“Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги Халқаро конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга жорий этилмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 15 октябрдаги 513-1У/КҚ-138-1У-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи – Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси” доирасида Қонунчилик муаммолари институти томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Маълумки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш соҳасида мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

 Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси доирасида “Камситишга йўл қўймаслик ва тенглик тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш кўзда тутилган.

Институт томонидан мазкур йўналишда қатор хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатадики, камситишга қарши ёки тенглик тўғрисидаги қонунлар ЕХҲТга аъзо давлатларнинг кўпчилигида мавжуд: Aлбания, Aвстрия, Белгия, Босния ва Герцеговина, Болгария, Канада, Хорватия, Кипр, Чехия, Эстония, Финляндия, Грузия, Германия, Греция, Венгрия, Ирландия, Италия, Латвия, Лихтенштейн, Литва, Люксембург, Малта, Молдова, Черногория, Нидерландия, Норвегия, Полша, Португалия, Руминия, Сербия, Словакия, Словения, Испания, Швеция, Швейцария, Македония, Туркия, Украина, Буюк Британия, AҚШ ва бошқалар.

Баъзи мамлакатларда эркаклар ва аёлларга нисбатан тенг ҳуқуқлилик камситишга қарши кенг қамровли қонунларнинг бир қисми сифатида (Чехия, Венгрия, Ирландия, Полша, Руминия, Словакия, Словения, Швеция ва Буюк Британия каби) кўрсатилган. Бошқа мамлакатларда камситишга қарши қонун ва гендер тенглиги масалалари тўғрисида алоҳида қонунлар мавжуд (Белгия, Болгария, Хорватия, Дания, Финляндия, Греция, Литва, Черногория , Голландия, Руминия ва Сербия).

Жумладан, Грузияда “Камситишнинг барча шаклларини бекор қилиш тўғрисида”, Эстонияда “Тенг муомала тўғрисида”ги, Украинада “Камситишларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш тамойиллари тўғрисида”ги қонунлар, Белоруссияда “Тенглик ва камситишнинг олдини олиш ва ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги Миллий қонунчилик концепция”лари қабул қилинган.

Эстонияда “Тенг муомала тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, шахсларни миллати, ирқи ва терисининг рангига қараб камситиш тақиқланади. Иш топиш, якка тартибдаги тадбиркор мақомини олиш ва касбга кириш учун шарт-шароитлар яратишда, шунингдек, ишга қабул қилиш ва танлаш мезонларини белгилашда, шунингдек лавозимдан кўтарилишда бир хил мавқедаги шахсларни шахс учун номақбул хатти-ҳаракатлар асосида камситиш тўғрисидаги буйруқ тўғридан-тўғри камситиш ҳисобланиб жавобгарликни келтириб чиқаради. Мазкур қонуннинг 24-моддасига асосан агар камситиш натижасида инсон ҳуқуқлари бузилган бўлса, у ҳуқуқларини бузган шахсдан камситишни тўхтатиш ва унга нисбатан камситиш натижасида етказилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Бунда ҳуқуқлари бузилган шахс компенсацияга қўшимча равишда маънавий зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Кўриниб турибдики, Эстония қонунчилигида камситиш асосан меҳнат муносабатларига нисбатан назарда тутилган.

Юқорида кўрилган хорижий мамлакатлар тажрибасини, шунингдек миллий қонунчилигимизнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ирқий камситиш тушунчасига қуйидагича таъриф бериш мақсадга мувофиқ.

“Ирқий камситиш” – ирқ, тана ранги, уруғчилик, миллий ёки этник келиб чиқиш белгиларига асосланган, сиёсий, иқтисодий, социал, маданий ёки ижтимоий ҳаётнинг исталган бошқа соҳаларида тенг асосларда инсон ҳуқуклари ҳамда асосий эркинликларини тан олиш, фойдаланиш ёки амалга оширишда тўсқинлик қилиш ёки камситишни мақсад қилган ҳар қандай тафовут, истисно, чеклаш ёки устунликни англатади.

1966 йил 7 мартда имзоланган “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги халқаро конвенцияда шахсларни ирқи, тана ранги ёки этник келиб чиқиш белгиси бўйича камситиш миллатлар ўртасида дўстона ва аҳил муносабатларга тўсиқ бўлишини ҳамда халқлар ўртасида тинчлик ва хавфсизлик, шунингдек айни бир давлат ичида шахсларнинг уйғун тинч-тотув яшаши бузилишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланган.

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш кафолати ҳар қандай демократик давлатнинг асосий талабидир. Бу борада мамлакатимизда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон қарори  билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда ҳам барча одамларнинг, уларнинг ёши, жинси, ногиронлиги мавжудлиги, миллати, дини ва ижтимоий мақомидан қатъий назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш (10.2-вазифа), қонунчиликнинг камситишга қарши меъёр ва қоидаларининг амалда, айниқса аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига нисбатан, тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш (10.3-вазифа) кабилар назарда тутилган. Мазкур вазифаларни амалга оширишда камситишга қарши миллий қонунни ишлаб чиқиш, қабул қилиш зарурати аниқ ва долзарбдир. Бунда тенгсизлик ва камситишларга қарши курашишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар, Конституцияда белгиланган барчанинг қонун олдида тенглиги принципини янада мустаҳкамлаш муҳимдир.

Юқорида кўрсатилган аксарият хорижий мамлакатларда камситишнинг 2 тури фарқланади: булар – бевосита камситиш ва билвосита камситиш. Германия, Грузия, Эстония, Белоруссия каби мамлакатлар қонунчилигини ўрганган ҳолда бевосита ва билвосита камситиш тушунчаларига қуйидагича таъриф бериш мақсадга мувофиқ.

Бевосита камситиш – бу қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланишда шахсларнинг маълум бир хусусиятларидан келиб чиқиб, уларга нисбатан муомала қилиш ёҳуд айнан шу шароитдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни яратишдир.

Билвосита камситиш – бу қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланишда шахсларнинг маълум бир хусусиятларидан келиб чиқиб, айнан шу шароитдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган шаклий жиҳатдан холис бўлган, бироқ моҳиятан камситадиган ҳолат, мезонлар ва амалиётни жорий этишдир.

“Камситишга йўл қўймаслик ва тенглик тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини юқорида келтирилган таклифларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

ЛАЗИЗА НИЁЗОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти
Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими
етакчи илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan