МЕДИАЦИЯ: ТУШУНЧАСИ, МАҚСАДИ ВА ПРИНЦИПЛАРИ – Қонунчилик муаммолари институти
Эълонлар Янгиликлар

“Жамоатчилик ишончига сазовор бўлган инсонларнинг воситачилиги ва доно маслаҳатлари келишиш йўли билан кўплаб суд ишларининг тугатиши ёки бартараф этиши мумкин”.

                                                      Н. Н. Карамзин

Кўп асрлар давомида медиация давлатлараро алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессионал, диний ва бошқа жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ва парламентда юзага келадиган низоларни баратараф этишда муваффақиятли қўлланилди. 

Бизнинг давримизда медиация ва унинг таркибига кирадиган усулларнинг аҳамияти каттадир. У нафақат оила ва меҳнат низоларида, балки, ҳар қандай даражадаги мулкий муносабатларда, жумладан, компаниялар, корпорация менежменти ва унинг акциядорлари ўртасидаги, шунингдек, халқаро ҳуқуқ субъектлари орасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этишда қўлланилмоқда. 

“Медиация” сўзи лотин тилидаги «mediare» сўзидан олинган бўлиб, воситачилик қилиш, келиштириш мақсадида аралашиш деган маъноларини билдиради. Шунинг учун юридик адабиётларда медиация ва воситачилик тушунчалари синоним ҳисобланади. 

БМТ уставининг 33 – моддасида медиация (воситачилик) низоларни ҳал этиш воситаси сифатида тан олинган. Европа Парламенти ва Кенгашининг 2008 йил 21 майдаги ЕИ 2008 (52) директиваси фуқаролик ва тижорат соҳасидаги медиациянинг айрим аспектларига тааллуқли бўлиб,  медиация тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: “Низонинг икки ёки ундан ортиқ тарафлари улар ўртасидаги низони ҳал қилиш тўғрисида келишувга эришиш мақсадида, мазкур жараён тарафларнинг ташаббуси билан уюштирилганлигидан, суд томонидан таклиф этилган ёки тайинланганлигидан ёки миллий қонунчиликда кўрсатилганлигидан қатъи назар учинчи тарафга ёрдам сўраб мурожаат этиши жараёнидир”.

Медиация (воситачилик)нинг легал таърифи Ўзбекистон Республикасинин “Медация тўғрисида”ги Қонунида белгиланган бўлиб, унга кўра медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.

Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича медиация, фуқаролик – ҳуқуқий низоларни ҳал этишда жуда самарали ҳисобланади. Айниқса, англо-саксон ҳуқуқий тизимида яраштирув жараёнлари ривожланган, шунингдек, медиация Европа давлатларида кенг тарқалган. Охирги ўн йилликда Европа ҳамжамияти доирасида медиацияга ижтимоий муносабатларнинг иштирокчилари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш имкониятларидан бири сифатида мурожаат этиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, 2002 йил Европа комиссияси томонидан фуқаролик ва тижорат ҳуқуқлари бўйича низоларни муқобил ҳал этиш масалалари бўйича Яшил китоб ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда медиация АҚШ, Янги Зеландия, Канада, Австралия, Буюк Британия, Франция, Испания, Италия, Бельгия, Австрия, Германия каби давлатларда кенг ривожланган.

Медиацияни ўрганиш бўйича халқаро тадбирларда унинг самарадорлиги бўйича бир қанча рақамлар келтирилади. Масалан, АҚШда мазкур процедурадан ўтган ишларнинг 95 фоизи суд муҳокамасигача етиб бормаган. Германияда медиациянинг кўрсаткичлари катта таассурот қолдиради – 90 фоиздан кўпроқ музокаралар тарафларнинг келишув битими билан якунланган. Қуйи Саксонияда самарадорлик 97 фоизни ташкил этади. Буюк Британияда 90-95 фоиз низоли ҳолатлар суд муҳокамасигача ҳал этилади. Европада медиациянинг самарадорлиги ўртача 40-80 фоизни ташкил этади.

Медиация кенг қўлланиладиган давлатларда у одил судловга эришишни таъминловчи усуллардан бири эканлиги тўғрисидаги фикр мустаҳкам ўрин эгаллаган. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай. Ҳозирги даврда судларга келиб тушаётган ишлар сони ортиб бораётганлиги сабабли жамият низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини қидирмоқда. Бунга жумладан, низоларни ҳакамлик судлари ва тижорат арбитражлари томонидан ҳал этилиши киради. Низоларни ҳал этишда  охирги натижага эришиш усули  сифатида медиациядан фойдаланиш ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Одатда давлат судлари низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беради, сабаби улар давлат судларидаги ишлар сонини нормаллаштиришга шунингдек, одил судловни самарали амалга ошириш учун зарур шароит яратишга имкон туғдиради.

Медиациянинг мақсади – низо иштирокчиларининг ўз келишмовчиликларини мустақил ҳал қилиш лаёқатига, ўзаро талабларини қондиришга ва ҳар икки тараф учун баравар фойдали бўлган келишувга эришишларига кўмаклашишдан иборатдир.

Бу каби низони ҳал қилиш самарадорлигига низолашаётган тарафларда келажакка йўналтирилган мақсадли ҳаракатлари ҳисобидан кооперация ва коммуникацияга бўлган қобилиятнинг очилиши туфайли эришилади, бу эса низо тарафларига вақтни, пулни ва эмоционал ресурсларини тежашга ёрдам беради. 

Медиациянинг қандай асосий принциплари мавжуд?

Медиация а) махфийлик, б) ихтиёрийлик, в) тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, г) медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.

Махфийлик принципи. Медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас. Медиация иштирокчилари ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас, шунингдек улардан медиацияга тааллуқли ахборотни талаб қилиб олиш мумкин эмас, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ихтиёрийлик принципи. Медиация тарафларнинг медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда ифодаланган ўзаро ихтиёрий хоҳиш-истаги бўлган тақдирда қўлланилади.Медиация тарафлари медиацияни қўллашдан унинг исталган босқичида воз кечишга ҳақли. Тарафлар ўзаро мақбул келишувни муҳокама қилиш учун масалаларни танлашда эркиндир. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш вақтида ярашишга мажбурлаш тақиқланади.

Тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги принципи. Медиация тартиб-таомили медиатив келишув шартларига бир томонлама таъсир кўрсатишни истисно этган ҳолда амалга оширилиши керак. Медиация тартиб-таомили низо хусусида тарафларнинг ҳамкорлиги асосида ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида амалга оширилади. Медиация тарафлари медиаторни, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартибини, медиация тартиб-таомилидаги ўз нуқтаи назарини, бу нуқтаи назарни ҳимоя қилиш усуллари ва воситаларини танлашда, ахборот олишда, медиатив келишув шартларининг ўзаро мақбуллигини баҳолашда тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда уларнинг зиммасида тенг мажбуриятлар бўлади.

Медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принципи. Медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиатор мустақилдир. Медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиаторнинг фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди. Медиатор холис бўлиши, медиация тартиб-таомилини тарафларнинг манфаатларини кўзлаб амалга ошириши ва медиацияда уларнинг тенг иштирокини таъминлаши, тарафларга ўз мажбуриятларини бажариши ҳамда ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши керак. Медиаторнинг мустақиллиги ва холислигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, у медиация тартиб-таомилини амалга оширишдан воз кечиши керак.

Медиация – қандай афзалликларга эга?

Низоларни давлат судларида ҳал этиш билан таққослаганда медиациянинг қуйидаги афзалликлари мавжуд. 

Биринчидан,ҳуқуқларни давлат судларида ҳимоя қилишнинг суд шаклидан медиация жараёнининг асосий фарқи медиаторнинг низонинг моҳиятига нисбатан ўз-ўзидан ҳеч қандай қарор қабул қилмаслиги ҳисобланади. Медиация доирасидаги барча қарорлар фақат тарафларнинг ўзаро розилиги асосида қабул қилинади. Судда низолар судъялар томонидан тарафлар учун мажбурий бўлган ва мажбурий тартибда ижро қилиниши мумкин бўлган қарорлар чиқариш йўли билан тугатилади.

