Президентнинг Олий Мажлисга ва халққа Мурожаатномаси – ислоҳотларнинг тадрижийлигини таъминлайдиган сиёсий ҳужжат – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаш институти янги Ўзбекистоннинг янги тарихидаги ўзига хос бўлган ноёб институт ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йиллар давомида Олий Мажлисга жами 3 маротаба Мурожаатнома йўллаган.

Мурожаатнома келгуси йилда амалга ошириладиган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларини белгилаб берувчи сиёсий аҳамиятга эга бўлган мамлакатнинг бош ҳужжати эканлиги билан ҳам характерланади.

Мурожаатнома ўз моҳиятига кўра, халқ ва давлатнинг ўзаро бир-бирига узвий боғлиқлигини, давлат ҳокимиятини шакллантиришда тарихий тажрибаларни замонавий услублар асосида жорий этишга доир ғоя ва қарашларни ўзида мужассам этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган бу йилги Мурожаатномаси ўз қамрови, аҳамияти ва тегишлилига кўра олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Хусусан:

биринчидан, бу йилги Мурожаатнома нафақат Олий Мажлисга, балки олийжаноб халқимизга қарата йўлланди;

иккинчидан, Мурожаатномада бутун дунёнинг 2020 йилдаги умумий қиёфаси гавдалантирилди, унинг мавжуд ҳолати очиб берилди;

учинчидан, Мурожаатнома қамраб олган масалалар юзасидан берилган таклифларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ҳам кўрсатиб берилди;

тўртинчидан, Мурожаатномада мамлакатимиз давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва бошқа соҳаларда жорий этилиши лозим бўлган янги институтларнинг яратилиши учун замин ҳозирланди.

Таҳлил қиладиган бўлсак, Мурожаатнома ўз моҳиятига кўра, уч асосий қисмдан, яъни:

жорий йилда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликларни ўзида мужассам этган биринчи қисм;

келгуси йилда амалга оширилиши зарур бўлган таклиф ва ташаббуслардан иборат бўлган иккинчи қисм;

мамлакат ривожланишининг ўрта муддатига доир бўлган, яъни келгуси  3-4 йилда амалга оширилиши зарур бўлган ишларнинг ғоясини ўзида ифода этган учинчи қисмдан иборат.

Шунингдек, бу йилги Мурожаатноманинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, у дунё ва мамлакатимиз тарихидаги энг мураккаб давр – коронавирус пандемиясининг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳалардаги инқирози юзага келган даврнинг ўзига хос қиёфасини ифода этганлиги билан аҳамиятга эгадир.

Хусусан, Мурожаатномада пандемия жаҳон иқтисодиёти учун ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтираётганлиги, бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллион иш ўринлари йўқотилганлиги ҳамда дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланиб, улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этганлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур маълумотлар асносида Ўзбекистон Республикасининг Президенти пандемиянинг бутун дунё ҳаётида келтириб чиқарган таъсирини аниқ маълумотлар билан яққол гавдалантириб берди, шунингдек унга ўз муносабатини билдирди.

Муҳим жиҳати шундаки, Президентимиз Мурожаатномада шундай оғир паллада халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтаётганлигимизни алоҳида қайд этди. Хусусан, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилганлиги, пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилганлиги, хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртимизга олиб келиниб, чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилганлиги, пандемия шароитида аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилганлиги таҳсинга сазовордир.

Мурожаатномада айтиб ўтилган ҳар бир рақам ортида қанчадан-қанча оғир меҳнат, матонат, интилиш ва саъй-ҳаракатлар турганини тасаввур этишнинг ўзи амри маҳол. Айтиш жоизки, Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Мурожаатноманинг кириш қисмида таъкидлаб ўтилган мамлакатимиз ва дунёдаги мавжуд мураккаб ҳолат ҳақидаги маълумотлар орқали кўз олдимизда 2020 йилнинг ижтимоий-иқтисодий қиёфаси яққол гавдаланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу йилги Мурожаатномаси ҳам иқтисодий-ижтимоий, ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан эътиборга лойиқ, барча ўқиб-ўрганиши муҳим бўлган, шунингдек аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиниши зарур бўлган ҳужжатдир.

Фозилжон ОТАХОНОВ,
Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти директори

УзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan