USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури билан ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори Ф.Отахонов, Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъбаси бош илмий ходими Ж.Худоберганов ҳамда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директори Г.Ледбеттер, USAIDнинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ва қонунчилик бўйича мутахассиси И.Бектемировлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад тарафларни қизиқтираётган масалалар юзасидан фикр алмашиш ва ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишдан иборат бўлди.

Учрашув аввалида, Ф.Отахонов 2020 йилнинг 25 сентябрь куни Институт фаолиятини тубдан такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарори қабул қилинганлиги, мазкур Қўшма қарор билан Институт зиммасига парламент палаталарига яқиндан кўмаклашиш бўйича янги устувор вазифалар юклатилганлиги ва ушбу вазифаларни самарали амалга оширишда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Г.Ледбеттер сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамият бошқарувида парламентнинг ролини янада кучайтириш ва парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганлигини эътироф этди ҳамда USAID бу борада Институт билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Институтнинг USAID кўмагида қонун ижодкорлиги жараёнида илмий экспертиза фаолиятини такомиллаштириш ва хулосалар ишлаб чиқиш ҳамда унда жамоатчиликнинг ролини ошириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш юзасидан 2021-2022 йилларга мўжалланган ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan