Очиқ маълумотлар порталининг янги талқини ишлаб чиқилади – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Мамлакатимизда 2015 йил март ойида жамоатчиликка тақдим этиладиган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий маълумотларни турли хил машинада ўқиладиган форматларда эълон қилиш имконига эга Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали ишга туширилган эди. Унда очиқ маълумотларни шакллантириш, жойлаштириш ва қайта ишлаш тартиби, давлат органларининг ўз расмий веб-сайтларида ва порталда эълон қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхати тасдиқланди. Ҳозирги кунга қадар порталда 147 та вазирлик ва идораларнинг 10 мингдан ортиқ очиқ маълумотлар тўпламлари жойлаштирилди, юклаб олишлар сони эса 7 миллиондан ошди.

Бироқ, амалга оширилган ишларга қарамай, очиқ маълумотларнинг ривожланишини чекловчи қатор муаммолар мавжуд бўлиб, уларнинг эълон қилиниши кўпчилик давлат органларида жамият ҳаётини яхшилаш ва давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш бўйича ихтиёрий ташаббус билан эмас, балки иш жараёнини назорат қилиш билан чегараланиб қолган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда очиқ маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини, уларни фуқароларга ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2020 йил 23 декабрда “Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ:

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди;

Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали тўғрисидаги низом тасдиқланди;

2021 йил 1 августга қадар Порталнинг янги талқинини ишлаб чиқиб, ишга тушириш белгиланди;

очиқ маълумотлар соҳасидаги халқаро рейтинглар, хусусан, “Очиқ маълумотлар глобал индекси” ва “Очиқ маълумотлар барометри” рейтингларида Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқаро очиқ маълумотлар хартиясига қўшилиши бўйича зарур чоралар кўрилиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишлари белгилаб олинди. Ушбу стратегик йўналишлар қуйидагилардан иборат:

  • очиқ маълумотларнинг норматив-хукуқий базаларини такомиллаштириш;
  • маълумотларнинг очиқлигини методик қўллаб-қувватлашни таъминлаш;
  • маълумотларнинг очиқлигини ташкилий қўллаб-қувватлаш;
  • маълумотларнинг очиқлигини ахборот-технологик қўллаб-қувватлаш.

Шунингдек, мазкур қарорда 2021 йилдан бошлаб очиқ маълумотлар бўйича ҳамжамиятни шакллантириш ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида очиқ маълумотлар шаклида фаолият юритаётган иловалар ва хизматлар бозорини яратиш мақсадида мунтазам равишда “Open Data Day” ва “Open Data Week” HH ўтказилиши ҳам назарда тутилган.

Қарорда назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши фуқаролар учун қулайликлар яратиш билан бир қаторда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий обрўсини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилашга хизмат қилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими
етакчи илмий ходими Л.К.Ниёзова

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan