давлат органлари фаолияти веб-сайтларда мунтазам эълон қилиб борилиши белгилаб қўйилган.
Фармонда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси зиммасига 2021 йил 1 августга қадар доимий равишда янгилаб туриладиган Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базасини Қўмитанинг расмий веб-сайтида ва Порталда ишга тушириш белгиланган.
Бунда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасида кўрсатилган маълумотлар билан бир қаторда овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги тузилган барча шартномалар, овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи тугатилган ҳолатлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар ва рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари мутназам веб-сайтда эълон қилиб борилиши қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олишга доир берилган барча рухсатномалар ва улардаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмон-овчилик хўжаликлари томонидан берилган овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари ҳақидаги маълумотлар ҳам доимий тарзда қўмитанинг расмий веб-сайтидан ўрин олиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Ахборот олиш эркинлигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Башарти шундай экан, Президентимиз томонидан қабул қилинган юқоридаги Фармон Янги Ўзбекистонда давлат ҳокимияти очиқлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлади, деб ишонаман.
Мавлуда ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси