Ўзбекистон-Индонезия парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 17 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Индонезия Парламенти Вакиллар палатаси қўмитаси раиси Супратман Анди Агтас бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов делегация аъзоларини мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Суҳбат чоғида меҳмонларга кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Жумладан, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, диний бағрикенгликни таъминлаш ва ўзаро манфаатли, амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларда амалга оширилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтилди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидлаш лозим, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Индонезия Республикасининг Халқ вакиллари кенгаши билан “Ўзбекистон – Индонезия” дўстлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ўз навбатида, Индонезия парламентида ҳам Ўзбекистон билан парламент дўстлик гуруҳи тузилган. Мулоқотлар чоғида муносабатларни фаоллаштиришда мазкур дўстлик гуруҳлари фаолиятидан кенг фойдаланиш айниқса, қонун ижодкорлиги йўналишидаги ҳамкорликни жонлантиришга келишиб олинди.

Учрашувда Супратман Анди Агтас мамлакатимизга иккинчи марта келишини таъкидлаб, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар, мамлакат ижтимоий ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, ташқи сиёсат, хусусан минтақадаги қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни юқори баҳолади. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан халқаро майдонда илгари сурилаётган ташаббусларни Индонезия тарафидан тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Ҳозирда Индонезия парламенти тиббий таълим бўйича қонун лойиҳаси устида иш олиб бораётганини айтиб, лойиҳани янада такомиллаштириш мақсадида Қонунчилик палатаси билан ҳамкорлик қилишни таклиф этди.

Вакиллар палатаси депутати Нурул Арифин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти ноёблиги ва профессионаллиги билан ажралиб туриши, жумладан, депутатларнинг 32 фоизини аёллар ташкил этиши ва ёшларнинг ўзига хос ўринга эгалигини таъкидлаб, парламентнинг гендер тенглиги нуқтаи назаридан олиб бораётган фаолиятини эътироф этди.

Учрашувда парламентлараро мулоқотни турли даражада фаоллаштириш, икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича доимий маслаҳатлар олиб борилишига келишиб олинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan