29 декабрь куни давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатномада мазкур масалага яна бир бор урғу берилди. Бунда камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усулларни жорий этиш, бунинг учун касб-ҳунарга ўқитиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу мақсадда келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилиши, бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига бир миллион сўмгача субсидия берилиши, ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун етти миллион сўмгача субсидиялар берилиши алоҳида таъкидланди.
2020 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Мазкур қарорнинг асосий мақсади мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш ҳисобланади.
Мазкур қарорда санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан давлат-хусусий шерикчилик асосида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ишсиз фуқароларни меҳнатга жалб қилишда хусусий секторнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, ривожланган демократик мамлакатларда нодавлат ташкилотлари (рекрутинг агентликлари) томонидан самарали фойдаланиб келинаётган иш услублари ва методларини миллий амалиётга жорий қилиш масалаларига алоҳида урғу берилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мазкур қарорда аҳолини ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, фуқароларнинг меҳнат фаолиятида профессионаллик маҳоратини ошириш борасида хусусий сектор, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари(ННТ)нинг ўрнига алоҳида урғу берилган.
Бунинг сабаблари нимада? Нима учун давлат раҳбари аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишларга маҳалла ва ННТларнинг имкониятларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бизнинг фикримизча, бунинг бир нечта сабаблари мавжуд.
Биринчидан, меҳнат бозорининг инфратузилмасида ҳам давлат, ҳам нодавлат ташкилотларининг мавжудлиги улар ўртасида ўзаро рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади. Бу ижобий ҳолат, чунки ҳар бир бозорда, биринчи ўринда, рақобат бўлиши керак.
Иккинчидан, очиғини айтиш керакки, бандликни таъминлаш билан шуғулланадиган ННТларида давлат бандлик хизматларига нисбатан ишга бўлган қизиқувчанлик ва манфаатдорлик анча юқори бўлади. Чунки, кўпгина нодавлат бандлик ташкилотларида ходимларга кўпроқ ҳақ тўлаш мезонлари уларнинг иш самарадорлигига, шу жумладан мурожаат қилган фуқароларнинг иш билан таъминланганлик даражасига боғлиқ.
Учинчидан, хорижий амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айнан рекрутинг агентликларида бўш иш ўринларини, айниқса иқтисодиётнинг хусусий секторида топиш имконияти анча кенгроқ бўлади. Чунки, улар кўпроқ Интернет жаҳон ахборот тизимидан фаолроқ фойдаланадилар. Маълумотларга қараганда, ривожланган европа мамлакатларида ҳозирги кунга келиб Интернет тармоғида бўш иш ўринларини топиш мақсадида 4 млрд. АҚШ доллари сарфланган ва бу харажатлар кундан-кунга ошмоқда. Етакчи корпорациялар ҳар йили шу мақсадга йўналтирилган бюджетдан 52 фоиз маблағни интернет орқали янги ходимларни топиш учун сарфлашга режалаштирган бўлса, давлат бандлик агентликларида бу миқдор 31 фоиз.[1]
Тўртинчидан, ҳозирги кунда фуқароларимиз иш топиш учун давлат органига эмас, балки кўпроқ нодавлат бандлик ташкилотига мурожаат қилишни афзал кўрадилар. Бу аччиқ ҳақиқат. Чунки, афсуски, ҳозирги кунда давлат бандлик ҳизматларида ишсиз фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш жараёнида давлат ҳизматчилари томонидан юзаки, формал ёки бюрократик муносабатни билдириш, аризани кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйиш ҳоллари кам бўлса ҳам, учрамоқда.
Мазкур масалада қабул қилинган қарор, сўзсиз, аҳолининг барча қатламларини фойдали меҳнатга кенгроқ жалб қилиш, ишсиз фуқаролардан профессионал мутахассисларни тайёрлаш, мамлакатда малакали кадрлар захирасини шакллантириш борасида ННТларнинг имкониятларини янада кенгайтиришга ҳуқуқий асос яратади.
Бандлик масаласи билан шуғулланишини ўз олдига мақсад қилиб қўйган ННТларга қандай имтиёз ва преференциялар жорий қилинган?
Биринчидан, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади.
Иккинчидан, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи берилади; касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бинолари бир қисми берилган тақдирда – мазкур марказларнинг ўқув жиҳозлари ва анжомларидан имтиёзли фойдаланиш имкони яратилади.
Учинчидан, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш, бунда давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражасидан фойдаланиш белгиланган.
Тўртинчидан, Қарорга мувофиқ, «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини халқаро WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади. Мономарказлар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади.
Бешинчидан, аҳолини нодавлат бандлик ташкилотларининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда банд қилишга йўналтирилган лойиҳалар ижросини таъминлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 150 миллиард сўм маблағ ажратилди[2].
Ва ниҳоят, олтинчидан, Республиканинг ҳар бир ҳудудида камида биттадан «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» бўйича нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ўртасида очиқ танлов ўтказилади. Танлов ғолиби сифатида таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган, ҳудудларнинг асосан қишлоқ ва чекка жойлари, чегара ҳудудларини қамраб олган ҳолда ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли, айниқса, камбағал фуқаролар, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга, чет тиллари ёки тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни зиммасига олган, ўқув дастури ва қўлланмаларига эга, ўқиш жараёнида ахборот-коммуникация воситаларидан ва инновацион ўқитиш услубларидан кенг фойдаланадиган нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаси аниқланади. «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» танлови ғолибларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 50 миллиард сўм маблағ ажратилди[3].
Бу борада шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида таълим олган ҳамда WorldSkills ва бошқа халқаро стандартлар даражасида касбий малака сертификатини (Skills паспорти) олган битирувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагича имтиёзлар бериш:
касб-ҳунарга ўқиш ва малака имтиҳонини топшириш харажатларини қоплаш;
тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилганлик учун рағбатлантириш субсидияларини ажратиш;
ўз бизнесини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратишга йўлланма бериш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда аҳолининг барча қатламларини ижтимоий-фойдали меҳнатга давлат-хусусий шерикчилик асосида жалб қилиш борасида фаол ва самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Келгусида давлат ва нодавлат бандлик ташкилотлари ўртасида биргаликда қандай ишлар амалга оширилиши лозим, уларнинг ҳамкорлик истиқболлари нимада кўринади?
Бизнинг назаримизда, аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида давлат-хусусий шерикчилик қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Биринчи йўналиш – ишчи ўринларга даъвогар бўлган ягона ахборот базаси (бўш жойлар банки)ни шакллантириш ва мазкур базадан фойдаланиш учун эркин шароитлар яратиш.
Иккинчи йўналиш – умумий стратегик мақсадларга эришишга қаратилган биргаликдаги чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан:
– тадбиркорлик субъектлари учун – ишга жойлаштирмоқчи бўлган номзодларни кўпайтириш эвазига уларнинг даромадини ошириш механизмини жорий қилиш;
– давлат органлари учун – хусусий сектор билан ҳамкорликни яхшилаш эвазига ўзларининг асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш ва ҳ.к.
Учинчи йўналиш –аҳолини банд қилиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича биргаликда анжуманлар ташкил қилиш. Мазкур тадбирлар давомида биргаликдаги фаолиятнинг натижаларини чуқур ва комплекс тарзда таҳлил қилиш, икки тарафлама ҳамкорликнинг истиқболлари бўйича аниқ таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, инновацион иш услублари бўйича фикр алмашиш, аҳолининг бандлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган ташаббусларни шакллантириш имконияти яратилади.
Тўртинчи йўналиш – иш қидириб юрган фуқароларни бўш иш ўринлари ҳақида янада қулайроқ, кенгроқ ва тезкор маълумотлар билан таъминлаш.
Бешинчи йўналиш – аҳолининг иқтисодий фаоллигини, яъни фуқароларнинг иш билан банд бўлишга бўлган қизиқишларини янада ошириш.
Давлат ва нодавлат бандлик ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигининг санаб ўтилган асосий йўналишлари белгилаб олинганидан сўнг, мазкур соҳада давлат-ҳусусий шерикчиликнинг барқарор ривожланиши таъминланиши даркор. Бунинг учун улар ўртасида меҳнат бозорини тартибга солиш бўйича функциялар аниқ тақсимланиши, шунингдек аҳолининг бандлик масалалари билан шуғулланишга хусусий секторни турли воситалар орқали (Президент қарорида кўрсатилганлардан ташқари) рағбатлантириш тизимини жорий этиш, мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Мазкур масалаларни ижобий ҳал қилиш мақсадида нодавлат ташкилотлари томонидан меҳнат бозорида фаолият кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари яратилиши зарур. Бунинг учун биринчи галда “Меҳнат бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги, “Рекрутинг агентликлари тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Мазкур қонунлар ёрдамида мамлакатимизда меҳнат бозорининг замонавий ва самарали механизмларини жорий қилиш, ушбу механизмнинг бир муҳим элементи сифатида бандлик масалалари билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини фаоллаштиришга, пировард натижада эса аҳолининг ишсиз қатламини кескин қисқартириш ва камбағаллик муаммосини ҳал этиш мақсадларига эришиш мумкин.
[1] Қаранг: https://hr-portal.ru/article/gosudarstvennye-i-chastnye-posredniki-na-rynke-truda-puti-vzaimodeystviya
[2] Қаранг: https://www.gazeta.uz/uz/2020/08/11/bandlik/
[3] Қаранг: “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.08.2020й. ПҚ-4808-сонли қарорининг 8-9 бандлари.
Акилов А.Р., Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор