Маҳаллий вакиллик органлари халқ билан бевосита мулоқот қилувчи, жойлардаги долзарб масалаларнинг ечимини топишда назорат фаолиятини амалга оширувчи, энг асосийси, халқ ва давлат ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажарувчи муҳим восита ҳисобланади. 

             Чунки халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари маҳаллий вакиллик органи сифатида қуйи бўғиндаги муаммоларни бевосита аниқлаш, таҳлил қилиш ва ҳудуддаги мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда уларни бартараф этиш бўйича мақбул таклифларни бериш имкониятига эга.
Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлсада, амалда кутилган натижаларни бермаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятига тўхталиб, ҳудудлардаги долзарб масалалар ечимини топишда маҳаллий кенгашлар ўз ваколатларидан деярли фойдаланмаётганлигини алоҳида таъкидлаган эди.          Хўш, нега, маҳаллий кенгашлар фаолиятида кутилганидек юқори самарадорлик ва ташаббускорликка эришилмади? Буларни қуйидаги тўртта асосий сабаб билан изоҳлаш ўринли бўлади:
          биринчидан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига профессионал тарзда хизмат кўрсатувчи мустақил тузилма мавжуд эмас;
иккинчидан, уларнинг фаолияти учун зарур бўлган харажатларни белгилашда молиявий мустақиллик таъминланмаган;
учинчидан, уларнинг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш маҳаллий ижро ҳокимиятига боғлаб қўйилган;
тўртинчидан, маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилиши кўзда тутилган масалаларни ўз вақтида мукаммал тарзда тайёрлашга эътибор қаратилмаётган эди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида вакиллик органларининг ҳар жиҳатдан мустақиллигини таъминлаш, уларга профессионал тарзда хизмат кўрсатувчи мустақил тузилмани ташкил этиш, маҳаллий кенгашлар фаолиятига замонавий иш услубларини кенг жорий этиш, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг тадрижийлигини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Аввало, айтиш жоизки, мазкур қонун Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида “Маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг иш сифатини ошириш мақсадида уларда доимий асосда ишлайдиган котибият ташкил этиш” тўғрисидаги таклифлари асосида, шунингдек “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 15-бандида белгиланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилди.

          Мазкур қонун вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятида қуйидаги ўзгаришлар ва янгиланишларни назарда тутиши билан аҳамиятли ҳисобланади:
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунининг 20-моддаси биринчи қисмига киритилаётган ўзгартишга кўра, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти томонидан таъминланади”.
Бугунги кунга қадар Тошкент шаҳар ва унинг туманларидаги Кенгашлардан ташқари республикамизда мавжуд 203 та халқ депутатлари Кенгашларининг ташкилий фаолиятига ҳокимликларнинг аппарати томонидан хизмат кўрсатилиб келинмоқда эди.
Маълумки, эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари самарали фаолият юритиб келмоқда. Мазкур эксперимент натижаси ҳар бир туман ва шаҳарда маҳаллий Кенгашларнинг котибиятларини тузиш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатди.
Илғор хорижий давлатлар тажрибасига назарда ташлайдиган бўлсак, Финляндия, Дания, Норвегия, Швеция, Туркия, Россия, Қозоғистон, Грузия, Беларусь каби давлатларда сайлаш орқали шакллантириладиган маҳаллий вакиллик органларига хизмат кўрсатувчи тузилмалар, яъни девон, котибият ва бошқалар ташкил этилган. Бундай тузилмалар турлича номлар билан аталади, хусусан, Финляндияда “Ижрочи бошқарма” (Executive department) бўлиб, Швеция ва Данияда секретариат – котибият, Қозоғистон Республикасида “маслиҳат аппарати” деб номланади.
Бундан кўриниб турибдики, мазкур қонун ишлаб чиқилишига нафақат илғор чет эл ва қўшни мамлакатлар тажрибаси, балки юртимиздаги маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид амалиёт ҳам туртки бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Шунингдек, қонунга киритилган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти юридик шахс бўлиб, унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
          Мазкур ўзгартиш ўз юридик табиатига кўра қуйидаги икки муҳим жиҳати билан алоҳида аҳамият касб этади:
          биринчидан, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятига юридик шахс мақоми берилмоқда;
иккинчидан, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 39-моддасига мувофиқ, юридик шахс алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот ҳисобланади. Шунингдек, юридик шахс мустақил баланс ёки сметага эга бўлади.
Эндиликда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари алоҳида мол-мулкига эга бўлиш, ўз номидан ҳуқуқларни эркин амалга ошириш ва мажбуриятларга эга бўлиш орқали фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектига айланмоқда.
Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти бошқа юридик шахслар сингари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкаларига эга бўлади.
Қонунга киритилган яна бир ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг мудири тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан унинг ваколати муддатига тайинланади, Кенгаши котибияти ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари муддатига боғлиқ бўлмайди. Улар Меҳнат кодексида белгиланган тартиб ва шартларга мувофиқ меҳнат шартномаси асосида фаолият юритишлари мумкин.
Хорижий давлатлардаги бой тажрибалардан хулоса қилган ҳолда айтиш лозимки, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг такомиллаштирилишини назарда тутувчи мазкур қонун мамлакатимизда маҳаллий давлат бошқарувида вакиллик органларининг чинакам мустақиллигини таъминлаган ҳолда халқаро амалиётда ўзини оқлаган тажрибаларнинг ижобий жиҳатларини самарали қўллашга хизмат қилиши билан характерланади.

              Кенг жамоатчилик, хусусан, 6 минг 500 дан зиёд маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида кўплаб муҳокамалар асосида қабул қилинган мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши:
                биринчидан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига бевосита кўмаклашувчи мустақил тузилманинг ташкил қилинишига, у орқали ҳокимликларнинг аппарати, яъни Ташкилий-назорат гуруҳлари зиммасидан ўзига хос бўлмаган вазифаларни соқит қилинишига хизмат қилади;
иккинчидан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши томонидан давлат органларининг фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланишига эришилади;
учинчидан, давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатида таъкидлаганидек, вакиллик ҳокимияти ижро ҳокимиятидан ажраган ҳолда фаолият кўрсатиши ғоясини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.

Умид қиламизки, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари котибиятларининг тузилиши уларга ташкилий ва техник жиҳатдан кўмаклашиш борасида туб бурилиш ясаш билан бир қаторда, маҳаллий даражадаги долзарб масалалар юзасидан вакиллик органининг таъсирчан назорати ўрнатилишига, шунингдек, халқни ўйлантираётган масалаларни самарали ҳал этишга имконият яратиши, шубҳасиз.

Толибжон МАДУМАРОВ

Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиСенати қўмита раиси ўринбосари,Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВЎзбекистон Республикаси Олий Мажлисиҳузуридаги Қонунчилик муаммолари вапарламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи.

Post Views: 946