2021 йил 18 июнь куни Олий Мажлис парламентлараро гуруҳи ва Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси “Корея-Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор этилди.Томонлар икки мамлакат парламентлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Сўнгги йилларда икки мамлакат парламентлари ўртасида алоқалар сезиларли равишда тиклангани ва тизимли парламентлараро мулоқот йўлга қўйилгани таъкидланди.Турли даражадаги ўзаро ташрифлар ташкил этиш, биргаликда тадбирлар ўтказиш, шунингдек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар тўғрисида маълумот алмашиш орқали парламентлараро мулоқотнинг тизимли хусусиятларини таъминлаш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув иштирокчилари минтақалараро алоқаларни ривожлантириш ва “Ҳудудлар форуми”ни ўтказишга алоҳида эътибор қаратдилар, мазкур Форум Ўзбекистон ва Корея ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар ташкил этиш бўйича таклифлар билдирдилар.Учрашувда томонлар халқаро ва минтақавий сиёсатнинг ўзларини қизиқтирган баъзи долзарб масалалари бўйича фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати