Геном бўйича давлат рўйхатига олишнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Янгиликлар

Сўнги йилларда Президентимиз ташаббуси билан республикада суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда ҳалқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил органга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шароитларни бартараф этиш, шунингдек содир этилган жиноятларни “изи совимасдан” фош этишда фойдаланиладиган илмий-техник усул ва воситаларни модернизация қилишни талаб этмоқда. 

Илмий тараққиёт ва ахборот технологияларининг ривожланиши жамият олдига давлат, жамият ва фуқароларнинг хавфсизлигини, улар ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар мувозанатини сақлаш каби муайян вазифаларни қўяди.

Инсон геномига оид изланишларни амалга ошириш тадқиқотнинг нисбатан янги тури деб ҳисобланишига қарамай, дунёдаги ривожланган давлатларнинг аксарияти инсоннинг геномик маълумотларини таққослаш орқали аниқлаш усулининг илғорлигини тан олган.

Шахсий идентификация қилиш уларнинг ўзига хос физиологик ёки хулқ-атвор хусусиятларини ҳисобга оладиган энг истиқболли ва кўп қиррали илмий асосланган усуллардан фойдаланишни ўз ичига олади. Бугунги кунда одамни аниқлаш усули бу инсоннинг ДНК расмини унинг биологик материали билан таққослашдир.

ДНК (дезоксирибонуклеин кислотаси) – генетик код шаклида биологик маълумотни ўз ичига олган макромолекуладир. У барча тирик организмларда ривожланиш ва яшаш генетик дастурни амалга ошириш учун генни сақлаш ва авлоддан авлодга узатишни таъминлайди.

Шахсни аниқлаш мақсадида инсон ДНКсини таҳлил қилиш усули кўплаб хорижий мамлакатларнинг суд-тиббиёт амалиётида қўлланиб келинади. Жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия Федерацияси, Хитой, Япония, Сингапур, Малайзия, Таиланд, Янги Зеландия, Австралия, Чили, Колумбия, Канада каби қатор хорижий мамлакатларда инсон ДНКсининг глобал маълумотлар базаси яратилган.

Дунёдаги энг катта ДНК маълумотлар базаси Буюк Британиянинг «NDNAD» миллий маълумотлар базаси ҳисобланиб, унда 2015 йилгача 5,7 миллион ДНК намуналари бўлган мазкур базада нафақат маҳкумларнинг, балки гумонланувчиларнинг ҳам ДНК маълумотлари сақланади. Ҳафта давомида воқеа жойидан олинган генетик материалларнинг таҳлили асосида содир этилган жиноятларнинг катта қисми фош этилади. Экспертизанинг ушбу тури жиноятларни фош этишни сезиларли даражада ошишига имкон яратади.

1998 йилда АҚШ Миллий генетик маълумотлар базаси яратилди. Унда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланган шахслар рўйхатга олиниши белгиланди. 2020 йил сентябрь ойи ҳолатига кўра National DNA Index System (NDIS) таркибида 14 миллиондан ортиқ жиноятчилар, 
4 миллиондан ортиқ маҳкумлар ва миллиондан ортиқ бошқа суд-тиббий маълумотлар базалари мавжуд. 1994 йилда “ДНК идентификацияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, унда Федерал тергов бюроси судланганларнинг миллий ДНК маълумотлар базасини, шунингдек, бедарак йўқолганлар учун алоҳида маълумотлар базасини ва жиноят жойларидан йиғилган суд-тиббиёт намуналарини яратиши белгиланган.

Исландиянинг маълумотлар базасида бутун аҳолининг генотиплари мавжуд. 

2008 йил 3 декабрда Россия Федерацияси «Россия Федерациясида давлат геномик рўйхатга олиш тўғрисида» Федерал қонуни қабул қилиниб, ушбу қонунга биноан оғир ва ўта оғир, шунингдек жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар ва шахси номаълум мурдалар ва жиноят содир этилган жойлардан олинган биологик излар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган федерал ДНК маълумотлар базаси яратилди. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотлар базасини бошқариш учун масъул орган ҳисобланади.

Геномик маълумотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш, албатта, қонун даражасида тартибга солиниши керак. Қатор хорижий мамлакатларда (Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Канада, Корея, Малайзия, Сингапур, Швейцария, АҚШ, Буюк Британия) махсус қонунлар қабул қилинган. 

ДНК экспертизаси мамлакатимиз учун мутлақо янги тушунча эмас. Ўзбекистон Республикасининг Суд-тиббий экспертиза марказида исоннинг ДНК текширувлари 2000 йилдан бери ўтказилиб келинмоқда. Олинган экспертиза натижаларидан оғир ва ўта оғир жиноятларни тергов қилишда фойдаланилмоқда. Инсоннинг ДНКси бўйича суд-биологик экспертиза молекуляр генетик усуллардан фойдаланган ҳолда инсон биологик объектларида тадқиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади. ДНК ни таҳлил қилиш усули жиноят содир этилганлик ҳолатини текширишда ажралмас восита бўлиб, у жиноятчиларни ҳам, жиноятлар қурбонларини ҳам ишончли аниқлашга имкон беради. Кўпгина ҳолларда, ДНК таҳлил усуллари жиноят содир этишда жабрланувчини ёки жиноятчини аниқлайдиган ягона мумкин бўлган усул ҳисобланади.

Одатда ДНК таҳлили шахсни аниқлашнинг энг аниқ усули ҳисобланади. Тадқиқот ўтказиш учун оз миқдордаги биологик материаллар етарлича (инсон қон томчисининг мингдан бир қисми ­ 40 та ҳужайра) ҳисобланади . Замонавий техника ютуқлари тадқиқот учун намуналарни ҳатто одамнинг қўлида ушлаб турган нарсадан ҳам олиш имконини беради. Натижада тергов органлари нафақат жиноят жойида топилган изларни геномик маълумотлар базасидаги излар билан таққослашлари, балки жиноят содир этган шахсни аниқлашлари ҳам мумкин бўлади. 

Қонун устуворлиги шароитида ижтимоий муносабатларнинг ушбу соҳасини такомиллаштиришда, қонунчиликни тартибга солишни ҳам талаб этади. Бироқ, бугунги кунгача геном ахборотини олиш, йиғиш, сақлаш, йўқ қилиш, улардан фойдаланиш учун қонунчилик базаси ва механизми мавжуд бўлмаган. Мазкур Қонун эса бунга имконият яратди.  

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва албатта, жазо муқаррар эканлигини таъминлаш талаб этилмоқда. Ўз ўрнида, жиноятчилар ҳам ҳодиса жойида жиноят изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланишмоқда. Фош этилмаган жиноят эса ўз навбатида жиноятчига жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгусида яна жиноий фаолиятга қўл уришига имкон бермоқда. Бунинг оқибатида эса жамиятда жиноий фаолиятга кўниккан шахслар жиноят изларини яширишга уринмоқдалар ва бунинг уддасидан ҳам чиқмоқдалар. Демак, шу ўринда ушбу соҳага ҳам албатта, замонавий усул ва технологияларни жорий этиш вақти келди.

2020 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди ва ушбу қонун 2023 йил 1 январдан кучга киритилиши белгилаб қўйилди. Мазкур Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 58-бандини бажариш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш, ушбу соҳада замонавий усул ва технологияларни жорий этиш зарурати билан боғлиқ.

Замонавий ривожланишнинг ҳозирги босқичида жиноят содир этиш усуллари ҳам такомиллашиб бормоқда, уларнинг асосий мақсади жиноят содир этилган жойда қоладиган изларни минималлаштиришдан иборат бўлиб, бу эса содир этилган жиноятни очиш жараёнларини қийинлаштирмоқда. Геном ахборот маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши нисбатан мураккаб, ўта оғир ва очилмаган жиноятларни очишга имкон яратиш билан бирга жиноятчининг қилмиши учун жазо муқаррарлигини таъминлаб беради. 

Оддий қилиб айтадиган бўлсак, бирон бир шахс жиноятни амалга ошириш учун қанчалик пухта режа қилмасин, содир бўлган воқеа жойида ўзи ҳоҳламаган ёки билмаган ҳолда биологик материалларини қолдиради. Яъни воқеа жойида қон доғи, соч толаси, сўлаги, тер доғи ва ҳакозолар қолади.   Бундан ташқари, геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши ўз навбатида бедарак йўқолган шахсларни топиш ва топилган мурдаларнинг шахсини аниқлашда уларнинг яқин қариндошлари билан идентификация қилиш имконини яратади.

Бу усул суд-тергов органларининг исботлов базасини мустаҳкамлайди, оғир ва ўта оғир жиноятларни, шунингдек жинсий эркинликка қарши бўлган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг геном ахбороти маълумотлар базасини юритиш орқали улар томонидан ушбу турдаги жиноятларни такроран содир этилишининг олди олинади.  

Ушбу қонуннинг мақсади геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, биологик материални олиш, уни ҳисобга олиш, сақлаш, ишлатиш, йўқ қилиш ва геномга оид ахборотларга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилиш, геномга оид  маълумотларнинг ягона базасини яратишга хизмат қилади. 

Қонун билан Геном бўйича давлат рўйхатига олиш доирасидаги ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, булар терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва суд ҳисобланади; шунингдек, Геномга оид ахборотларни олиш фаолияти билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари шуғулланади. Бу борада геномга оид ахборотларнинг ягона маълумотлар базасини юритишни амалга оширувчи ваколатли давлат органи эса Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. 

         Бундан ташқари, қонунга мувофиқ Геном бўйича давлат рўйхатига олиш мажбурий ва ихтиёрий равишда амалга оширилади. 

Қуйидагилар геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олинади:

  • оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи шахслар, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслар;
  • оғир, ўта оғир жиноятларни содир этганлик, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар (бундан буён матнда геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим бўлган ҳукм қилинган шахслар деб юритилади);
  • терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида биологик материали аниқланмаган шахслар;
  • таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари, қисмлари)

Ихтиёрий – Геном бўйича давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси, чет эл ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризаларига кўра пуллик асосда амалга оширилади. Шуни таъкидлаш жоизки, шахс геном бўйича давлат рўйхатига олишнинг исталган босқичида рад этиш ҳуқуқига эга бўлади. Яъни, биринчи босқич, биологик материални олиш амалга оширилаётганда; иккинчи босқич, биологик материалдан геномга оид ахборот олинаётганда; учинчи босқич, геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига киритилаётганда. 

Шунингдек, геном ахбороти маълумотлар базасига киритилганидан сўнг ҳам, ихтиёрий равишда геном бўича давлат рўйхатидан ўтган фуқаронинг геном ахбороти ўз аризасига кўра маълумотлар базасидан чиқарилиши мумкин. 

Бундан ташқари, бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин. Бу ҳолатлар деярли барча давлатларда пуллик хизмат сифатида амалга оширилади. 

Шунингдек, геном бўйича давлат рўйхатига олинган ахборотдан фақатгина 4 та мақсадда фойдаланилади:

  • жиноятларнинг олдини олиш, фош этиш ва уни содир этганларнинг шахсини аниқлаш;
  • бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
  • номаълум мурдаларнинг шахсини аниқлаш;
  • шахснинг биологик қариндошлигини аниқлаш.

Бу эса халқаро хуқуқ нормаларига тўла жавоб берадиган қонунийлик, инсонпарварлик, махфийлик принципларига амал қилинишини таъминлайди. Яъни геномга оид ахборотга ишлов бериш шарт-шароитлари бузулганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда, ваколатли давлат органи блокировка қилиши ҳамда геномга оид ахборотнинг ҳимояланганлик даражасини ошириш мақсадида эгасизлантиришни амалга ошириш белгилаб қўйилди

Геномик маълумот инсон ҳақида жуда нозик ва муҳим маълумотларни ўзида акс эттирганлиги сабабли унинг хавфсизлиги ва махфийлиги қатъий ва қонуний кафолатланади. Қонун билан биологик материал ва геномга оид ахборотни сақлаш ва йўқ қилиб ташлашнинг тартиблари белгиланди:

– бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошларидан олинган ҳамда таниб олинмаган мурдаларнинг биологик материалларидан олинган геномга оид ахборотлар ягона маълумотлар базасига киритилган кундан эътиборан етмиш беш йил сақланади;

– ихтиёрий равишда шахснинг ёзма аризасига кўра пуллик асосда геномга оид ахборотлари олинганда эса ариза берувчининг ёзма аризасида кўрсатилган муддат мобайнида сақланади;

– мажбуррий равишда геномга оид ахборот олинган шахсларнинг ахбороти улар юз ёшга тўлиши мумкин бўлган санага қадар ёки биологик ўлим юз берганлиги факти қайд этилганидан ёҳуд шахс суд томонидан вафот этган деб топилганидан кейинга қадар сақланади;

– шахси аниқланмаган шахсларнинг терговга қадар текширув, суруштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида олинган биологик материалларидан олинган ахборот шахсни жиноят учун жавобгарликка тортиш муддати ўтгунига қадар сақланади.

Ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши қуйидаги натижаларга эришилишини таъминлайди:

– жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга хизмат қилади ва республика ҳудудида содир этилган жиноятларнинг фош этилишига ижобий таъсир кўрсатади;

– топилган мурдани уларнинг яқин қариндошлари билан идентификация қилишда шахсини аниқлашга, бедарак йўқолганларни топишда ижобий натижаларга эришишга олиб келади;

– геномик маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда илгари оғир, ўта оғир жиноятлар, шунингдек жинсий эркинликка қарши жиноят содир этган шахслар томонидан жиноятни қайта содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади ва суд, тергов органларининг далиллар базасини мустаҳкамлайди.

Демак, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни биометрик маълумотлари асосида криминалистик ҳисобга олиш ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарали шаклларидан бири ҳисобланади. Агар, шахс ўзининг барча биометрик маълумотлари қонунийлик асосида давлат рўйхатига олинганлигини ҳис этса ва ҳар қандай жиноий қилмиши фош этилишини олдиндан англаб етса, аксарият вазиятларда жиноят содир этишдан тийилади. 

Умуман олганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор-қидирув фаолиятида қонунийлик асосида шакллантирилган фуқароларнинг биометрик маълумотлари базасидан фойдаланиш мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди.

Республикада генетик экспертизани ривожлантириш ва ДНК миллий маълумотлар базасини яратиш, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан улардан фойдаланиш, жиноятнинг ҳар қандай кўринишини сезиларли даражада камайтиришнинг ва аниқлашнинг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишининг зарурий шартларидан бири ҳисобланади.

Фарҳод БОҚИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор

Дмитрий РАХМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

УзА манбаси

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan