Ўтган йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиқиш қилди.
Мазкур Мурожаатномада давлатимиз раҳбари мамлакатни демократлаштириш ва модернизациялаш, бозор иқтисодиётининг пойдеворини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш борасида 50 га яқин ташаббусни ўртага ташлади. Ушбу ташаббусларнинг аксарияти парламентга, қолганлари қонунчилик ташаббуси субъектларининг қонун ижодкорлиги фаолиятига бевосита боғлиқ.
Жумладан, Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш, тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузаётган мансабдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат бериш, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сонини қисқартириш, Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш, молия бозорида рақобатни ошириш мақсадида банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш каби таклифларни санаб ўтсак бўлади.
Ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш механизмларини жорий этиш, шунингдек тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилиниб, 115 таси бўйича тартиб-қоидалар соддалаштиришга оид ташаббуси қатор вазирлик ва идоралар томонидан ҳам ташкилий-тузилмавий ўзгартишларни, ҳам норма ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш талаб этади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг Тадбиркорлик кодексини тайёрлаш ҳақидаги топшириқлари алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бундай чоралар, биринчидан, фуқароларнинг ўз меҳнати ва хусусий мулкидан манфаатдорлигини оширади, иккинчидан, мамлакатда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун янада кенгроқ имкониятлар очиб беради. Шаклланган ижтимоий муносабатларни самарали ҳуқуқий тартибга солишнинг замонавий ва ривожланган мамлакатлар фойдаланадиган механизмларини тадбиркорликка жорий этиш имконини яратади.
Ёки бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш, ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, улардаги ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини қайта кўриб чиқиш, эскирган ва замон талабига жавоб бермайдиган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунларни янгилашга оид юртбошимизнинг таклифлари мамлакатнинг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш ва оптималлаштиришга хизмат қилади. Уларни номарказлашган кўринишга олиб келиш давлат ҳокимияти тизимида фаолият кўрсатаётган давлат хизматчиларининг меҳнатга бўлган қизиқишини ва иш самарадорлигини оширишга, шунингдек ижро ва вакиллик ҳокимияти органлари ўртасида демократик муносабатларни жорий этишга ҳуқуқий асос яратади.
Муҳим ташаббуслар мамлакатда фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлашда, жамоатчилик, айниқса хотин-қизларнинг давлат хокимияти ва бошқарув органларида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар очиб беришга қаратилди. Булар қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини йўлга қўйиш, жумладан, “жамоатчилик эшитуви” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимини жорий этиш, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларни жалб этиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш, Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этиш бўйича таклифлардир.
Мамлакат раҳбарининг ғоялари суд-ҳуқуқ тизимида қатор инқилобий қонунчилик ислоҳотларини амалга оширишга ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади. Жумладан, 2021-йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим, деган фикрлар билан бойитилди. Уларнинг аксарияти миллий суд тизимини модернизациялаш ва демократик тамойиллар асосида фаолият кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.
Янги йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичларини қисқартириш ва одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиётини бекор қилиш ҳақидаги Президентимизнинг ташаббуси алоҳида эътиборни тортади. Шунингдек, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилиши, бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилиш таклифи одил судловнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига ва ривожланган демократик мамлакатларнинг жиноят процесси амалиётига тўла жавоб беради.
Чунончи, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби ривожланган демократик мамлакатларда турли ишлар бўйича ихтисослаштирилган судларнинг барчаси ягона Олий суд тизими доирасида фаолият кўрсатади. Бунда мазкур судлар ваколатида ишни қайтариш деган ваколат мавжуд эмас, чунки улар, масалан, жиноят иши бўйича ҳар қандай қарорни ўзлари мустақил қабул қилишлари мумкин.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган яна бир муҳим янгилик – судларни рақамлаштиришни янада кенгайтириб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат этиш имкониятини яратиш ва шу орқали фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориш институтини амалиётга кенг жорий этишдан иборат. Бу амалиёт кўпчилик ривожланган мамлакатлар (масалан, Япония, Корея)да кенг қўлланилмоқда.
Ушбу амалиёт нафақат судларга, балки одил судлов билан боғлиқ барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига татбиқ этилиши, келгусида ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасидан самарали фойдаланиб келаётган “электрон иш юритуви” ҳамда “электрон одил судлов”нинг замонавий иш услубларини жорий этишга кенг имкониятлар очиб беради.
Ва ниҳоят, юртбошимизнинг яна иккита ташаббуси: биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазони енгилроғи билан алмаштириш, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олиниши, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод этиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилиши; кейингиси – Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимининг йўлга қўйилиши, биринчидан, жазони ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш халқаро ҳуқуқ стандартларига тўла жавоб беради, иккинчидан, ривожланган демократик мамлакатлар (АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, европа мамлакатлари ва ҳ.) амалиётига мос келади.
Ўзбекистон Президентининг юқорида санаб ўтилган барча ташаббуслари узоқ муддатли ва кенг қамровли қонун ижодкорлигини талаб этади. Бу эса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари зиммасига муҳим вазифалар юкламоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган барча таклифлар ривожланган демократик мамлакатларнинг қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўрганиш ва таҳлил этиш, парламент олдига қўйилган муҳим вазифа сифатида қонунларни халқаро ҳуқуқ стандартлари ва меъёрларига мувофиқ равишда ишлаб чиқилишида муҳим ўрин тутади.
А.Р.Акилов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор