Ислоҳотлар самарадорлиги уларнинг ҳуқуқий асослари нечоғлик мукаммал эканига боғлиқ – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Ислоҳотларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан уларнинг ҳуқуқий асослари нечоғлик мукаммал эканига боғлиқ. Шу боис, қонунлар, фармон ва қарорлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва аҳолига халқчил тилда етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилда қабул қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси асосида қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни аҳолига етказишни назарда тутувчи принципиал янги тизим жорий этилмоқда.

Муносабат

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган эди. Шу мақсадда 2019 йилнинг 1 январь куни интернет жаҳон ахборот тармоғида пилот лойиҳа сифатида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – «projekt.gov.uz» синов тариқасида ишга туширилди. Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 20 дан ортиқ илғор мамлакатлар, хусусан, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Япония тажрибаси ўрганилди. Уларнинг юқори даражадаги ахборот-коммуникация технологиялари келтирилди.

Ҳукуматнинг 2019 йил 8 апрелдаги қарорига асосан барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ягона электрон тизимида келишилмоқда. Ўтган давр мобайнида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро органларининг 2 минг 500 нафарга яқин ходими (улардан 600 нафарга яқини раҳбар ходимлар) Ягона электрон тизимга электрон рақамли имзо орқали уланди. Илгари биргина норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишда ташкилий ишларни бажариш учун бир неча ҳафта ёки ойлар талаб этилган. Бугунги кунда бундай ишлар ягона тизим орқали тезкорлик билан амалга оширилмоқда.

Миллий база – lex.uzда қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлигини биласизми?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси тизими – lex.uz мамлакатимизда 2000 йилда жорий этилган. 2007 йилда расмий ишга туширилган,

2016 йилда Миллий базага қонун ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилди. Илгари Миллий базани шакллантириш, ҳужжатларга юридик ишлов бериш, айрим ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни базада расмий эълон қилиш муддатлари бузилар эди. Бунинг асосий сабаби келиб тушаётган қонуности ҳужжатларининг баъзиларида орфографик, стилистик хатолар, давлат ва бошқа тиллардаги матнларнинг бир-бирига зиддиятли жиҳатлари мавжудлигида эди. Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида Миллий базани тўлиқ модернизация қилиш белгиланди. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан Миллий базани 2019-2020 йилларда ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатда Миллий базани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, техник мустаҳкамлаш истиқболлари белгилаб берилди.

Бу ишлар ўз самарасини узоқ куттириб қўймади. Қисқа фурсат ичида Миллий базанинг 21 та қонунчилик соҳалари каталоглари шакллантирилди. Қабул қилинган қонун ҳужжатлари доимий тарзда Миллий базага бир иш кунида киритилмоқда. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштирилган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги ҳаволаки нормалар, шарҳлар тақдим этиб борилмоқда. Ҳаволаки нормалар ва шарҳлар уларнинг долзарблиги, қонунчиликдаги ўзгаришлар, шунингдек, янги ҳужжатларнинг акс этиши асосида янгилаб борилмоқда. Хусусан, Жиноят кодекси, Ер кодекси, Оила кодекси, шунингдек, янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодексига шарҳлар бутунлай янгиланди.

Ҳар йили ўртача мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ҳозирги пайтда Миллий базада 30 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, улар инглиз тилига таржима қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Туризм тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг инглиз тилидаги таржимаси жойланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштирилган ҳужжатларнинг лотин алифбосидаги матнларини ҳам базага киритиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда 25 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лотин алифбосида эълон қилинди.

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича парламент муҳокамалари жараёнининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида бир неча самарали механизмлар жорий этилди. Эндиликда қонун лойиҳалари матнлари ва уларга доир таҳлилий материаллар ҳар бир ўқишдан кейин парламентнинг веб-ресурсларида тезкор эълон қилиб борилмоқда. Бундан ташқари, реал вақт режимида таклифлар ҳамда мулоҳазаларни йўллаш имкониятини жорий этган ҳолда мазкур жараёнларни оммавий ахборот воситалари, шунингдек, парламентнинг веб-ресурсларида онлайн трансляция қилиш ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.

Мазкур янгича ёндашувларни жорий қилишининг туб негизида норма ижодкорлиги жараёнига кенг омма вакилларини жалб қилиш ва ҳалқчил қонунларни тайёрлаш каби муҳим мақсадлар ётибди. Энг аввало, ижтимоий муносабатларни тартибга солишда барқарорликка эришиш учун такомилига етган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишнинг ўзи камлик қилади. Қабул қилинаётган ҳужжатлар ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида оддий тилда тушунтиришлар бериш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олади. Қолаверса, бундай ёндашув аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

“Томошабин бундай муҳим ҳужжатларни қандай қабул қиляпти, қай даражада англамоқда, тушунмоқда?!” деган саволлар очиқ қоларди

Ҳаммамизнинг ёдимизда: яқин-яқингача телеканалларимизда янги қабул қилинган қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари сухандон томонидан ўқиб берилар ҳамда шу билан чекланиларди. Лекин “Томошабин бундай муҳим ҳужжатларни қандай қабул қиляпти, қай даражада англамоқда, тушунмоқда?!” деган саволлар очиқ қоларди. Маълумки, расмий услубдаги матнни узоқ вақт давомида тинглаш инсон мияси зўриқишга олиб келиши мумкин. Бу табиий физиологик жараён.

Тушуниш қийин бўлган юридик терминлар, мураккаб конструкциялар баъзан малакали ҳуқуқшунослар доирасида ҳам қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Ҳар қандай медиамаҳсулот, аввало, одамлар руҳияти, психологияси, ҳиссиётларига таъсир этиши лозим. Шундай экан, қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатни кенг оммага эълон қилиш ва шарҳини тайёрлашда нейролингвистик омилларга, компьютер графикасига, инфографик тасвирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги кунда қабул қилинаётган ҳужжатлар моҳиятини халққа етказишда ҳаётий мисоллар, кундалик турмушимиздаги жараёнлар, ҳолатлар, тенденциялар қўлланилмоқда. Инсонлар тақдири ва фаолияти орқали, соҳа мутахассислари фикрини инобатга олиб, оддий, аммо матн мазмунини бойитадиган медиа шакллардан фойдаланишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Бинобарин, ҳар қандай қонун, фармон ёки қарорнинг амалиётга тўғри жорий қилиниб, самарали ишлаши ҳамда ижро этилишида мана шундай ноанъанавий ва ўзига хос тарғибот усуллари ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Замонавий тарғибот усуллари қонунларнинг самарали ижросини таъминловчи куч сифатида миллий парламентимиз фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда. Моҳиятни етказиш қанчалик самарали бўлса, амалда вазифаларни бажариш ҳамда шу йўлда жамиятни сафарбар қилиш шунча осон кечади.

Бу борадаги телешарҳлар, медиаматериаллар “қотиб қолган” муайян қарашларни йўққа чиқариб, ўз кутилган натижасини бераётгани телетомошабинлар, умуман, кенг аудитория томонидан билдирилаётган ижобий фикрлар мисолида ўрганиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш учун барча соҳада юритилаётган туб ислоҳотлар такомиллашиб бораётган норма ижодкорлиги фаолиятида ҳам акс этмоқда. Қонунчилик тарғиботида янгича ёндашувлар, медиатехнологиялар ва ҳаётий мисоллар ҳужжатлар моҳиятини аниқ ва лўнда тушунтириш учун хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Валишер ДАВЛЯТОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти
бўлим бошлиғи.

ЎзА

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan