Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, қўмита экспертлари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Қўмита йиғилишида “Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Ушбу Қонун Президентнинг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қонун 8 та моддадан иборат бўлиб, у билан “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган.

Жумладан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгаришга кўра Ёшлар ишлари Агентлиги ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланиб, унинг бу борадаги ваколатлари қайд қилинмоқда.

Шу билан бирга Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари ва вазифалари белгиланмоқда.

Қонуннинг маъқулланиши ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, васийлик ва ҳомийликка берилган ўғил-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоялаш соҳаларида Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар ҳамда экспертлар томонидан мазкур Қонун юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳокама сўнггида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan