Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ўрганиб чиқилди ва қуйидагилар аниқланди.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Қонун нормаларининг аксарияти умумий тусга эга бўлиб, Фуқаролик кодекси нормаларини такрорлаган. Шунингдек, темир йўл транспорти соҳасига оид аксарият ижтимоий муҳим масалалар тизимлаштирилмаган, катта ҳажмдаги қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинмоқда.
Бугунги кунда темир йўл транспорти билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар 30 та (ўзгартиш киритиш ва ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақидагилари бундан мустасно) қонуности хужжатлари билан тартибга солинмоқда, улардан 8 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, 18 таси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 4 таси вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар.
Таҳлиллар «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонунда ушбу соҳани самарали ҳуқуқий тартибга солишга тўсқинлик қилувчи бир қатор ҳолатлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Қонун нормаларининг ижросини таъминлашнинг самарали механизмлари мавжуд эмаслиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида муайян қийинчиликларни туғдирмоқда.