Янги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятининг дастлабки йили – 2020 йил жуда воқеликларга бой ва сермаҳсул бўлди. Парламентимиз ҳаётидаги асосий сиёсий воқеалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил давомида икки маротаба парламентга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномаси билан узвий боғлиқ ҳолда кечди. Президентимизнинг
2020 йил 24 январдаги Мурожаатномаси парламентнинг 2020 йилги иш режаси учун асос сифатида олинган бўлса, яқинда куни кеча бўлиб ўтган Мурожаатнома парламент фаолиятининг яқин истиқболдаги стратегик йўналишларини белгилаб берди.
Президентимиз томонидан ҳар йили парламентга Мурожаатнома йўллаш институти замонавий Ўзбекистондаги муҳим воқеликка айланиб, мамлакатимиз сиёсий тизимида катта аҳамият касб этмоқда.
Ҳозирги вақтда Президент томонидан парламентга Мурожаатнома йўллаш институти давлат ва жамиятни барқарор ривожлантиришни стратегик жиҳатдан самарали режалаштиришни таъминловчи муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён сифатида қарор топди.
Мамлакатимиз етакчиси Ш. Мирзиёев барча давлат органларини халқ билан мулоқот қилиш ва маслаҳатлашишга, фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олишга ҳамда ижтимоий якдилликка эришишга сафарбар этиб жамият билан мулоқотининг шундай шаклини йўлга қўйди ва уни мувафақиятли амалга ошириб келмоқда.
Ҳозирги вақтда шундай ноёб тизим яратилдики, Президентимиз Мурожаатномасининг мазмуни барчамиз учун давлат раҳбарининг мавжуд муаммоларга нисбатан нуқтаи назарлари йиғиндиси эмас, балки жамиятимиздаги барча долзарб масалалар ва муаммоларни қамраб олган, шу билан бирга давлат ва жамиятни барқарор ривожлантиришга хизмат қиладиган кенг кўламли вазифалар белгилаб берилган яхлит дастурий ҳужжатга айланди. Биз айнан Президентимиз Мурожаатномалари орқали жамиятимизни жипслаштиришга, жамоатчиликнинг, фуқароларнинг ва манфаатлар гуруҳларининг хоҳиш-истакларини энг юқори даражада ҳисобга олишга эришиш йўлидаги муҳим қадамларни ташлашга муваффақ бўлдик.
Президентимиз томонидан парламентга йўлланган тўрттала Мурожаатноманинг ўзига хос муҳим жиҳати, ҳеч шубҳасиз, уларнинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилганлигидадир.
Чунки, мамлакатимиз Президенти бу Мурожаатномаларда тараққиётимизнинг муҳим глобал вазифаларини баён этар экан, оддий фуқароларнинг хоҳиш-истаклари ва манфаатларини бир зум бўлса ҳам ёдидан чиқармайди. Мурожаатномаларда илгари сурилган барча ташаббуслар фақат ва фақат халқ фаровонлиги ҳақида қайғуриш, мамлакатимиз фуқароларининг хавфсиз ҳаёти асосларини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли амалга ошириш учун барча шарт-шароитларни яратиш руҳи билан ҳамоҳанг бўлди.
Президентнинг парламентга Мурожаатнома йўллаш институти жорий этилганлиги давлатимиз раҳбарининг демократик давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, халқнинг давлат институти билан очиқ мулоқоти учун амалий муҳитни шакллантиришга бўлган интилишининг ёрқин ифодасига айланди.
Президентимиз сиёсий йўлининг асосий қоидалари ҳозирги замонавий сиёсатда шаклланиб бораётган янги ва ҳақиқий (амалий) инсонпарварлик мафкурасининг таркибий қисмидир деб ишонч билан айтиш мумкин. Ўзбекистон Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг янги ғоялар билан йўғрилган инсонпарварлик сиёсати асосини халқимизнинг туб манфаатлари ташкил этади ҳамда бу сиёсат бевосита шу манфаатларни ҳимоя қилишга ва уларни илгари суришга қаратилгандир. Бу йўлнинг муҳим йўналишларидан бири шахсни ҳар томонлама камол топтиришни таъминлаш, юксак маънавий-ахлоқий инсонпарварлик тамойиллари ва адолат принциплари асосида жамиятни бошқаришнинг янги ҳуқуқий механизмларини шакллантириш мақсадида мамлакатда янгича бунёдкорлик муҳитини ривожлантиришдан иборатдир.
Халқаро майдондаги бошқа сиёсий етакчилар орасидан айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти Учинчи Ренессансни амалга ошириш ғоясининг муаллифи бўлганлиги бежиз эмас. Биз Ўзбекистон Президентининг парламентга Мурожаатномаларида ва бошқа нутқларида баён этилган ғояларнинг мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил этар эканмиз, юртбошимизнинг жамиятда инсон энг асосий қадрият сифатида қадрланадиган, давлат аппаратининг барча ресурслари халқнинг манфаатлари учун хизмат қилишга, инсонларнинг ҳар томонлама камол топишига йўналтириладиган муҳитни шакллантиришга бўлган қатъиятли интилишини кўрамиз.
Шу нуқтаи назардан Президентимиз Мурожаатномасида таълим тизимида юксак малакали ўқитувчилар бўғинини шакллантириш, самарали соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолатларини, шу жумладан меҳнат қилиш, хавфсиз ҳаёт кечиришга, ўз фикрларини эркин билдиришга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш зарурлиги тўғрисидаги жуда муҳим амалий ташаббуслар илгари сурилганлиги ҳам бежиз эмас.
Мамлакатимиз парламенти Президентимизнинг ҳар бир Мурожаатномасини юксак эътибор ва улкан масъулият билан қабул қилиб, уни амалга оширишнинг барча босқичларида самарали иштирок этиш учун бор имконияти ва салоҳиятини ишга солмоқда.
Бунда парламентимиз, энг аввало, Мурожаатноманинг ҳокимият вакиллик органлари тизими фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган қоидаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунга қадар Президентимиз томонидан йўлланган ҳар бир Мурожаатноманинг ҳар бир қоидаси, Мурожаатнома бўйича ишлаб чиқилган давлат дастурларининг ҳар бир тегишли банди парламентимиз томонидан тўлиқ бажариб келинмоқда.
Маълумки, парламентнинг муҳим вазифаларидан бири ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан таъсирчан ва самарали парламент назоратини ўрнатишдан иборатдир. Шу нуқтаи назардан Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларнинг ўта муҳим эканлигидан келиб чиқиб, парламент ўзининг назорат-таҳлил фаолиятини ташкил этишда биринчи навбатда Президент Мурожаатномасидаги қоидаларнинг бажарилиш жараёни юзасидан қатъий ва ҳар томонлама парламент мониторинги тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ҳозирги вақтда бу вазифаларни ҳал этиш учун Олий Мажлисга барча зарур ваколатлар берилган ва у ушбу вазифаларни самарали бажариш учун етарлича ташкилий ва интеллектуал салоҳиятга эга. Қонунчилик палатасида ҳукуматнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим масалалари, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини, Бош вазирнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг айрим муҳим масалалари юзасидан ҳисоботини тизимли асосда эшитиш билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботлар ҳам мунтазам равишда эшитилмоқда ва ушбу дастурлар ижросининг бориши юзасидан ҳар томонлама мониторинг олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаат билан чиқадиган барча йиғилишлар бутун мамлакат миқёсида улкан ва кенг кўламли ишларни бошлаб юбориш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Мурожаатнома эълон қилинган ондан бошлабоқ сиёсий партиялар фракциялари, Қонунчилик палатаси қўмиталари ва комиссиялари унда баён этилган ғояларни инобатга олган ҳолда, ўзининг истиқболдаги иш режаларини шакллантириб, тегишли давлат дастурига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқмоқда. Бу таклифларни ишлаб чиқиш Президентимиз ташаббусларини кенг жамоатчилик вакиллари, илмий ва эксперт доиралари билан атрофлича ҳамда очиқ муҳокама қилиш муҳитида амалга оширилмоқда.
Бу жараён ҳам Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев сиёсий йўлининг яна бир муҳим концепцияси – фуқароларнинг кенг иштирокини таъминлаш ғояси билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистон Президентининг сиёсати мамлакатимиз фуқаролари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда ва бу фуқаролар фаол иштирок этадиган амалий муҳитнинг шаклланишида ўз ифодасини топмоқда.
Маълумки, фуқаролар иштироки деганда фуқароларни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа сохаларга оид қарорларни муҳокама қилиш, ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, уларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатиши ҳамда ушбу қарорлар ижроси устидан назоратни амалга ошириши тушунилади. Бу эса фуқаролик жамияти ва демократик давлатнинг энг муҳим принципи ҳисобланади.
Ўзбекистон айнан Ш. Мирзиёев етакчилиги йилларида жамият ва давлатнинг келгуси тараққиётига тааллуқли муаммолар бўйича қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фуқаролик жамияти билан давлат ҳокимияти органлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликнинг узлуксиз, кўп босқичли жараёнини амалга татбиқ этишга муваффақ бўлди. Бу жараён давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти ўртасида ҳар икки йўналиш бўйича амалга оширилиб, иштирокчиларнинг бир-бирини тушунишига, ахборот билан таъминланишига кўмаклашувчи чора-тадбирларни, фикр-мулоҳазалар ва хоҳиш-истакларни тўплаш ҳамда мавжуд муқобил вариантларнинг энг мақбулини танлашни ўз ичига олади.
Фуқаролар иштирокига очиқлик ҳамда ошкоралик принципларини таъминламасдан туриб эришиб бўлмайди ва Президентимиз бу принципларни ҳимоя қилишни ўзи учун энг муҳим вазифалардан бири сифатида танлаб олган. Жамиятда очиқ ахборот-коммуникация воситаларининг, замонавий инновацион муҳитнинг мавжудлиги ҳам мамлакатимизда фуқаролар иштирокини фаоллаштиришга кўмаклашади.
Фуқароларй иштирокини таъминлаш жараёнларида мамлакатимиз парламенти муҳим ўрин тутади. Депутатлар Президентимизнинг ташаббусларини амалга ошириш давомида доимо жамиятимиздаги воқеликларнинг энг қайноқ нуқталарида бўлиб, қонунларнинг амалда самарали қўлланилишини таъминлашга, аҳоли ўртасида фаол ахборот-тушунтириш ишларини олиб боришга ҳаракат қилмоқдалар, фуқароларнинг фаоллигини таъминлаш учун воситачи сифатида фаолият кўрсатмоқдалар.
Ўтган сўнгги тўрт йил ичида мамлакатимиз Президенти олиб борган сиёсат натижасида Ўзбекистонда миллий парламентаризм тизимини ривожлантириш асослари шакллантирилди.
Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев томонидан давлат бошқаруви тизими соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар халқ ҳокимиятчилиги механизмларини кучайтиришга, давлат ҳокимияти тармоқларининг том маънодаги ва чинакам мустақиллигини ҳамда бирлигини таъминлашга, парламентнинг халқ манфаатларини ифодаловчи, демократия ва ҳуқуқий давлатнинг асосий принциплари бажарилишини таъминловчи орган сифатидаги ролини кучайтириш учун хизмат қилмоқда.
Булар эса, ўз навбатида, ҳам республика парламенти даражасидаги, ҳам маҳаллий Кенгашлар даражасидаги вакиллик ҳокимияти органларининг бутун тизимини ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Президентимиз барча даражалардаги депутатларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, уларни ўз халқининг ҳақиқий вакили бўлишга, ўзига қонун билан берилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, фуқароларни ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этишни таъминлашга, халқчил ўзини ўзи бошқариш жараёнини қўрқмасдан ва самарали тарзда амалга оширишга чақирди.
Мамлакатимизда парламентаризм тизими фаол ривожланиб бораётганлиги Ўзбекистонда кейинги вақтларда қарор топган сиёсий режим демократик руҳга эга эканлигининг яна бир далилидир. Зеро, тўлақонли парламентаризм фақат демократия қарор топган мамлакатларда мавжуд бўла олади. Чунки кўплаб олимлар таъкидлаганидек, парламент давлат ҳокимиятининг бошқа институтларидан фарқли равишда доимо «демократия назарияси ва амалиётининг кесишуви рўй берадиган нуқтада туради» ва том маънода халқ ҳокимиятчилигининг тимсоли ҳисобланади.
Давлат ва ҳуқуқ соҳасига оид кўплаб тадқиқотларда миллий парламентаризм тизимини шакллантириш жамиятда давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги ўзаро бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат тизимининг ҳақиқий уйғунлигига эришиш билан боғлиқ эканлиги таъкидланади. Шу муносабат билан мамлакатимиз Президентининг ва унинг Администрациясининг давлат бошқаруви тизимини демократлаштиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришдаги улкан ролини алоҳида таъкидлаш муҳимдир. Давлатимиз бошлиғининг сиёсий йўли ва унинг Администрациясининг юқори малакали саъй-ҳаракатлари нафақат давлат ҳокимияти органларининг ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатишини ва ҳамкорлигини таъминлаш учун хизмат қилиб қолмай, балки янги ўзбек давлатчилигининг мураккаб ва кўп қиррали воқелигига асос солди. Ушбу янги ўзбек давлатчилиги ҳуқуқ устуворлиги принципларига асосланади ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳурмат қилиш принципларига содиқлиги, демократизм ва юксак сиёсий-ҳуқуқий маданияти билан ажралиб туради.
Миллий парламентаризм тизимининг шакллантирилиши мамлакатимизда демократияни қарор топтириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришнинг муҳим омилидир. Шу муносабат билан Президентимизнинг янги Ўзбекистоннинг янги истиқболларини белгилаб берадиган ҳар бир Мурожаатномаси жамиятимиз ҳаётида парламент тузилмалари ролини янада оширишни, ҳокимият вакиллик органларининг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижадорлиги учун масъулиятини кучайтиришни таъминловчи самарали механизм бўлиб хизмат қилади.
Нурдинжон ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Спикери