Иккинчидан,судларда ишларнинг кўплиги ва ишларни кўриб чиқиш ойлаб чўзилганлиги туфайли медиация орқали низоларни ҳал этиш вақтнинг тежалишига олиб келади, кўпинча бир иш бўйича низолар иккинчи ва учинчи инстанцияда давом этади, ютқазган тараф суд ҳужжатлари устидан шикоят қилади. Юридик ёрдам олишга сарфланадиган харажатлар суд жараёнининг давом этиш муддати билан узвий боғлиқ бўлганлиги туфайли низоларни тезкорлик билан ҳал қилиниши медиациянинг тежамкорлигини билдиради. 

Учинчидан.медиация ўзгарувчан жараён ҳисобланиб,  тарафлар низони кўриб чиқиш жараёнини ўз хоҳишига кўра тартибга солишлари мумкин, уларга муаммони муҳокама этиш учун эркин шароит яратилади. Шу билан бирга медиаторнинг ўзи ҳам тарафларга низони ҳал қилиш йўлини топишга ёрдам беради. 

Тўртинчидан, суд ишининг оммавийлиги, ошкоралиги ва очиқлигидан фарқли равишда медиация жараёнига махфийлик хосдир. Тарафлардан олинган барча маьлумотлар, «девордан ташқарига чиқмайди» ва медиаторнинг фаолияти тугагандан сўнг унинг барча ёзувлари йўқ қилиниши лозим.

Бешинчидан,суд қарорлари ҳар доим ҳам тарафлар истаган оқибатга олиб келмайди (камида бир тараф ишнинг натижасидан норозилигича қолади) ва бу ҳолат келажакда суд қарорларини нафақат ихтиёрий бажаришдан бош тортилишига, балки бажаришга мажбурий тўсқинлик қилинишига олиб келади. Медиация давомида барча қарорлар тарафларнинг икки томонлама келишувига кўра қабул қилинади ва иккала тараф ўзлари томонидан биргаликда қабул қилинган қарорларини ихтиёрий равишда бажариш мажбуриятини оладилар.

Олтинчидан, медиациянинг рад этиб бўлмайдиган устунликлари ичида тарафлар ўртасидаги яхши, дўстона муносабатларни сақлаб қолиш ҳисобланади. Медиация айниқса, мулкни тақсимлаш, эр-хотинлар, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш, меҳнат низоларини ҳал этиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда самарали ҳисобланади.

Медиаторнинг роли

Медиациянинг моҳияти музокараларда ўз аксини топади. Уларнинг муваффақият билан тугаши учун нафақат тарафларнинг келишмовчиликни енгишга интилиши ва иродаси, балки медиаторнинг  қобилияти ва тажрибаси ҳам муҳимдир. Жамиятнинг медиацияга бўлган талаби шунга олиб келдики, натижада дунёда 30 йил олдин секин-аста янги касб – медиатор касби шакллана бошлади. Медиаторлар фаолияти вужудга келган муаммолар, келишмовчилик ва низоларни ҳал қилишга ёрдам беришга қаратилган. Медиатор далилларни ўрганмайди ва тарафларнинг талаблари қонунийлигига баҳо бермайди, унинг асосий вазифаси – тарафлар орасида ўзаро тушунишни таъминлаш, ҳамма иштирокчилар учун мақбул бўлган шароитларда муаммони ҳал қилиш имкониятини амалга оширишни аниқлаш ва ёрдам бериш ҳисобланади. Медиатор вазият ва унинг орқасида турган тарафларнинг ҳиссиёт, манфаат, хоҳиш ва талаблари олдин айтилиши, кейин эшитилиши, ва ниҳоят, ҳамма иштирокчиларга тушунарли бўлиши учун мумкин бўлган ҳамма нарсани қилади. Фақат шундан кейингина медиаторнинг фаол иштироки билан далиллар қайта кўриб чиқилади ва биргаликдаги қарор яъни, барча тараф учун мақбул бўлган низонинг ечими ишлаб чиқилади. Бу жараён нафақат низо ва унинг натижасида келиб чиқадиган салбий ҳиссиётларни енгишга имкон беради, балки келажакда ишонч асосида янги келишувларга эришишга ҳам ёрдам беради.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси, юридик фанлар доктори, профессор в.б