Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат - “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси бўлди.
Ушбу ҳужжат билан давлат ташкилоти ва идораларнинг стандартлаштириш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда. Иқтисодий секторда давлат аралашувини кескин қисқартиришга қаратилган “давлат стандарти” (Oʼz DSt) тушунчасидан воз кечилиб, “миллий стандарт” (OʼzMSt)га ўтиш ҳамда халқаро талаблардан келиб чиқиб, миллий стандартларни ихтиёрий асосда қўллаш амалиёти таклиф этилмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги кунда соҳада 30 мингга яқин стандартлар мавжуд бўлиб, уларга риоя қилиш мажбурий саналади. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси мазкур стандартларни 18 мингдан ортиғини мажбурий тусдан ихтиёрий тусга ўтказади.
Қонун лойиҳаси энг аввало, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасига, инсон қадри ва унинг фаровонлигига, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сифатли, хавфсиз ва рақобатбардош бўлишига хизмат қилади. Шунингдек, миллий стандартлаштириш тизимини мазмун жиҳатидан халқаро амалиёт билан уйғунлаштиради, маҳсулот ишлаб чиқариш сифатини ошириб, уларни ташқи бозорда рақобатбардош бўлишини таъминлайди.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўрмон билан қопланиш даражасини 8 фоиздан оширишга катта эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда 2019 йилнинг октябрда дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинди. 2021 йилда мораторийнинг амал қилиш муддатсиз даврга узайтирилди.
Аммо шунга қарамай, ўсимлик дунёсига бўлган тажовузкор ҳаракатлар давом этмоқда. Бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3 733, 2020 йилда 7 812, 2021 йилда эса 8 243 туп дарахтлар ноқонуний кесилган.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, дарахт ва буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдори оширилмоқда. Жумладан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдорлар учун йигирма бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланмоқда.
Йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хизмат қилишини инобатга олиб, уни қўллаб-қувватлашди.
Фракция йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.