Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат харидлари тизимининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда уни янада такомиллаштириш ҳисобига корпоратив буюртмачилар, шу жумладан стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналар маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда самарадорлигини ошириш, давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Аммо, соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликлар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қайд этилганидек, ҳозирги кунда давлат харидларида атиги 4 фоиз тадбиркор қатнашмоқда. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 24 та йирик давлат корхонасига давлат хариди бўйича очиқ-ошкора талаблар жорий этилиши таклиф этилди. Бунинг натижасида маҳаллий тадбиркорларимиз ҳар йили камида 10 триллион сўмлик маҳсулотларини ушбу корхоналарга сотиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, Президентимиз томонидан бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва Парламент назоратида бўлиши таъкидланган эди.
Айни шу каби масалаларга ҳуқуқий ечим бериш ҳамда соҳа ривожининг қонуний асосларини такомиллаштириш мақсадида 2021 йил 21 апрелда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Мазкур Қонун тузилишига кўра 12 та боб, 85 моддадан иборат бўлиб, асмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказиш тўғрисидаги талаблар эса 2022 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари иштирокчиларига қулайликлар ва кенг имкониятлар яратиш орқали харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш мақсадида Қонунга қуйидаги мазмундаги асосий янгиликлар киритилди:
- давлат харидлари соҳасида давлат буюртмачилари қамровини кенгайтириш мақсадида, давлат харидларини амалга оширишнинг алоҳида тартиби белгиланган стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарни корпоратив буюртмачилар сифатида давлат харидларида иштироки таъминланади;
- давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини ошириш орқали улар ўртасида кенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари сонини кўпайтириш ва бу орқали операторлар ўртасида рақобат муҳитини яратиш, натижада давлат харидлари иштирокчилари учун қулай шароит ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга эришилади;
- давлат харидларини қисқа муддатларда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, электрон бозор – бир иш куни, (амалдаги таҳрирда қирқ саккиз соат), аукцион – камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда камида ўн кун), танлаш – камида беш иш куни (амалдаги таҳрирда танлов камида ўн кун) ва тендер – камида ўн беш иш куни (амалдаги таҳрирда тендер камида ўттиз кун) этиб белгиланди;
- давлат буюртмачиларига харид қилиш тартиб-таомиллари турларини танлаш имкониятларини ошириш мақсадида, электрон бозор, аукцион ва танлаш учун харидларни амалга ошириш мезонлари мувофиқлаштирилди, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваригача (бюджет буюртмачилар учун олти минг бараваригача) этиб белгиланди;
- давлат харидларини амалга ошириш механизмларини электронлаштириш мақсадида, тендер (танлаш) ўрнатилган тартибда электрон шаклда амалга оширилиши белгиланди;
- давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва давлат харидлари ижрокчиларига ўзларининг таъсисчилари ва бенефициар мулкдорларини очиқлаш мажбурияти юклатилмоқда;
- харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сифат жиҳатидан янада оширилишини таъминлаш мақсадида, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатори жорий этилади.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш мақсадида давлат харидлари субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши ва шартнома бўйича мажбуриятлар талаб даражасида бажарилиши учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли нормалар киритилмоқда.
Шунингдек, давлат харидларида коррупцион ҳолатларни бартараф етиш мақсадида қонун лойиҳасида иштирокчи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси давлат харидлари бўйича савдоларда битта лотда иштирок етишга;
иштирокчининг ва (ёки) ушбу иштирокчининг ваколатли вакилининг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ёки давлат буюртмачисининг ёки у томонидан жалб қилинган ихтисослашган ташкилотнинг вакили бўлган ҳолларда иштирокчини давлат харидларида иштирок этишига чеклов белгиланмоқда. Ушбу ҳолат орқали инсофсиз рақобатни олдини олишга эришилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасини амалга оширилиши халқаро рейтингларда мамлакатни баҳосини яхшилашга, шу жумладан ИҲТТ ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истамбул харакатлар режаси мониторинги, Давлат молиясини бошқариш самарадорлигини халқаро баҳолаш (ПЕФA) томонидан ўтказиладиган баҳолашларда яхши натижаларга еришишни таъминлайди ва мамлакатнинг жахон миқёсида обрўсини ошириб, хорижий инвестицияларни жалб етилишига ўз таъсирини кўрсатади.
Шунингдек, Қонунда коррупцион омиллар, ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида “бенефициар”, “давлат харидларининг ижрочиси”, “дастлабки малака танлови”, “захира ғолиби, “ихтисослашган ташкилот”, “манфаатлар тўқнашуви”, “харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси” каби тушунчаларга таърифлар берилди ва мазмунан кенгайтирилди.
Коррупциянинг олдини олиш нуқтаи назаридан ошкоралик, рақобат ва қарорларни қабул қилишнинг холисона мезонларига асосланадиган харид тизимларини яратиш учун харид эълонлари ва тузилган шартномаларни давлат харидлари порталига жойлаштириш, жамоатчиликка ошкор қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишга етарли шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилган.
Харидларда савдо ғолибларини танлаш ва қарорларни қабул қилиш мезонларини ҳамда иштирок этиш шартларини белгилаш шартлари олдиндан очиқ эълон қилиниши кўрсатиб ўтилган.
Энг яхши таклифларни танлаш, тендер жараёнларини электрон шаклга ўтказиш коррупциянинг олдини олишда шаффофлик ва очиқликни таъминлашга ёрдам бериб, инсон омилини камайтиради ҳамда ушбу жараёнларни мониторинг қилишни осонлаштиради.
Бундан ташқари, давлат харидлари жараёнида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чекловлар, яъни иштирокчиларнинг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган тақдирда иштирокчини давлат харидларида иштирок этишига йўл қўйилмаслиги акс эттирилган. Бундан ташқари давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талабларни киритишга тақиқ қўйилган.
Давлат харидлари доирасида тузилган барча шартномалар тўғрисида маълумотларни жамлаш ягона реестр орқали амалга оширилиши ҳақидаги тартиб ҳам белгиланмоқда. Шунингдек, тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот давлат харидларининг электрон тизимида жойлаштирилмаган бўлса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди. Бу ўз навбатида, шартномаларни очиқлигини таъминлайди ва жамоатчилик мониторингини ўтказишга имкон яратади.
Хулоса қилиб айтганда, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири келгусида тадбиркорлар орасида ҳалол рақобат муҳитини яратишга, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, жамоатчилик назоратини кучайтириб, коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.
Рустамбек Сайидов,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик
муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими в.б.