Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ўзаро истиқболли алоқалари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Улар қаторида, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти масалаларига ҳам Юртбошимиз атрофлича тўхталиб ўтди.

Хусусан, келгуси йилда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилишини таъкидлаб ўтди. Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг келгуси йилдаги асосий йўналишлари қаторида, Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш Ўзбекистон Республикасининг келгуси йилдаги ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши, Ўзбекистон Республикасининг асосий хорижий шериклари ҳисобланган давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Мурожаатномада Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон Ислом Республикаси билан замонавий босқичдаги ўзаро манфаатли алоқаларига алоҳида эътибор берилди. Давлатимиз раҳбари Афғонистон заминида тинчлик ўрнатилишига қатъий ишонишимизни ва бу эзгу йўлда амалий ёрдамни бундан кейин ҳам аямаслигимизни алоҳида таъкидлади.

Хусусан, Тошкент Халқаро Конференциясининг афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатлардаги ўрнига, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлаги лойиҳасининг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилиши ҳам Юртбошимиз томонидан таъкидлаб ўтилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигига эришган кундан эътиборан афғон муаммоси Ўзбекистон учун ҳар доим долзарб аҳамият касб этиб келади. Чунки, Афғонистон Ислом Республикасида қарийб 40 йилдан буён давом этиб келаётган ички низолар, ноқонуний гуруҳларнинг фаолияти, гиёҳванд моддаларнинг етиштирилиши ва бошқа бир қатор муаммолар бевосита Марказий Осиё минтақасидаги давлатларга ҳам ўз таъсирини ўтказиб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалаларига жиддий хавф солмоқда.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида Афғонистон Ислом Республикасида тинчлик ва барқарорликка эришишга кўмаклашиш белгилаб олинган. Ўзбекистон Республикаси мазкур йўналишда ўзининг қатъий позициясига эга, яъни Афғонистон Ислом Республикасининг ички ишларига аралашмаслик, Афғонистон халқига ўз ички муаммоларини ечиш имкониятини тақдим қилиш ва мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 911-сон Қарори асосида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди. Мазкур марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ҳақиқатан ҳам узоқ истиқболли дўстлик алоқаларининг ўрнатилганлигидан дарак беради.

Ундан ташқари, Афғонистондаги вазият Ўзбекистон Республикаси томонидан ШҲТ доирасида ҳам олий даражада кўтарилди, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йилнинг 10 ноябрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитидаги нутқида бу масалага алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш бўйича тарихий имкониятни қўлдан бой бермаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини, мазкур мамлакатнинг хавфсизлик ва тинчлик масаласига бутун ШҲТ минтақасининг барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг муҳим таркибий қисми сифатида қаралиши лозимлигини, Афғонистон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш йўлидаги ижобий интилишларни қўллаб-қувватлаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини ва бошқа бир қатор масалаларни таъкидлаб ўтди. Муҳтарам Президентимиз Афғонистон муаммосининг бошқа масалаларини 2021 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда муҳокама қилиш таклифини берди.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши Ўзбекистон Республикаси учун қанчалик муҳимлиги тўғрисида Юртбошимиз мунтазам равишда олий даражадаги деярли барча нутқларида Афғонистонда нафақат тинчлик ўрнатишга, балки унинг иқтисодий салоҳиятини оширишга, уни минтақадаги интеграция жараёнларига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг ўзи айтиб турибди десак, муболаға бўлмайди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон Ислом Республикаси билан замонавий босқичдаги алоқалари ҳақиқатдан ҳам узоқ истиқболга мўлжалланган ва ўзаро манфаатли алоқалар ҳисобланади.

Амирбек КЕНЖАЕВ,
Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти ходими

УзА

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan