Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқи: Ёшлар парламенти аъзолари эътиборида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Акбаршоҳ Тешабоев, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси раиси: 

— Тугалланиб бораётган 2020 йил дунё тарихида энг синовли йил эканлиги билан муҳрланиб қолса ажаб эмас. Бироқ шундай мураккаб ва оғир вазият бўлишига қарамай Ўзбекистонда аҳолини, айниқса ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга муносабат бутунлай ўзгариб, янги ва завонавий тус олмоқда. Жорий йилнинг 25 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв иштирок этиб, ёшлар ҳаётида ҳал қилиниши зарур бўлган долзарб масалалар тўхталиб, улар юзасидан аниқ таклиф ва ташаббусларни билдирди.

Хусусан, муҳтарам Юртбошимиз ўз нутқида “яқинда ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилганлиги, ушбу тажриба доирасида пойтахтимизда ўтказилган “Ёшлар ойлиги”да ёшларнинг муаммолари, таклиф ва истаклари “маҳаллабай” ўрганилганлиги ва уларнинг ечимлари бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилган”лигини алоҳида таъкидладилар.

Ёшлар муаммоларини маҳалла ва оилалар кесимида ўрганиш амалиётининг илк тажрибалари ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ёшларга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли асосда ўрганиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш вазифаси мутасадди ташкилотларга юкланган ҳолда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ва эзгу ишлар бизни қувонтирган ҳолда, келгусида юксак марраларни эгаллашимиз учун ҳам мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Шерозбек Додоев, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари:

 — Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида биз ёшларга қилган маърузаларида ёшларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиши кераклиги ҳақида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, мазкур ташаббус ўз ҳаётий аҳамиятига эга эканлиги билан алоҳида эътиборга лойиқ. Бугунги кунда мамлакатимиздаги кўплаб ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётганлиги давлат ва жамиятдаги энг оғриқли масалалардан биридир. Ёшлар форуми доирасида Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган мазкур ташаббус Ўзбекистон ёшларига қаратилаётган эътиборнинг яққол далилидир ва адолат мезонидан келиб чиқиб, уларнинг мурожаатларини, таклифларини, арзу ҳолини эшитиш учун рақамли технологияларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш айни кунда қилиниши зарур бўлган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

 Ширин Раҳимова, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари:

 — Жорий йилнинг 25 – декабр санаси юртимиз ёшлари учун унитилмас кун бўлди. Бу кун Ватанимизда илк бор минглаб ёшларни бирлаштирган Ўзбекистон ёшлар форуми ташкил қилинди. Энг қувончлиси, Форумда муҳтарам Президентимизнинг фан, таълим, маданият, санъат ва спорт соҳаларида шу қадар улкан ташаббусларни билдирдиларки, уларни эшитиб биз ёшлар Ўзбекистон фарзанди эканлигимиздан, оталарча меҳрибон Юртбошимиз борлигидан янада ғурурландик.

Президентимизнинг “Олимпия кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилиши белгиланди деганларида спортчи сифатида ушбу янгиликдан бошим осмонга етди. “Мана, сизлар каби навқирон ва азамат ёшларнинг ўз куч ва маҳоратини кўрсатиб, Ватанимиз байроғини юксакларга кўтаришлари учун яна бир зўр имконият” деганларида эса спортчиларга бўлган юксак ишончини яна бир бор ҳис қилдим. Aлбатта, бу каби нуфузли мусобақада ғолиб бўлишни ҳар бир спортчи хоҳлайди. Президентимиз мусобақага тайёргарлик кўришнинг, кучлилар ичидан энг кучлиларни саралашнинг аниқ механизимини ҳам аниқ белгилаб бердилар. Осиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича туман, шаҳар, вилоят ва республика чемпионатлари, “Ҳоким кубоги” мусобақалари ташкил қилиш орқали Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга муносиблар сараланадиган бўлди.

Президентимизнинг спорт соҳасини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари, ёш спортчиларга улкан ишонч бериб, юксак ғалабаларга эришишимизга куч бағишлайди. Ишонтириб айтамизки, биз ёш спортчилар ушбу ишончни, албатта, оқлаймиз!

Рустамхон Котибов, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси аъзоси:

— Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 25 декабр санасида Республика Ёшлар форумида биз ёшлар билан мулоқотда янги Ўзбекистон ёшларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб муҳим таклифларни бериб, келаётган 2021 йилдан ёшлар ҳаётида туб бурилиш бўлишини таъкидладилар. 

Хусусан, Президентимиз икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш бўйича янги амалиётни жорий этиш юзасидан амалий ташаббусни илгари сурди. Дарҳақиқат, бугунги кунда кўплаб оилаларнинг икки ва ундан фарзандлари олий таълим муассасида шартнома асосида ўқимоқда. Юртбошимиз бир неча фарзанди шартнома асосида ўқиётган оила фарзандларини рағбатлантириш мақсадида уларга кредитни фарзанди олий таълимни битириб ишга жойлашгандан сўнг қайтариш амалиётини жорий этиш амалиёти жорий этилиши ҳақида таъкидлади.

Мазкур янги амалиёт, ўз навбатида, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак этибор, оилаларни моддий рағбатлантириш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшларни таълим олишлари учун имкониятлар эшигини очиб бериши билан аҳамиятлидир.

Наврўзбек Норқулов, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси аъзоси:

— Куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумидан бутун ёшлар улкан мотивация олдилар, десак муболаға бўлмайди. Чунки шахсан давлат раҳбарининг иштироки ушбу форумга ўзгача руҳ бағишлади. Президентнинг ёшлар билан очиқ мулоқотга кириши, авваламбор, ёшларнинг давлатдаги ролини оширибгина қолмасдан, уларнинг замонавий интелектуал салоҳияти давлатнинг ривожланиши учун муҳим эканлигини яна бир бор исботлаб берди. Бугунги дунё ривожланишини ёш кадрларсиз тасаввур қилиш қийин.

Форум доирасида Президентимиз малакали ёш кадрлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи жуда долзарб бўлиб турган бир паллада Юртбошимиз: “ташкилотлар ёш мутахассисни ишга олишдан манфаатдор бўлиши кераклиги” ҳақида таъкидлаб, Ҳукуматга бу борада аниқ топшириқларни берди.

Мазкур ташаббус асосида бериладиган янги имтиёзлар ва яратиладиган янги тартиблар иш берувчи ва ёш кадрлар учун айни муддао бўлади. Давлат раҳбарининг ёш кадрларни ишга жойлаш борасидаги билдирган янги ташаббуслари меҳнатсевар ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб беришига ишонамиз.

Гулбону Қуватова, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбарининг илк бора янги шаклда ўтказилаётган ёшлар учрашуви ҳақида фикрлари ва таассуротлари билан ўртоқлашаётганида менда жуда кучли фахр ва ғурур туйғуси вужудга келди. Айниқса, очиқ чеҳра билан Ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги дея таъкидлаб айтган фикрлари ҳар бир ёшни қувонтиради, Ватанни севишга чорлайди.

Форум доирасида Президентимиз томонидан “Ёшлар+1”, “Бизнес инкубатр”, “Ёшлар IТ парклари” каби лойиҳаларнинг амалётга тадбиқ этилишига доир таклифлари барча ёшларга катта мотивация берди.

Шунингдек, Президентимиз, эндиликда, Зулфия номидаги давлат мукофоти, Ниҳол мукофоти совриндорлари, спортчилар ва иқтидорли ёшларни доимий рағбатлантириб туриш ва ҳокимликларнинг олтин заҳирасига олинишини айтганларида, ҳеч бир соҳа давлатимиз Раҳбарининг эътиборидан четда эмаслигига гувоҳ бўлдим.

Оталарча ёниб фарзандларим, ўғил-қизларим деган гапларни эшитган ҳар бир Ўзбекистонлик йигит-қизнинг юрагида Ватан ишқи аланга олиши аниқ. Ёшлар форуми мен ва мен каби йигит-қизларни бир жойда бирлаштирди!

Муроджон Набижонов, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси аъзоси:

— Ҳар бир мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаёт тарзини барча соҳалари ривожланишининг асосини таълим тизими ташкил этади.

Шундан келиб чиқиб сўнгги йилларда юртимиз таълим тизимининг барча босқичида ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, айниқса, буни олий таълим тизими қамровининг ортиб бораётганлиги мисолида кўришимиз мумкин.

Жорий йилнинг 25 декабр куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида нутқ сўзлаб, ёшлар билан ўтказган мулоқотларида 2021-ўқув йилидан бошлаб республика миқёсида олий таълим муассасаларига кириш имтихонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун махсус Президент гранти жорий этилиши юзасидан таклиф билдирди. Шунингдек, мазкур грантнинг амал қилиш муддатини тўрт йил деб белгиладилар.

Шунингдек, Юртбошимиз келгуси ўқув йилидан республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичида таълим олувчи талабалар учун ҳам Президент ва номдор давлат стипендияларини жорий этилишини таъкидладилар. Ушбу ташаббуслар мамлакатимиз олий таълим тизимининг қамрови талабларга мутаносиб тарзда ортишига ва соҳада соғлом рақобат муҳитини яратган ҳолда таълим сифатининг ҳам ошишига хизмат қилади.

Юртбошимиз томонларидан биз ёшларнинг олий таълим олишимиз учун яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мамлакатимизда Учинчи ренессанснинг пойдеворини қуришда бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қиламиз!

Жаҳонгир Бозоров, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси аъзоси:

— Ўзбекистон тарихида илк бора ташкил этилган Ўзбек ёшлари Форумида 3 минг 300 нафардан зиёд, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафар йигит-қиз қатнашди.

Форумда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 га яқин таклифларни илгари сурдилар. Хусусан, Юртбошимизнинг ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича билдирган ташаббуслари, айниқса, биз ёшларни жуда қувонтирди.

Президентимиз ўз нутқларида “Бугунги кунда ўғил-қизларимизни қийнаётган жиддий муаммолардан бири – ўқишни тамомлаган ёшлар бандлигини таъминлашдир, кўплаб мактаб ва коллеж битирувчилари, баъзан олий маълумотли йигит-қизлар ҳам иш топишда қийинчиликка учрамоқдалар”, деб таъкидлаб, ушбу ҳолатни самарали ҳал этиш бўйича аниқ ечимларни бердилар. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасига иш берувчиларга ёш кадрларни ишлатган даври учун тегишли имтиёзлар тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш вазифасини топширдилар”.

Мазкур Форумда бугунги кунгача биз ёшларни қийнаб келаётган ҳолатлардан бирига ечим топилди, десак, муболаға бўлмайди. Ёшларимиз умумий ўрта таълим мактабларини маълум бир соҳа мутахассиси ёки касб ҳунар эгаси сифатида битирсалар келажакда уларда ишсизлик муаммоси бўлмайди.

Зумрад Қаршибоева, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жиноятчиликни олдини олиш масалалари қўмитаси аъзоси:

— Ҳозирги кунда аксарият ёшларимизнинг ўзларининг бизнес лойиҳалари учун кам фоизли имтиёзли кредитларни олишда муайян қийинчиликлар мавжуд. Мазкур жараёндаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон ёшлари форумида кўплаб амалий таклифларни билдириб, уларни амалга ошириш бўйича зарур топшириқларни берди. Хусусан, ёшларнинг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алохида жамғарма ташкил этилиб, унга 100 млн доллар маблағ ажратилиши таъкидланди. Бунда Жамғарма ҳисобидан ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар тадбиркорлик бўйича ўқитилиб сертификат билан тақдирланиши ҳамда уларга 3 йиллик имтиёзли давр билан кам фоизларда 7 йилга мўлжалланган кредитлар берилиши кўзда тутилган.

Мазкур таклиф ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасидаги ишларнинг янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Мен ҳам ёш тадбиркор сифатида ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, Она ватаним ривожи учун ўз муносиб ҳиссамни қўшишни олий мақсад сифатида ўз олдимга қўйганман.

Олий мажлис қонунчилик палатаси

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan