Президент Мурожаатномаси — Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичи – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Бугун, 8 февраль куни “Президент Мурожаатномаси — Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичи” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Фаол фуқаролар умуммиллий фестивалига старт берилди.

Конференцияда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, маҳаллий ҳокимликлар, миллий ва халқаро экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан қанташди.

Сенат Раиси ўз нутқида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган  Мурожаатномасида фуқаролик жамиятини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратгани, қабул қилинган ҳужжатлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, яъни “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги”ни ташкил этишда оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини алоҳида эътироф этганини таъкидлади.

Қолаверса, бугун фуқаролик жамияти институтлари халқ манфаатини илгари сурувчи, халқ дарди билан яшовчи улкан кучга айланаётгани, фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири ­– оммавий ахборот воситалари ўтган қисқа вақт мобайнида жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминловчи, мавжуд тизимли муаммоларни рўй-рост ёритувчи чинакам “тўртинчи ҳокимият” сифатида шаклланаётганини қайд этди. Шунингдек, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида ҳали қиладиган вазифалар кўплиги, хусусан, соҳани тартибга солувчи қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, бугунги кун талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш кераклиги, ўтган йилги Давлат дастурида белгиланган Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни ҳам тезлаштириш зарурлигини билдирди.

Конференцияда қайд этилганидек, Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси нафақат фуқаролар, давлат идоралари вакиллари ва миллий экспертлар, халқаро ҳамжамият вакиллари учун дастуриламал, балки Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан биридир. Боиси, айнан Мурожаатномада соҳалар фаолияти, шу жумладан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрдаги Парламентга Мурожаатномасида Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлидан қайтмаслигини, бу билан инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилишини таъкидлади.

Аҳамиятлиси, давлат фаол фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка карт-бланш, яъни кенг ваколатларни тақдим этмоқда. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий буюртма асосида ҳудудлардаги ҳақиқий манзарани аниқлаш, турли даражадаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, ечимини топиш ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқишга жалб қилинади. Бунда, биринчи навбатда, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хизматлар, бандлик, ижтимоий хизматлар каби соҳаларга эътибор қаратилади. Ушбу мақсадлар учун 2021 йилда давлат бюджетидан 60 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган, бу 2019 йилга нисбатан икки баравар кўп.

Конференция давомида парламент аъзолари, ННТ вакиллари, миллий ва хорижий экспертлар қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг жиҳатларини кўриб чиқди. Таъкидланганидек,  ННТлар фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга эга, иқтисодий ривожланиш, давлат ва жамият бошқаруви муаммолари билан шуғулланади. Улар жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан яхши хабардор бўлиб, турли тадқиқотлар олиб боришмоқда. Қонунчилик ҳужжатлари, ривожланиш дастурлари муҳокамасига жамоатчиликни кенг жалб этиш уларнинг қамровини оширади, қонунчиликни такомиллаштиришда кўпчиликнинг фикрини акс эттиришни таъминлайди. Бундан ташқари, жамоат ташкилотлари ходимлари ва фаоллари салоҳияти ва ваколатларидан фойдаланиш маҳаллий даражада қонунчилик ижроси устидан самарали жамоатчилик назоратини ўтказишга имкон беради.

Шунингдек, конференцияда Президент Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббусларни самарали амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

www.senat.uz

O‘zbekcha | На русском

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan