ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИГА ОИД ҚОНУНЧИЛИК ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

2004 йилнинг 26 август куни «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги  Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қонуний кучга кирган.

Мазкур қонун, шунингдек «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг кўплаб қарорлари мамлакатда фермер хўжаликларини ривожлантиришга йўналтирилган ҳуқуқий, қонунчилик асосларини ташкил этади.

Ушбу қонунчилик ҳужжатларининг ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ўтган давр мобайнида, айниқса охирги тўрт йил ичида республикада қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилди.

Қабул қилинган «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунлар ернинг ҳақиқий эгаси сифатида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб берди ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлари сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади.

Шу билан бирга, фермер хўжаликлари соҳасида шаклланаётган барча ижтимоий муносабатлар қонун доирасида тартибга солинмаганлиги, тартибга солувчи нормаларда эса уларни ҳаётга татбиқ этишнинг процессуал механизми мавжуд эмаслиги, мазкур соҳадаги кўплаб асосий масалалар ҳанузгача қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинаётганлиги қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилиш амалиётига ўтишга тўсқинлик қилмоқда.

Жумладан, мазкур соҳада таянч қонун ҳужжати ҳисобланган «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунда қуйидаги «ҳуқуқий бўшлиқлар» аниқланди.

 

  1. Фермер хўжалиги соҳасига оид кўплаб муҳим масалалар бевосита ушбу қонунда тартибга солинмаганлиги, бу ҳолат ушбу қонуннинг аҳамиятини анча пасайтиради. Уларга:

– фермер хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби;

(маълумот учун: мазкур масала Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом»ига асосан ҳал этилади)

– кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини юритиш тартиби;

(маълумот учун: мазкур масалани тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киритилган, аммо ҳанузгача ушбу тартиб ишлаб чиқилмаган ва ҳаётга татбиқ этилмаган);

– фермер хўжалиги фаолиятининг асосини ташкил этувчи устави, фермер хўжалигининг устав фондини шакллантириш, ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби, шунингдек фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси ва фермер хўжалиги ташкил этиш учун ер участкасининг олиниши тартиби;

(маълумот учун: мазкур масалалар Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарори билан тасдиқланган «Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида низом»и билан тартибга солинади);

– фермер хўжалигида бухгалтерия ҳисоботини юритиш

(маълумот учун: мазкур масала фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобининг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш тўғрисида Низом билан белгиланади (Молия вазирлиги ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2008 йил 21 январдаги 1, 1/2-сон қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 26 мартда 1781-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди).

каби масалаларни мисол сифатида кўрсатиш мумкин.

 

  1. Фермер хўжалиги билан боғлиқ масалалар кўплаб қонунлар билан тартибга солинганлиги, бу тарқоқлик эса, ушбу қонунларни қўллашда қийинчиликлар туғдиради, масалан:

– мазкур қонуннинг 10-моддасида қайд этилган Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси, катта ва кичик дарёлар, сув ҳавзалари бўйлаб жойлашган ер участкалари фермер хўжалиги юритиш учун берилиши Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади;

– мазкур қонунда қайд этилган фермер хўжалигини юритиш учун ер участкалари бериш, фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари; фермер хўжалиги тугатилганда, ер участкасини ижарага олиш шартномасини бекор қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг тегишинча 53,39,40,24-моддаларида тартибга солинган;

– мазкур  қонуннинг 13-моддасида қайд этилган фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11,15- моддаларида кўрсатиб ўтилган;

– мазкур қонуннинг 15-моддасида қайд этилган фермер хўжаликларининг сув истеъмоли масаласи Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 30-моддаси билан тартибга солинади;

– давлат органлари ҳамда бошқа орган ва ташкилотларнинг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларнинг ва фуқароларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фермер хўжалигига етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойдани қопланиши, фермер хўжалигини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш), шунингдек, фермер хўжалигини тугатиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг тегишинча 1415324-339985989  ва  990,  49,  53-56-моддаларида, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 38-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади;

– фермер хўжалиги (иш берувчи) ва унинг ходимлари ўртасидаги меҳнатга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг VI бўлимига мувофиқ тартибга солинади;

– фермер хўжалигининг бошлиғи ва ходимларига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар ва пенсиялар тайинлаш ҳамда тўлаш Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартиб ва шартлар асосида амалга оширилади;

– фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулотни реализация қилиш, шу жумладан давлат эҳтиёжлари учун реализация қилиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар билан хўжалик шартнома мажбуриятлари бузилган тақдирда тарафларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг V  бўлимида белгилаб қўйилган.

 

  1. Мазкур қонуннинг айрим нормалари процессул механизмга эга эмаслиги, бу эса уларни ҳаётга татбиқ этмасликка, уларни «ўлик» нормаларга айланишига сабаб бўлмоқда.

Чунончи, қонуннинг 5-моддасида «Ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонун ҳужжатларида белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бу мажбурият ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилади» дейилган.

Аммо норматив ҳосилдорлик ҳанузгача қонун ҳужжатларида белгиланмаганли туфайли ушбу норма амалиётда қўлланилмайди.

Ёки қонуннинг 16-моддасида фермер хўжалиги ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни, фан ва техника ютуқларини жорий этиш, фан-таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ҳуқуқлари белгиланган.

Бироқ мазкур ҳуқуқлардан фойдаланиш механизми қонунда кўрсатиб ўтилмаганлиги сабабли, мазкур норма ҳуқуқни қўллаш амалиётида фойдаланилмасдан келинмоқда.

Қонуннинг 17-моддасида фермер хўжалиги зиммасига экологик талабларга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя этиш мажбуриятлари юклатилган.

Мазкур талаблар ва қоидалар қонунда аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли бу мажбуриятлар кўпинча бажарилмайди.

Мазкур моддада белгиланган фермер хўжалигининг бошқа мажбуриятларида (масалан, ер участкасининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унинг унумдорлигини сақлаб қолиш ва ошириш тадбир-чораларини кўриш, бизнес-режада шу мақсад учун маблағлар ажратилишини назарда тутиш; ғўза ва дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг белгиланган талабларига риоя этиш; сув ресурсларидан сув истеъмоли тўғрисидаги шартномага мувофиқ фойдаланиш, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриши ва ҳ.) ҳам уларни амалга ошириш механизми қонунларда белгиланмаганлиги сабабли улар амалиётда деярли бажарилмаяпти.

Қонуннинг 19-моддасида «Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи давлат ҳимоясидадир» дейилган, аммо давлат ҳимоясининг аниқ процессуал механизми ушбу қонунда кўрсатиб ўтилмаган. Натижада мазкур норма «шиорий» қоидага айланган.

Айнан шу моддада «Фермер хўжалиги тугатилаётганда фаолиятни амалга ошириш даврида ўз маблағлари ҳисобига яратилган мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин тасарруф этиши мумкин» деб қайд этилган.

Бироқ мазкур тартиб қонун ҳужжатларида белгиланмаганли туфайли, фермер хўжаликлари ўз маблағлари ҳисобига яратилган мол-мулкни эркин тасарруф этиш имкониятлари айрим ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти, солиқ, молия ва бошқа назорат органлари томонидан чегаралаш ҳолатларига ҳам йўл қўйилмоқда.

 

  1. Мазкур қонунда фермер хўжаликларига оид айрим муҳим масалалар тартибга солинмаган, бу эса мамлакатда фермерлик ҳаракатини фаоллаштиришга, соҳага сармоя кириб келишига салбий таъсир ўтказмоқда.

Масалан, қонунда фермер хўжаликлари ва давлат ўртасидаги муносабатлар, жумладан, давлат томонидан фермер хўжаликларини қўллаб-қуватлаш, шу жумладан, уларга турли имтиёзлар ва преференцияларни жорий этиш, шунингдек, фермер хўжаликларининг фаолиятига давлат томонидан аралашмаслик, бунинг кафолатлари каби масалалар очиқ қолдирилган. Бу ҳолат мамлакатда фермерлар синфини шакллантириш ва салоҳиятини кучайтиришга, улар томонидан бозор иқтисодиёти қонуниятларига мувофиқ фаолият кўрсатишига ва уларнинг мустақиллигини таъминлашга салбий таъсир ўтказмоқда.

Фермер хўжаликлари ва давлат ўртасидаги муносабатлар хорижий мамлакаларнинг қонунчилигида (масалан, Украина қонунининг 9- 11- моддаларида, Россия Федерациясининг «Крестьянлик (фермерлик) хўжаликлари тўғрисида»ги федерал қонунининг 2-моддасида, Беларусь қонунининг 3-моддасида) мустаҳкамлаб қўйилган.

Ёки хорижий мамлакатларнинг қонунларида фермер хўжаликларининг фаолият турлари батафсил очиб берилган (масалан, Россия федерал қонунининг 19-моддасида, Беларусь қонунининг 22-моддасида), шу жумладан, ўз маҳсулотини сотиш тартиби, тижорат ва нотижорат ташкилотлар тузишда, молия ва кредит муносабатларидаги иштироки, меҳнат муносабатлари батафсил тартибга солинган.

Бироқ санаб ўтилган масалалар кўриб чиқилаётган қонунда ёки юзаки, умумий нормалар билан, ёки умуман тартибга солинмаган.

 

Юқоридагиларга асосан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янада такомиллаштириш, уни ҳозирги кунда жадал шаклланиб бораётган миллий бозор иқтисодиёти ва фермер хўжалиги (кичик ва ўрта бизнес)ни қўллаб-қуватлашга оид халқаро стандартлари ва мезонларини имплементация қилиш, бу борада энг ривожланган мамлакатларнинг ижобий амалиётини жорий этиш лозим деб ҳисоблаймиз.

 

 

А.Р.Акилов,

Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий қонуншунослик

соҳасида тадқиқотлар бўлими бошлиғи,

ю.ф.д.,профессор

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan