2021 йил 17 июнь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси ўринбосари А.Касымалиева билан учрашди.
Учрашувда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари, жумладан Ўзбекистон раислик қилган Мулоқотнинг Ҳаракатлар режасини амалга ошириш доирасидаги масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек жорий йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши кўзда тутилган тадбирлар ҳамда Қирғизистоннинг раҳбар аёллари иштироки муҳокама этилди.

А.Касымалиева Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, шу жумладан, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолади ҳамда Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг барча соҳаларига эътибор қаратилишини таъкидлади. Куни кеча бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” халқаро форуми аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фикрлар ва илғор тажриба алмашиш майдонига айланди.

Учрашувда, шунингдек, икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш учун парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигига урғу бериб, турли даражада ташрифларни ташкил этишга тайёрлигини тасдиқлади, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида парламентлар аъзолари иштирокида қўшма тадбирлар ўтказиш ва доимий мулоқот олиб бориш, умумий қадриятлар ва анъаналарни сақлаш ва тарғиб қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш, шунингдек, БМТ, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ ПА, МДҲ ПА ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда биргаликдаги ташаббусларни тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш давлатлараро муносабатларни ривожлантиришга ва икки мамлакат халқлари фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.