КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН МАНФААТЛАРИНИНГҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, энг муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституцияда ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат тузилиши ўз ифодасини топган. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини қайд этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг кўп минг йиллик бой миллий давлатчилик тарихий-ҳуқуқий ва маънавий меросига асосланган. Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик ва ҳуқуқ тарихи ўзининг чуқур илдизларига эга бўлиб, қадим-қадим даврларга бориб тақалади.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади. Дунё тарихига назар ташласак, жаҳондаги илк замонавий Конституция Америка Қўшма Штатларида яратилган бўлиб, Конституциянинг моҳиятини тушунтириш мақсадида АҚШ давлатчилиги асосчиларидан бири Джеймс Медисон ўзининг
51-эссесида “Агар одамлар фаришта бўлганларида эди, давлатга эҳтиёж қолмасди” деб таъкидлаган эди.

Албатта, бунинг тагида катта фалсафий маъно бор. Яъни, Конституция давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини белгилаб беради, унинг доирасини чегаралаб қўяди ҳамда ушбу ваколатларга тааллуқли бўлмаган барча масалалар бўйича инсонга ҳуқуқ ва эркинликлар беради. Зеро, Конституция шахс, жамият ва давлат ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлайди.

Маълумки, бундан 28 йил аввал қабул қилинган Асосий қонунимиз инсон манфаатларини давлат манфаатларидан устувор этиб белгилади. Асосий қомусимиз 128 моддадан иборат бўлгани ҳолда унинг 30 дан ортиқ моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган. Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида мужассам этган.

Хусусан, Асосий қонунимизнинг 2-моддасида Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар, деб белгилаб қўйилган. Ушбу норманинг ҳаётийлигини Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган олижаноб ғоя асосида халқ билан мулоқот қилишнинг янгича тизими жорий этилганида, шунингдек “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганида кўришимиз мумкин.

Айниқса, Конституциямизнинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деб мустаҳкамланиши давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади ва йўналишларини яққол ифода этди. Конституциянинг 32-моддасида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари сифатида белгиланган жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Конституциянинг 42-моддасида белгиланган илмий ва техникавий ижод эркинлигини таъминлаш учун ўтган йили “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Конституциянинг 44-моддасида кўзда тутилган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси қабул қилинди. Мазкур кодекс асосида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун мамлакатимизда янги ташкил этилган маъмурий судларга шикоят қилиши мумкин бўлди. 46-моддада белгиланган хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлигини таъминлашга қаратилган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.

Бу каби мисолларни узоқ давом эттиришимиз мумкин. Асосий қонунимиз жамият ривожланишидан келиб чиқиб, янада такомиллашиб борди. Бугунги кунга қадар, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига 14 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Улар асосида Бош қомусимизнинг 68 та моддаси мазмунан такомиллаштирилди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар айни пайтда Конституциянинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ нормаларининг самарали тарзда татбиқ этишга мустаҳкам замин яратмоқда.

Тараққиёт ва юксак ривожланишга эришган давлатлар тажрибасига кўра, ҳар бир халқ ўз олдига улуғ ва истиқболли мақсадларни қўйиши ҳамда уни амалга ошириш салоҳиятлари билан жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайди. Бундай мақсадлар муайян даврга мўлжалланган давлат ёки стратегик дастурларни қабул қилиш орқали намоён бўлади. Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистонда халқ давлатини барпо этиш йўлини ёритиб турувчи маёқ ҳисобланади, десак айни ҳақиқатдир. Ҳаракатлар стратегиясини жорий этиш натижасида сўнгги йилларда Конституцияда белгиланган нормаларни амалга ошириш ва ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмлари мустаҳкамланди.

Конституцияга сўнгги йилларда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бевосита Ҳаракатлар стратегиясининг йўналишлари билан боғлиқлигини қайд этиш зарур. Мазкур икки ҳужжат бир-бирини чамбарчас бойитишга, тўлдиришга қаратилган ҳуқуқий тизимга айланди.

Қайд этиш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингандан сўнг Конституцияга 7 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган дастлабки ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда судьялар мустақиллигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида судларни ихтисослаштиришга қаратилди. Бунинг замирида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш орқали самарали ва ҳаққоний одил судловга эришиш мақсади мужассамдир. Зеро, суд ҳокимияти мустақил бўлмас экан, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинмайди. Бунинг оқибатида мамлакатда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаб бўлмайди.

Ўтган тўрт йил давомида ўтказилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги конституциявий ислоҳотлар ўзининг самарасини бермоқда. 2016 йилга қадар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан саноқли даражада оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, сўнгги 4 йил давомида ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди. 2017 йил 6 апрелдаги қонун билан Конституциянинг 111-моддаси янги таҳрирда қабул қилинди. Унга асосан, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган янги тузилма ‒ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Судьялар олий кенгашига доир норманинг Конституциядан жой олгани эса унинг конституциявий мақомга эга эканидан дарак беради. Бугунги кунда бунга ўхшаш ҳамжамиятларнинг мақоми Франция, Италия, Болгария, Польша, Украина, Қозоғистон, Арманистон каби давлатларнинг конституцияларида, Нидерландия, Дания, Швеция, Ирландия, Литва, Буюк Британия, Венгрия каби давлатларнинг қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан бир вақтда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун билан Судьялар олий кенгашининнг фаолияти батафсил тартибга солиниши билан унинг конституциявий мақоми янада мустаҳкамланди.

Қонунга кўра, судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш Судьялар олий кенгашининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Ушбу тажриба 1985 йил 29 ноябрдаги БМТ Бош Ассамблеяси томонидан маъқулланган Суд органлари мустақллигининг асосий тамойилларига мувофиқ келади. Суд ҳокимиятининг икки олий органи − Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишига, ягона суд амалиёти таъминланмаслигига олиб келаётган эди.

Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди, қуйи хўжалик судлар иқтисодий судларга айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Олий судига эса фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи мақоми берилди.

Маъмурий органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатилиши муносабати билан улар ўртасида вужудга келадиган оммавий-ҳуқуқий низоларни ҳал этишга қаратилган янги ихтисослашган судлар – маъмурий судлар тузилди.

Шу муносабат билан 203 та туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди. Ривожланган хорижий мамлакатлардан АҚШ, Англия, Франция, Япония каби давлатларда ҳам бутун мамлакат миқёсида ягона судлов органининг мавжудлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарали тарзда кечишини кўрсатмоқда.

Маъмурий судларнинг ташкил этилиши ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш орқали ҳимояланиш имкониятини кучайтирса, иқтисодий судларнинг туманлараро, туман ҳамда шаҳар миқёсида ташкил этилиши ушбу маъмурий-ҳудудий бирликлардаги тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш имкониятларининг ошишига олиб келади.

Хорижий мамлакатлардан Австрия, Германия, Финландия, Швецияда ҳам давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор бўлган хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан келтирилган шикоятларни кўриб чиқиш ваколатига эга ихтисослашган маъмурий судлар фаолият юритаётганинг гувоҳи бўлиш мумкин. Конституциянинг 107-моддаси аввалги таҳририда, судларнинг ваколат муддати кўрсатиб ўтилган эди. Мазкур ваколат муддати 2017 йил 12 апрелда қабул қилинган қонун билан “Судлар тўғрисида”ги Қонунга киритилган 631-моддаси билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Унга кўра, судьялар биринчи марта беш йиллик, сўнгра ўн йиллик муддатга ва муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланади ёки сайланади. Судьяларнинг бундай ваколат муддатига тайинланиши ёки сайланиши судьялар мустақиллигининг янада кучайишига хизмат қилади.

2017 йил 31 майдаги Қонун билан давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ўрни ва ролини оширишга қаратилган 108 ва 109-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бундан ташқари, киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётида парламентнинг ўрни ва ролини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Парламент том маънода олий вакиллик органи сифатида фаолият олиб бориши учун, энг аввало, ҳар бир депутат электорат ва сайланган сиёсий партиянинг манфаатини ифодалаши зарур.

Бундай манфаат қонунларни қабул қилиш жараёнида намоён бўлади. Қабул қилинаётган ҳар бир қонуннинг ижроси тегишли давлат бошқаруви органлари томонидан таъминланиши ҳаммага маълум. Аммо давлат бошқаруви органи фаолиятининг самарадорлиги уларга кимлар раҳбар этиб тайинланётганига ҳам боғлиқдир. Шу боис, халқ вакиллари ҳукумат аъзолари тайинланмасдан аввал номзодлар билан танишиб, уларга саволлар билан мурожаат этиш имкониятига эга бўлишлари лозим.

Шуни инобатга олган ҳолда, 2019 йил 5 март куни қабул қилинган “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан Конституцияга муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига номзод Бош вазир томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун тақдим этилади. Номзод маъқуллангач Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ушбу ўзгартиш парламент олдида фақатгина Бош вазирнинг эмас, балки ҳар бир ҳукумат аъзосининг масъулиятини кучайтиришга, қонунлар ижросини масъулият билан таъминланишига хизмат қилади. 2017 йил 29 августда шаҳар таркибидаги туманларда халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этишга доир Конституциянинг
99-моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди. Ушбу ўзгартишга асосан Тошкент шаҳар таркибидаги туманларда маҳаллий вакиллик органлари учун сайловлар ўтказилди. Бу орқали шаҳарга бўйсунадиган туманларда истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам маҳаллий вакиллик органлари орқали маҳаллий миқёсдаги давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Киритилган ўзгартиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларини тенглик ва демократик усулларда ташкил этиш имконини берди. Сабаби, шаҳар таркибидаги туманларнинг мақоми вилоят таркибидаги туманлар билан бир хил бўлишига қарамай, уларда халқ депутатлари Кенгаши фаолият юритмас эди. Шунингдек, 2019 йил 4 сентябрь куни Конституциянинг
117-моддасига
киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бунинг мазмуни шундаки, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок эта оладилар.

Мазкур ўзгартиш фуқаролар сайлов ҳуқуқининг либераллашиб бораётганидан дарак беради. Зеро, озодликдан маҳрум қилиш жазоси бу асосан шахсий эркинликни чеклашга қаратилган жазо бўлиб, бунинг оғир бўлмаган жиноятни содир этган фуқаронинг актив сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилишига олиб келиши мантиқан тўғри эмас.

Таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегиясидаги ғоялар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларидан олинган. Ўз навбатида ундаги янги ғоялар асосида Конституциянинг ўзи ҳам такомиллаштирилмоқда. Бугун Ўзбекистон мазкур икки ҳужжатнинг ўзаро алоқаси туфайли сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий тараққиётга эришмоқда.

Асосий Қонунимизнинг энг муҳим жиҳатлардан бири –мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси устунлиги сўзсиз тан олинишидир. Бунинг маъноси шундаки, у мамлакатда олий юридик кучга эга, аниқловчи, йўналтирувчидир. Конституция муқаддимасида инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаш, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиш каби белгиланган бирламчи қоидалар кундалик ҳаётимиз ва амалиётимиз учун “йўл харитаси”дир.

Ўзбекистон ўзгармоқда, янгиланмоқда, ёшармоқда. Одамларнинг кўз ўнгида янги Ўзбекистон намоён бўлмоқда. Йиллар мобайнида атроф муҳитда юз бераётган ўзгаришларга пассив томошабин ёки истеъмолчи позициясида турганларнинг аксарияти эндиликда воқеаларнинг реал иштирокчиси бўлиб, ўзлари ҳам ўзгармоқдалар. Янги Ўзбекистонда фаоллик, яратувчанлик руҳида яшаш ҳар бир инсон учун ҳаёт тақазоси, ижтимоий заруратга айланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида “Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз” деб алоҳида кўрсатиб ўтган.

Шу боис ҳам, мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг асл моҳияти, турмуш тарзимизнинг барча жабҳаларини тубдан яхшилаш, инсонлар ҳаётининг бугуни ва эртасини обод этишдан иборатдир.

Валишер ДАВЛЯТОВ,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,
юридик фанлар
бўйича фалсафа доктори

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan