Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг уч йиллик фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ўтган давр мобайнида институт томонидан Олий Мажлис палаталари, хусусан, Қонунчилик палатаси фаолияти самарадорлигини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, коронавирус пандемияси шароитида институт томонидан амалга оширилган илмий ва ахборот-таҳлилий маълумотлар оғир ва мураккаб вазиятда парламент фаолиятининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.
Институт 2018-2020 йиллар давомида Олий Мажлис Сенатининг фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасида энг яқин кўмакчига айлангани, амалдаги қонунларнинг таъсирини баҳолашда институт томонидан ўтказиладиган тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозил Отахонов институт фаолияти юзасидан ҳисобот берди.
Таъкидланишича, 2018-2020 йиллар давомида амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 138 та илмий-ҳуқуқий хулоса, 21 та Олий Мажлис палаталарининг қарорлари лойиҳаси, 380 га яқин ахборот-таҳлилий маълумот, шунингдек, депутатлар ва сенаторлар фаолиятига услубий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида 4 та илмий-амалий қўлланма тайёрланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2020 йил 25 сентябрдаги қўшма қарори билан институт фаолияти тубдан такомиллаштирилган. Қўшма қарор асосида институтнинг илмий хулосасини олиш амалиёти жорий этилган. Институт ҳузурида Илмий-эксперт кенгаши тузилган.
Шу билан бирга, институт муассислигида “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашри таъсис этилди. Институт тузилмасида Парламентаризмни ривожлантириш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўқув марказини ташкил қилиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Матбуот анжуманида “Менинг фикрим” веб-порталининг ҳам 2018-2020 йиллардаги фаолияти тўғрисида ахборот берилди. Хусусан, ҳисобот даврида веб-порталга фуқаролар томонидан 4 минг 150 дан зиёд электрон жамоавий мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 440 та электрон жамоавий мурожаат веб-порталга жойлаштирилган. Оммавий овоз йиғиш учун жойлаштирилган мурожаатлардан 21 таси етарли овоз тўплаган, фуқаролар томонидан 27 мингга яқин изоҳлар қолдирилган.
Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА