Қонунчилик муаммолари институтининг директори ҳамда Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили ўртасида учрашув бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Эълонлар Янгиликлар

2020 йил 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори Ф.Отахонов, Йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи А.Тешабоев, Халқаро алоқалар шўъбаси бош илмий ходими Ж.Худоберганов ҳамда Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Р.Хайне, фонднинг лойиҳалар кординатори А.Алиқуловлар ўртасида онлайн тарзда учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад тарафларни қизиқтираётган масалалар юзасидан фикр алмашиш ва ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишдан иборат бўлди.

Учрашув аввалида, Ф.Отахонов жорий йилнинг 25 сентябрь куни Институт фаолиятини тубдан такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарори қабул қилинганлиги, мазкур Қўшма қарор билан Институт зиммасига парламент палаталарига яқиндан кўмаклашиш бўйича янги устувор вазифалар юклатилганлиги, ушбу вазифаларни самарали амалга оширишда Конрад Аденауэр фонди билан яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши ҳақида таъкидлади.

Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Р.Хайне сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамият бошқарувида парламентнинг ролини янада кучайтириш ва парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганлигини эътироф этди ҳамда фонд Институт билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади. Хусусан, Институт ва Бундестаг тадқиқот хизмати ўртасида алоқалар ўрнатишга, шунингдек Институтнинг Германия Федератив Республикасининг ўлка парламентлари билан ҳам яқиндан алоқа қилишига имконият яратиб бериши мумкинлигини қайд этди.

Учрашув давомида Ф.Отахонов “Қонунларнинг таъсирчанлигини баҳолаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси”, “Махсус электрон платформалар – парламент ва халқ ўртасидаги мулоқот воситаси”, “Давлат бюджети ижроси устидан парламент назоратини ўрнатишнинг ўзига хос жиҳатлари: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” ҳамда “Электрон парламент тизимини жорий этишнинг долзарб масалалари” каби мавзуларда ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар ўтказиш, шу билан бирга, Германиялик экспертлар иштирокида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари котибияти ходимларини ўқитиш бўйича қўшма семинар-тренинглар ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирди.

Р.Хайне Институт томонидан билдирилган таклифларга алоҳида тўхталган ҳолда, уларнинг ҳар иккала тараф учун ҳам долзарб аҳамият касб этиши, шу сабабли, улар Конрад Аденауэр фондининг 2021 йилги Иш режасида ўз ифодасини топиши юзасидан маълумотлар берди.

Институт директори Ф.Отахонов Конрад Аденауэр фонди бугунги кунда 157 мингдан зиёд илмий адабиётлардан иборат кутубхона фондига эга эканлигига эътибор қаратган ҳолда, улардан Институт кутубхона фондини бойитишда фойдаланиш борасида ҳам ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этиши ҳақида таъкидлаб, ушбу китоблар нафақат Институт ходимлари, балки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг депутатлари ва сенаторлари, илмий тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари талабалари ва кенг жамоатчилик учун ҳам энг ишончли илмий манбаа вазифасини бажариши мумкин эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар келгусидаги устувор лойиҳа ва дастурларни биргаликда амалга ошириш орқали ўзаро самарали ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди.