Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенцияси – жаҳон ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда ҳар бир давлат ўз юрисдикцияси доирасида тегишли нормаларни қабул қилиши ҳамда уларнинг самарали ижро меҳанизмини йўлга қўйиши зарур. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунгача мамлакатимизда ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

«Ёшлар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади». Шавкат Мирзиёев

Бугунги шиддатли замонда халқаро майдонда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар инсон ақлини шошириб қўйиши, шубҳасиз. Инсоният ривожланишининг барча босқичлари ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, юксак ақлий қобилияти ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланишига боғлиқдир.

Ҳозирги кунда ёшлар жаҳон аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этади. Шу сабабли, ёшларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳар бир давлатнинг олдида турган энг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда ҳар бир давлат ўз юрисдикцияси доирасида тегишли нормаларни қабул қилиши ҳамда уларнинг самарали ижро меҳанизмини йўлга қўйиши зарур. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунгача мамлакатимизда ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Бироқ, тан олиб айтиш керакки, ҳозирги кунда жаҳон миқёсида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ўзида ифода этган, давлатларнинг ёшлар сиёсати соҳасидаги мажбуриятларини ўзида белгилаган, миллий ва халқаро даражада қарорлар қабул қилишда ёшларнинг иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлаган, шунингдек барча давлатлар томонидан тан олинган яхлит, халқаро ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Шу сабабли, 2020 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги тарихий нутқида Ташкилотга аъзо давлатларни Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича ташаббус жаҳон миқёсида ёшлар ҳуқуқларига доир муҳим масалаларни ўзида ифода этган халқаро ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишни назарда тутувчи илк таклиф эканлиги билан аҳамиятлидир.

Мазкур халқаро ҳужжатнинг лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан кўплаб амалий чора-тадбирлар кўрилди. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳам ўз таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этишди.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш халқаро аҳамиятга молик бўлган қуйидаги ижобий жиҳатлари билан аҳамиятлидир:

биринчидан, у юқорида таъкидланганидек жаҳон миқёсида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва бу борада давлатлар олдидаги халқаро мажбуриятларни белгилаб берувчи яхлит халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлади;

иккинчидан, Конвенция лойиҳасида жаҳон миқёсида илк маротаба ёшлар, яъни ёш шахслар тушунчасига умумий ҳуқуқий таъриф белгиланмоқда:

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ёшлар тушунчаси бирор марта ишлатилмаганлиги ҳам Конвенциянинг ёшлар масаласидаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат мақомига эга эканлиги борасидаги фикрларимизнинг исботидир.

Ҳар бир давлат ёшлар тушунчасини ўз тартиб-қоидалари ва шарт-шароитларидан келиб чиқиб турлича белгилаган. Мисол учун, ёшлар тушунчаси Хитойда 18-35 ёш; АҚШда 18-25 ёш; Канадада 16-28 ёш; Россияда 14-30 ёш этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида ёшлар тушунчасига берилган ҳуқуқий тарифда ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар ёшлар ҳисобланиши белгиланган;

учинчидан, давлатларнинг ёшлар сиёсати соҳасидаги мажбуриятлари, ёшларнинг ижтимоий интеграциясини кучайтиришга кўмаклашиш бўйича вазифалари аниқ белгиланмоқда:

Унга мувофиқ, иштирокчи давлатлар ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган 12 та мажбурият ва ёшларнинг ижтимоий интеграциясини кучайтириш бўйича 15 та вазифаси назарда тутилмоқда;

тўртинчидан, Конвенция лойиҳасида иштирок этувчи давлатлар томонидан ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши баробарида оила институтини сақлаш ва оилада ёшларнинг соғлом камол топишини таъминлашга хизмат қиладиган норма назарда тутилмоқда:

Шу ўринда айтиш жоизки, ўзбек давлатчилиги ривожланишининг тарихий илдизлари оила институтига, ундаги асрий қадриятлар ҳисобланмиш садоқат, меҳр у вафо ва фарзандлар тарбиясига эътибор каби эзгу қадриятларга таянади. Шу сабабли, ҳам оила институтининг мақоми мамлакатимиз Бош Қомусида белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига мувофиқ, “оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” ҳисобланади.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари асосида дунё миқёсида ёшларнинг соғлом камол топишини таъминлашда оиланинг ролини янада ошириш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари халқаро норма ижодкорлиги жараёнида илгари сурилмоқда. Мазкур эзгу ташаббуслар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг 1 ва  3-мақсадларида ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда эришилиши белгиланган барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг  3-мақсадининг 3.7-вазифасида ҳам назарда тутилган;

бешинчидан, давлатлар ўз юрисдикцияси доирасида фуқаролари бўлмиш ёшларни, шунингдек чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган ёшларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриши белгиланмоқда:

Аввало, айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси томонидан Концепция лойиҳасида илгари сурилаётан таклифлар халқаро инсон ҳуқуқлари соҳасида эътироф этилиши билан бирга, дунё миқёсида амалий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасида умум эътироф этилган халқаро норма ва стандартларни жорий этиш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини давлат томонидан кафолатлашнинг зарур ҳуқуқий асослари белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади”;

олтинчидан, Конвенция лойиҳасида миллий ва халқаро даражада қарор қабул қилишда ёшларнинг иштирок этиши ҳуқуқи аниқ белгилаб берилмоқда:

Ёшларнинг ва ёшлар ташкилотларининг миллий даражада жамият ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятларини таъминлаш, ёшларнинг ўзларининг ҳаётига тааллуқли қонунчиликни ишлаб чиқиш ҳамда сиёсатни шакллантириш, уни мониторингини олиб бориш ва ўтказишда иштирок этишларини таъминлаш масалаларига доир нормалар назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”. Конвенция лойиҳасида назарда тутилаётган ёшларнинг жамият ишларини бошқаришдаги иштирокига доир мазкур қоида мамлакатимизда конституциявий норма сифатида белгиланган бўлиб, ўтган 28 йил давомида ўз ижобий амалиёти ва натижалари билан аҳамиятга молик ҳисобланади. Конвенция лойиҳасига таклиф этилган мазкур қоидалар нуфузли халқаро рейтинг ва индексларда белгиланган фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини таъминлашга доир тегишли индикаторларнинг халқаро миқёсда ҳамда давлатлар миқёсида амал қилинишини таъминлашга хизмат қилиши билан эътиборга лойиқ;

еттинчидан, Конвенция лойиҳасида ёшларнинг шахсий ҳаёт ҳуқуқини кафолатлаш назарда тутилмоқда:

Унга мувофиқ, ёшларнинг ҳар бир вакили шахсий ҳаёти ҳуқуқи, ихтиёри қўлида бўлиши ҳуқуқи, шахсий ҳаёт маҳфийлиги, ёзишмаларининг маҳфийлиги ва шахсий мақоми ҳимоя қилинишига доир қоидалар аниқ белгиланмоқда.

Конвенция лойиҳасида назарда тутилаётган мазкур қоида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидалари асосида ишлаб чиқилганлигини таъкидлаш ўринли бўлади. Хусусан, Декларациянинг 3-моддасида “ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эга” эканлиги ва 12-моддасида “ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга”лиги белгиланган.

Миллий қонунчилигимизда шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1411-моддасининг биринчи қисмида шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик, 143-моддасида хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини бузганлик, 144-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай жавобгарлик маъмурий  ва фуқаролик қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган;

саккизинчидан, Конвенция лойиҳасида ёшларнинг зўравонликка дучор бўлишдан ва эксплуатация қилинишидан сақланиши давлат томонидан кафолатланиши назарда тутилмоқда:

Хусусан, унда ҳар бир иштирок этувчи давлатнинг ўз юрисдикциясидаги ҳудудда ёшларга нисбатан зўравонлик ва эксплуатация қилинишнинг ҳар қандай турлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнат, иқтисодий камситиш ва меҳнат соҳасида эксплуатация қилинишга доир ҳаракатларнинг олдини олиш учун самарали қонунчилик, маъмурий, суд ва бошқа чораларни кўриши белгиланмоқда.

Ҳозирга қадар инсонларнинг турли зўравонлик ҳолатларининг қурбони бўлишини ва эксплуатация қилинишини олдини олиш борасида халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 1957 йилдаги “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги Конвенцияси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 30 сентябрда ратификация қилинган) 1-моддасида Конвенцияни ратификация қилган давлатлар мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишини чеклашига доир норма белгиланган.

Мазкур халқаро норма Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг  7-моддасида ўз ифодасини топган бўлиб, унда мажбурий меҳнатнинг тақиқланишига доир қоидалар аниқ кўрсатиб ўтилган;

тўққизинчидан, Конвенция лойиҳасида ёшларнинг ўз мамлакати ҳудудида тўсиқсиз ҳаракат қилиш, яшаш ва туриш жойини танлаш, ўзининг мамлакатини ва ҳар қандай бошқа мамлакатни тарк этиш ҳамда ўз мамлакатига қайтиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилмоқда:

Шунингдек, Конвенция лойиҳасида қочоқлар деб ҳисобланадиган ёшларни зарур даражада ҳимоя қилиш, уларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқлар ва уларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга доир норма назарда тутилмоқда;

ўнинчидан, Конвенция лойиҳасида ёшлар ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ҳамкорликнинг қамрови ва соҳалари аниқ белгиланмоқда:

Унга мувофиқ, иштирок этувчи давлатлар ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини қамраб оладиган халқаро дастурлар; ўзаро ахборот, тажриба ва илғор ишланмаларни айирбошлаш; техникавий-иқтисодий ёрдам тақдим этиш, шу жумладан, технологиялар билан ўзаро алмашиш ва технологияларни узатиш, илмий-техникавий билимларни тадқиқ этиш ва улардан фойдаланиш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни амалга ошириши назарда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясининг қабул қилиниши бутун дунё ёшларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ёшлар сиёсати масалаларида халқаро ҳамкорликни аниқ соҳа ва йўналишларда олиб борилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти Қўмита раиси

Манба: УзА – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan