Тадбиркорлик соҳасини иқтисодиётимиз “драйвери”га айлантириш йўлида олиб бораётган ислоҳотларда Парламентнинг барча имкониятлари сафарбар этилади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 16 июнь куни Савдо-саноат палатасининг навбатдаги Қурултойи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т.Нарбаева, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг Спикери Н.Исмаилов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Гулямов, сенаторлар ва депутатлар қатнашди.

Шунингдек, ҳудудлардан сайланган делегатлар, қатор вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Т.Нарбаева кириш сўзи билан очиб бериб, республикамизда тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли чора-тадбирлар, соҳада яратилган шарт-шароитлар ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган сай-ҳаракатларига тўхталиб ўтди.

Натижада охирги тўрт йилда экспортга жалб этилган корхоналар сони қарийб 2 баробар кўпайиб, 7 мингтага етди. Улар томонидан 1 минг 300 дан ортиқ маҳсулот экспорти ўзлаштирилди.

— Бугунги кунга қадар Палата томонидан 103 мингдан ортиқ фуқаро тадбиркорлик асосларига ўқитилгани, жорий йилда яна 140 мингдан ортиқ ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича иш олиб борилаётгани айниқса эътиборга сазовордир.
Президентимиз томонидан тадбиркорлик соҳасини иқтисодиётимиз “драйвери”га айлантириш йўлида олиб бораётган ислоҳотларда Парламентнинг барча имкониятларини сафарбар этамиз, —деди Сенат Раиси.

Шунингдек Палата Қурултойи давомида Бизнес-омбудсман Д.Касимов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р. Давлетов ўз йўналишлари доирасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот беришди.

Қурултойда  Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг 2017-2021 йиллардаги фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилди ва навбатдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида — тизимга малакали кадрлар жалб қилиниб, тадбиркорлар манфаатида судларга 400 мингга яқин даъво аризалар киритилди.

Шунингдек, тадбиркорлар иштирокида халқаро даражада юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш бўйича Палата ҳузурида “Тошкент халқаро арбитраж маркази” ташкил этилиб, халқаро даражадаги арбитрлар жалб этилиб, тижорат низолари кўриб чиқилиши йўлга қўйилди.

Палата томонидан ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилиб, вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 3,3 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш юзасидан ваколатли орган сифатида Жамоатчилик экспертизаси ўтказилди.

Ушбу лойиҳаларнинг қарийб 58 фоизида тадбиркорлик фаолиятида қийинчилик туғдирадиган ва коррупцияга шароит яратувчи нормалар аниқланиб, Палатанинг эътироз ва таклифлари асосида ҳужжатлар қайта ишланди.

Қурултойда тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш  соҳасида Палатанинг олиб борилган ишлари,  аҳоли ўртасида бизнесни оммалаштириш,  тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш, ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш ва бошқа олиб борилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида хам тизимли ишлар амалга оширилиб, республикамиз иқтисодиётини жаҳон иқтисодий жараёнларига интеграциялашувини таъминлаш бўйича Савдо-саноат палатаси томонидан хорижий Палаталар ва ҳамкор ташкилотлар билан 89 та ҳамкорлик битимлари тузилган.

Палата кўмагида 600 дан ортиқ хорижий  капитал иштирокидаги корхоналар ташкил этилиб, жалб этилган инвестициялар қиймати 847 млн АКШ долларни ташкил этади.

Қурултойда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Президиумини сайлаш, Палата Тафтиш комиссиясининг ҳисоботини эшитиш, Палата Уставига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масалалари овозга қўйилиб, делегатлар томонидан тасдиқлаб олинди.

Кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

O’zbekcha | На русском

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan