Сенаторлар “Labor Migration” дастурий мажмуаси иши самарадорлигини ўрганди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

2021 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзолари “Labor migration” электрон дастурий мажмуасининг иш самарадорлигини ўрганиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлди.

 

Мазкур ўрганиш фуқароларнинг Сенатга келиб тушаётган кўплаб мурожаатларининг таҳлили асосида ташкил этилган бўлиб, унда фуқароларни, айниқса, чет элда ишлаётган хотин-қизларни рўйхатга олиш ва қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, шу жумладан, АКТ технологияларини кенг жорий этиш орқали янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Шу муносабат билан “Labor migration” электрон дастури орқали меҳнат муҳожирларини тартибли ишга ёллаш ва уларга ҳуқуқий ва ижтимоий кўмак бериш жараёнида кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Тадқиқот доирасида сенаторлар тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда дастур мажмуасининг ишлаши, унинг асосий хусусиятлари, функциялари ва уни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини таҳлил қилди.

Шу билан бирга, ўрганиш қатор тизимли муаммоларнинг мавжудлигини кўрсатди, уларни бартараф этиш электрон комплекс самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Масалан, ҳозирги вақтда мажмуада мигрантларни паспорти билан рўйхатдан ўтказиш кўзда тутилмаган, гендер жиҳатларни ва чет элда вақтинча ишлаш билан шуғулланадиган хотин-қизларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш тизими мавжуд эмас.

Ўрганиш натижаларини жорий ой давомида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилган, унинг якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan