Конституция – янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Жорий йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган байрам табригининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш мақсадида “Конституция – Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида кенг кўламли ислоҳотларнинг асосидир” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

     Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

     Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш.Бафаев олиб борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев ўз нутқида “ижтимоий давлат” тушунчасининг мазмун-моҳияти, унинг конституциявий-ҳуқуқий асослари, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида Ўзбекистон Республикасида ижтимоий давлат тамойилини амалиётга кенг тадбиқ этишнинг долзарб аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати И.Қудратов “жамият ислоҳотлар ташаббускори” тамойилининг моҳияти нимадан иборат эканлиги,
Янги Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлар ушбу тамойилга асосланган ҳолда олиб борилиши каби масалалар ҳақида айтиб ўтди.

     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Жумаев тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистон стратегиясини амалиётга тадбиқ этиш жараёнида иқтисодий ислоҳотлар марказий ўринлардан бирини эгаллаши, иқтисодий ислоҳотлар инсонлар ва фуқароларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши тўғрисида маълумотлар берди.

     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Аслонов “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” мавзусидаги маъруза билан иштирок этиб,
Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ҳақида фикрлар билдирди.

     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф.Шарипов ўз нутқида бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, мазкур йўналишдаги ислоҳотларда болалар, ногиронлар ва кексаларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устувор аҳамият касб этишига алоҳида урғу берди.

     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Юсупов Янги Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган конституциявий ислоҳотлар доирасида фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ҳамда атроф-муҳитни асрашнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари кучайтирилиши тўғрисида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берди.

     Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Холмаматова Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилиши белгиланган конституциявий ислоҳотлар таълим соҳасини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишнинг мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосини яратиши
ҳамда таълим соҳасини янада такомиллаштириш Учинчи Ренессансни қуришнинг асосий шартларидан бири эканлигини таъкидлади.

     Қонунчилик муаммолари институти директори Ф.Отахонов тадбир иштирокчиларини Қонунчилик муаммолари институти томонидан тайёрланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бош қомусимиз хусусида сўзлаган нутқлари жамланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий – ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси” мавзусидаги тўплам билан таништирди. Ушбу тўплам кенг жамоатчилик, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, олий таълим муассасаларининг талабалари, илмий тадқиқот марказларининг ходимлари ва илмий тадқиқотчилари, амалиётчи мутахассислар учун фойдали манбаа бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

     Шунингдек, Ф.Отахонов Институт муассислигида нашр этилиб бориладиган Қонунчилик муаммолари ахборотномасининг жорий йилги тўртинчи сони ҳам Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланганлиги, унда Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид илмий мақолалар ўз ифодасини топганлиги ҳақида маълумот берди.

     Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Президентимизнинг Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган байрам табригидаги нутқида таъкидланган “Олий Мажлис палаталари, ҳурматли депутат ва сенаторларимиз, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимларимиз, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлиларимиз, бутун халқимиз бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдирадилар, деб ишонаман”, деган фикрларини ҳаётга кенг тадбиқ этиш мақсадида конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга пухта тайёргарлик кўриш, бу борада дунё конституциявий амалиятини чуқур ўрганиш, хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларини таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan