Олий Мажлис палаталари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг мазмун-моҳияти – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Парламент фаолиятининг самарадорлиги, яъни қонун ижодкорлик ишларини мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашнинг тўлалиги ва ўз вақтидалиги, парламент назоратининг таъсирчанлиги ва унинг вакиллик ваколатларини барча худудларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши, кўп жиҳатдан, парламент фаолиятида илмий омилнинг ўрни, салоҳияти ва сифат даражасига боғлиқ десак муболаға бўлмайди.

ХХ асрнинг ўрталарида энг ривожланган демократик мамлакатлардан бошланган парламент томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирларни, жумладан, қабул қилинаётган қонунларни, ундаги ҳар бир нормани, ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи процессуал механизмни илғор ва замонавий илмий концепциялар билан асослаштириш сиёсати ҳозирги кунда кўплаб хориж мамлакатларининг парламент фаолиятида кенг қўлланиб келинмоқда.

Ўзбекистонда ҳам, айниқса, охирги тўрт йил мобайнида миллий парламентимиз – Олий Мажлис палаталари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита ташаббуслари билан 2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди ва унинг олдига қонун лойиҳаларини тайёрлашда, уларни муҳокама қилишда, қабул қилинган қонунлар моҳиятини жамоатчиликка етказишда парламент аъзолари ҳақиқий ёрдамчи бўлиши лозимлиги асосий мақсад қилиб қўйилди. Шунингдек, Президентимиз томонидан Қонунчилик палатаси олдига қўйилган муҳим вазифа – қонун ижодкорлиги фаолиятига илмий-инновацион жараённи кенг татбиқ этиш ҳам Парламент институтининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб берилди.

Шундан келиб чиқиб, ўтган йили сентябрь ойида Парламент институтининг янги низоми тасдиқланиб, унинг 5 асосий вазифалари белгилаб олинди. Уларнинг бири – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда парламент фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш масаласида, унинг мақсадлари ва вазифалари, объекти ва субъекти, таъминлаш предмети ва шунга ўхшаган қатор долзарб масалалар бўйича фанда ягона ҳурфикрлик мавжуд эмас. Масалан, кимдир мазкур масалада парламент фаолиятини илмий жиҳатдан асослантиришга урғу берса, бошқа ҳуқуқшунос олимлар ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга кўпроқ урғу бериш лозимлигига эътибор қаратмоқдалар.

Ёки айрим илмий экспертлар парламент фаолиятини илмий асослантириш ишлари холислик ва мутлақ мустақиллик принциплари асосида амалга оширилиши лозим деган ғояни илгари суришса, бошқа қараш тарафдорлари – парламент фаолиятини илмий таъминлаш деганида қабул қилинаётган қонунларнинг тартибга солиш таъсирчанлигини баҳолаш, қонунлар ижроси устидан мониторингни олиб боришни ҳам назарда тутиш лозим деб таъкидламоқдалар.

Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий таъминлашнинг мазмун-моҳиятини тушуниш борасида мазкур соҳада энг илғор тажрибага эга бўлган парламентлари (АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Туркия Республикаси)нинг илмий хизматлари фаолиятини чуқур таҳлили алоҳида аҳамиятга эга.

Хорижий парламентларнинг илмий хизматлари амалиётининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш масаласини шартли равишда учта қисмга бўлган ҳолда таҳлил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Чунки уларнинг мақоми, мазмуни, объекти ва субъекти, ўрганиш предмети ва тадқиқот услублари бир мунча фарқ қилади.

Биринчи тушунча, бу – парламент фаолиятини илмий жиҳатидан таъминлаш деганида парламент фаолиятида, энг авваламбор, илмий омилни кучайтириш, қонун ижодкорлик ва парламент назорати йўналишларини амалга оширилишида нафақат ҳуқуқшунослик фани, балки фаннинг барча соҳалари томонидан тўпланган илмий йўналишлар, илмий-назарий концепциялар, қарашлар ва умумэътироф этилган ғоялардан кенг фойдаланиш, таъбир жоиз бўлса, уларга ва фақатгина уларга таянишни тушуниш даркор. Бунда парламент фаолиятини илмий жиҳатидан таъминлашнинг бир нечта усулини кўрсатиш мумкин.

Биринчи усул, бу – парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларни, режалаштирилаётган парламент тадбирларни ўтказишни, масалан, парламент назорати натижаси бўйича танланган таъсир чорасини қўллашдан олдин уларнинг тўғрилигини илмий жиҳатидан асослантириш, бунинг учун мазкур соҳадаги етук олимларнинг фикрларини аниқлаш. Бунда мазкур олимларнинг эксперт сифатида санаб ўтилган тадбирларни ўтказилишида жалб қилиш ёки ушбу олимлар бажарган тадқиқот ишларидан фойдаланиш мумкин.

Иккинчи усул, бу – парламент томонидан қабул қилинаётган қарорларни, кўпинча, тайёрланган қонун лойиҳалари бўйича илмий экспертизасини ўтказиш.

Илмий экспертиза илм-фаннинг барча соҳалари бўйича ўтказилиши мумкинлигини инобатга олиб, илмий адабиётларда унинг иккита тури: соф илмий экспертиза ва илмий-техник экспертизаси эътироф этилади. Учинчи усул, бу – парламент томонидан қабул қилинаётган қарорлар бўйича илмий муҳокамаларни ташкил этиш ва натижаси бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни олиш.

Юқорида санаб ўтилган учта услуб парламент фаолиятини илмий жиҳатдан таъминлаш ишларининг асосини ташкил этади ва ҳозирги кунда ривожланган мамлакатларнинг парламент фаолиятида кенг қўлланиб келинмоқда.

Хўш, мана шу учта усулдан миллий парламентимиз – Олий Мажлиси палаталари фаолиятида фойдаланиш кифоями? Мазкур йўналишда қандай янги ва замонавий методларни яна тавсия қилса бўлади?

Бизнингча, миллий парламентимизнинг фаолиятини илмий жиҳатидан таъминлаш борасида илмий адабиётларда кенг ёритилган ҳамда ривожланган демократик мамлакатларнинг парламент тажрибаси ўз самарасини намоён қилаётган яна бир қатор илғор технологияларни қўлласа бўлади.

Биринчи усул, бу – Олий Мажлис палаталари, унинг қўмиталари ва комиссиялари, Қонунчилик палатаси фракциялари ҳузурида илмий-экспертлик гуруҳларини тузиш. Бу гуруҳлар, биринчидан, доимий ўзгармайдиган таркибда эмас, балки таркиби доимо янгиланиб бораётган шаклда, унинг аъзоларига нисбатан эса турли рағбатлантириш усулларини қўллаш шаклида фаолият юритилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Масалан, илмий-экспертлик гуруҳнинг таркибини ўзгартиш мезони сифатида тегишли қўмита, комиссия ёки фракцияга келиб тушган қонун лойиҳаси ёки бошқа хужжат лойиҳасининг мазмуни (фан ёки тармоқ соҳаси), уни кўриб чиқиш ва тайёрлаш ҳажмини қабул қилинса тўғри бўлар эди. Рағбатлантириш чоралари сирасига эса тегишли қўмита, комиссия ёки фракция раҳбарининг ташаккурномаси, агарда илмий-эксперт гуруҳи аъзоси диссертация тадқиқотини бажараётган бўлса, унга тадқиқот натижасини амалиётга жорий қилинганлиги ҳақидаги далолатномани бериши, керак бўлса, гуруҳ ишида фаол иштирок этса, унга Қонунчилик палатаси ёки Сенатнинг фахрий ёрлиғини ҳам бериш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

Иккинчи усул, бу – Олий Мажлис палаталари, унинг қўмиталари ва комиссиялари, Қонунчилик палатаси фракциялари томонидан уларга келиб тушган ҳар бир ҳужжат: қонун лойиҳаси бўладими ёки давлат дастурининг лойиҳаси, уларнинг ҳар бири бўйича илмий муҳокамаларни ташкил этиш амалиётини кенг қўллаш.

Иккинчи тушунча – парламент фаолиятини ахборот-таҳлилий таъминлаш тушунчасини иккита қисмга бўлиш мумкин, чунки улар ўртасида ҳам муайян фарқлар, ўзига хос жиҳатлари мавжуд.

Парламент фаолиятини ахборот жиҳатидан таъминлаш деганида авваламбор, парламент, унинг органлари бўлган фракция, қўмита ва комиссияларни, ҳар бир депутат ва сенаторни керакли ахборот билан таъминлаш, улар ташкил этишни режалаштирилаётган чора-тадбирларни, жумладан, тайёрланаётган қонун лойиҳасини ҳар томонлама пухта тайёрлаш, унинг предметини ташкил этувчи барча жиҳатларини тартибга солиш имконини яратувчи барча маълумотларни етказиб бериш, деб эътироф этсак хато бўлмайди. Бунда ахборотни сўраб олувчи парламент субъекти турли статистик маълумотларни, тегишли вазирлик ёки идораларнинг ҳисобот ҳужжатларини, оммавий ахборот воситаларида ёки махсус адабиётларда чоп этилган мақолалар ёки тадқиқот натижалари билан таъминланади.

Парламент фаолиятини таҳлилий жиҳатидан таъминлаш деганида эса, юқорида санаб ўтилган ахборот манбалари парламент субъекти томонидан эмас, балки ушбу маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этиш билан махсус шуғулланадиган тузилмалар, шу жумладан, парламентнинг илмий хизматлари томонидан комплекс равишда ўрганилиб, улар бўйича тегишли хулосалар чиқарилади.

Мазкур иккита йўналишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари девонлари ва Парламент институти томонидан қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бунда ҳам анъанавий ҳамда янги замонавий иш услубларидан, масалан, палатанинг тегишли қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳи фаолиятида иштирок этиш ёки Қонунчилик палатаси ва Сенатга тайёр қонун лойиҳаларини ва уларга илова қилинадиган тегишли ахборот-таҳлилий маълумотлар билан бирга тақдим этишдан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Бу борада ҳам табиий савол туғилиши мумкин: парламент фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан яна қандай иш услублари ёки шакллардан фойдаланса бўлади?

Мазкур соҳада ҳам кенг истиқболлар ва ҳали фойдаланилмаган имкониятлар талайгина.

Биринчидан, парламент фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ишлари Олий Мажлиси палаталари, унинг органлари қонун лойиҳаларини 1-, 2- ва 3-ўқишда кўриб чиқиш ва қабул қилиш учун тайёрлаш жараёнида кенг равишда амалга оширилиши зарур.

Иккинчидан, парламент фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ишлари парламент назоратининг барча турларидан фойдаланилаётган жараёнда, айниқса, парламент ва қўмита эшитувлари, “ҳукумат соатлари” ташкил этиш ва ўтказиш пайтида фаол олиб борилиши керак.

Мазкур тавсияларни Олий Мажлис палаталари, унинг қўмита ва комиссиялари фаолиятига кенг жорий қилиш, тавсия этилаётган янги иш услубларининг ҳуқуқий мақомини, уларни қўллашнинг батафсил регламентини қонун доирасида мустаҳкамлаш Ўзбекистонда парламентаризмни янада ривожлантириш, парламентнинг давлат бошқаруви тизимида тутган ўрни ва моҳиятини янада оширишга, пировардида эса, давлат сиёсатида халқ вакиллиги институтининг ролини кучайтирилишига эришиш мумкин.

 

Олим ОҚИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институтининг бўлим бошлиғи, ю.ф.д, профессор

ЎзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan