ЭКОЛОГИК КОДЕКСНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ЗАРУРИЯТИ НИМАДА? – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик аҳволни яхшилаш бўйича айниқса охирги тўрт йил ичида қатор ишлар амалга оширилди. Экология соҳасини давлат томонидан бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ташкилий институционал чора-тадбирлар билан биргаликда (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этилиши, Экологик партиясининг таъсис этилиши ва бошқалар) мазкур соҳани тартибга солишга қаратилган 20 га яқин қонун, 400 дан ортиқ қонун ости ҳужжатларидан иборат ҳуқуқий база шакллантирилган.

Шу билан бирга, собиқ маъмурий-буйруқбозлик тизимининг атроф- муҳитга бўлган эътиборсизлиги натижасида тўпланган кўплаб экологик муаммолар ҳанузгача ўз ечимини кутмоқда. Орол денгизи қуришидан ташқари, ерларнинг чўлланиши, ер ва сув ресурсларининг деградацияси, ўсимлик ва ҳайвонот генофондининг ёмонлашиши, биохилма-хилликнинг камайиб бориши, саноат ва бошқа чиқиндилар майдонининг кўпайиб бориши каби муаммоларни амалдаги экологик қонунчилик ҳал эта олмаяпти.

Хусусан, ҳар йили Ўзбекистон ҳудудига 2 млн. 200 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ҳавога ташланмоқда, шундан 60 фоизи – транспорт воситаларига тўғри келади (Тошкент шаҳрида 90 фоиз). Экологик ҳолат бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида 2-ўринни, дунёда тахминан 60-ўринни эгаллайди. 2018 йилда AirVisual халқаро ташкилоти томонидан ҳаво тозалиги бўйича ўтказилган мониторинг натижаси бўйича Ўзбекистон энг ифлосланган ҳаво мамлакатлари қаторидан 16-ўринни эгаллади.

Ўзбекистонда 16 мингга яқин ҳайвонлар ва 4,5 мингга яқин олий навли ўсимликлар тури мавжуд. 184 та ҳайвон ва 324 та ўсимлик тури Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган. Турон йўлбарси, олд-осиё қоплони (гепард), қулон, ҳинд асалхўри ва бошқа ҳайвонлар буткул йўқ бўлиб кетган, сайғоқ, хонгул, қоплон, илвирс – йўқ бўлиш хавфи остида. Охирги йиллар мобайнида ўсимликлар сони ва турлари 20 фоизга камайган, фақатгина Орол бўйи ҳудудида 11 та ўсимлик тури буткул йўқолиб кетган. Охирги 35 йил мобайнида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонлар сони 2 баробарга ошди.

Мазкур соҳада таянч қонун ҳужжати сифатида 1992 йилда қабул қилинган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни амал қилади. Шу билан бирга экология соҳасининг тегишли тармоқларини тартибга солишга йўналтирилган алоҳида қонунлар ҳам қабул қилинган. Улар сирасига 2016 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ва “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар, 1996 йилда қабул қилинган “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, 2018 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўрмон тўғрисида”ги, 2002 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги, 1993 йилда қабул қилинган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги ва шу каби яна бир қатор қонунларни санаб ўтиш мумкин.

Мазкур қонун ҳужжатларининг шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили мамлакат атроф-муҳитини тизимли ва самарали муҳофаза этиш борасида қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, улар қаторида:

биринчидан, амалдаги қонунчиликда халқаро экологик стандартларнинг талаблари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига жавоб берадиган замонавий экологик кўрсаткичларнинг мавжуд эмаслиги;

иккинчидан, табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг кўпайганлиги ва тарқоқ ҳолда эканлиги, бу ҳолат эса мазкур қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда, фуқаролар томонидан фойдаланишда қатор қийинчиликларни туғдириши ва тизимлаштирилиши лозимлигидан далолат беради;

Маълумот учун: ҳозирги кунда табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлардан ташқари 40 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг, 353 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 70 дан ортиқ бошқа органлар (вазирлик, давлат қўмиталари вa бошқа республика идоралари)нинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинган.

учинчидан, ишлаб чиқаришнинг экологик нуқтаи назардан тозалигини таъминлаш ва мазкур фаолиятнинг турли соҳалар (атмосфера ҳавоси, сув ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ер)га бўлган таъсирининг олдини олиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига нисбатан турлича стандартлар, мезон ва талаблар қўйилаётганлиги, уларни унификациялашни талаб этади. Бу ҳолат тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш самарадорлигига салбий таъсир ўтказиб, мамлакат иқтисодиётининг жозибадорлигини пасайтиради;

тўртинчидан,  амалдаги экологияга оид қонун ҳужжатларида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган айрим нормаларининг, шунингдек, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган айрим мажбуриятларнинг мавжуд эмаслиги ҳолатлари мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджига салбий таъсир ўтказмоқда;

Маълумот учун: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилигида озонни бузувчи моддалар бўйича Монреаль баённомасига Кигалий поправкаси, Эспо конвенцияси, Орхус конвенцияси, иқлим бўйича Париж битимининг нормалари акс эттирилмаган, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Стокгольм конвенциясининг айрим нормалари миллий қонунчиликка имплементация қилинмаган вa ҳ.з.

бешинчидан, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларида кўплаб қарама-қаршиликлар, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги, қатор нормаларда уларни ҳаётга татбиқ этиш механизми мавжуд эмаслиги ва бошқалар.

Шу ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар тўғридан-тўғри амал қиладиган, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни комплекс тарзда бирлаштирадиган яхлит Экологик кодекс ишлаб чиқишни тақозо этади.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган Қонунчилик палатаси депутатлари фракцияси билан бирга мазкур ташаббусни кўтаришди ва у маъқулланди.

Ҳозирги кунда Экологик кодекснинг лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритишга тайёрланмокда.

Мазкур кодекснинг қабул қилиниши: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш ягона, тушунарли ва шаффоф стандартлар ва талаблар асосида тартибга солинишига; замонавий экологик кўрсаткичлар, умум эътироф этилган экологик стандартлар ва табиатни муҳофаза қилиш қоидаларини жорий этиш натижасида мамлакатнинг иқлими ва экологияси яхшиланишига хизмат қилади.

 

А.Акилов – Қонучилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори,
профессор

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan