Чўл бағридаги янги мўъжиза – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўтган ҳафта юртимиз ҳаёти катта воқеаларга бой бўлди — иқтисодиёт драйверига айланиши кутилаётган йирик қувватга эга мегалойиҳалар ишга туширилди. Улардан бири Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводи бўлиб, 25 декабрь куни давлатимиз раҳбари мазкур мажмуани тантанали очиб берди.

Шўртан газ-кимё мажмуаси яқинида жойлашган янги завод Ўзбекистоннинг табиий газ экспортини кескин камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Энди газ хомашёси ўзимизда нефть-кимё ва кимё саноатида юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлатилади, четга қайта ишланган ҳолда, аввалгидан қиммат нархларда сотилади. Шу жиҳатдан, бу лойиҳани мамлакатимиздаги 1-энергетика кластери дейиш мумкин. У юртимиз, умуман, минтақада нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхона сифатида иш бошлади.

Бугун Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиё хорижий инвесторларда суюлтирилган синтетик ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш бўйича юқори қизиқиш уйғотмоқда. Бу табиий газнинг катта захиралари мавжудлиги, ушбу ресурсларни тижоратлаштиришдаги қийинчиликлар ва транспорт ёқилғисини етказиб бериш каби даврий муаммолар билан боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, Қашқадарё вилоятида бунёд этилган “Uzbekistan GTL” заводи юртимизга кириб келаётган хорижий инвестицияларнинг жиддий ўсишига олиб келади. Йирик лойиҳа келгусида мамлакатнинг табиий газни чуқур қайта ишлаш салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Завод Ўзбекистоннинг янги саноат марказига айланади.

 Мажмуада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, айниқса, Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика мустақиллигини таъминлаш ва ошириш, углеводород хомашёси импортини кескин камайтириш, ички бозорни юқори сифатли ҳамда экологик тоза ёқилғи билан таъминлайди. Лойиҳа юртимиз қишлоқ хўжалиги, кон-металлургия ва транспорт саноати учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, нефть-кимё ва бошқа хомашёларни қайта ишлаш мамлакатда жадал ривожланаётган тўқимачилик саноати эҳтиёжларини қондиради. Авиация ёқилғисининг ишлаб чиқарилиши эса республиканинг Осиё ва Европа ўртасида ҳаво хабига айланишга қаратилган мақсадига эришишга ёрдам беради.

Заводда йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Кўриниб турибдики, бу кичик кўрсаткич эмас, унинг иқтисодиётдаги аҳамияти ҳам шунга яраша салмоқли. Биргина авиакеросинни оладиган бўлсак, у бошқа заводларникига нисбатан жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб бор. Умуман, ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади. Натижадорлик жиҳатидан айтганда, бу ерда табиий газ 3 баробар юқори қийматли тайёр маҳсулотларга айлантирилади.

Дунёда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш талаби кун сайин ошиб боряпти. Бу атроф-муҳит, экология хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бирига айланган. “Uzbekistan GTL” маҳсулотлари эса жаҳондаги энг юқори экологик талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда тайёрланадиган синтетик ёқилғи анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан, йилига 13 минг 500 тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмайди.

Яна бир муҳим жиҳат, заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида Евро-6 стандартларига мос бўлади. Бу маҳсулотлар мамлакатимиздаги логистика марказларини ривожлантириш ва авиация хабларини ташкил қилишга мустаҳкам замин яратади.

Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади. Шу боис, янада юқори қўшилган қийматли бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализатор каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган.

Бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади. Завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 та мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, барпо этилаётган янги газ-кимё кластери мамлакатимиз саноати ривожига қудратли туртки бериб, унинг юксалишига катта ҳисса қўшади. Зеро, юртимизда замонавий саноатни шакллантиришда кимё ва нефть-газ кимёси соҳалари асосий “драйвер”лардан бўлиши учун амалий режалар белгилаб олинган.

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan