“Ўзбекистон Республикасидаги миграцион масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш” мавзусида давра суҳбати – Парламент тадқиқотлари институти
Эълонлар Янгиликлар

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти томонидан “Ўзбекистон Республикасидаги миграцион масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Тадбир очилишида “Тараққиёт стратегияси” марказининг ижрочи директори Э. Туляков, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш. Бафаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф. Отахонов, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти директори С. Ходжаева, USAIDнинг Ўзбекистондаги Ҳуқуқий реформалар дастури маслаҳатчиси Р. Назаровалар сўзга чиқишди ва сўнгги тўрт йил давомида мамлакатимизда хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатиш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, ҳусусан, 2020 йил 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4829-сон қарори қабул қилинганлиги хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муҳим қадам эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги йиғма ахборот таҳлил бўлими бошлиғи А. Ахматов “Ўзбекистондаги миграция жараёнларининг ҳуқуқий жиҳатлари” мавзусида, “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази директори Н. Каримова ва “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти директори С. Ходжаева “Ўзбекистондаги миграция жараёнларининг сабаб ва оқибатлари. Ечимлар топиш” мавзусида, Юридик фанлар доктори, ДИҲИ бошқарув аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази Халқаро ҳуқуқ кафердраси мудири Л. Саидова “Миграция жараёнларини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги Халқаро стандартлар” мавзусида, Иқтисодий фанлар номзоди, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бўлим бошлиғининг ўринбосари М. Абдукаримова “Аёлларни иш билан таъминлашда ННТларнинг роли” мавзусида, “Петербуржец” минтақавий хайрия жамоат ташкилоти раиси, ХННТ “Тонг жаҳони” Халқаро жамоат ташкилоти миграция масалари бўйича юристи И. Яхшибаева “Хорижга мигрантларнинг мослашиш масалари: ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий омиллари” мавзусида маърузалар билан иштирок этиб, давра суҳбати иштирокчиларига бугунги кунда миграция соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, соҳани ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари, ННТ ташкилотларнинг бу борадаги роли, мигрантларнинг хорижга мослашишидаги ижтимоий-иқтисодий, шунингдек ҳуқуқий омиллар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбирда шунингдек, Россия Федерациясидан “Наше Отечество” Иркутск вилояти миллий маданият маркази раиси Ю. Кулматов, “Новый день” ижтимоий ҳимоя қилинмаган шахсларга ёрдам ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш хайрия жамғармаси директори Н. Хроменковалар меҳнат мигрантлари билан олиб борилаётган амалий ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни баратараф қилишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф. Отахонов миграция масалари бўйича миллий қонунчилигимизда мавжуд бўшлиқлар, унга халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларини имплементация қилишнинг зарурияти, шунингдек соҳада олиб борилаётган илмий тадқиқотлар хусусида тўхталиб ўтди.