Деҳқон хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар янада такомиллашмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Янгиликлар

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосий концептуал дастур сифатида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини мувофиқлаштириб келмоқда.

Мазкур жараёнларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мукаммал ҳуқуқий асосларини яратиш ва уларни қонун даражасида мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, демократик давлатнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, бу жамиятда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг юқори даражада ривожланганлиги ва қонун устуворлиги таъминланганлиги ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасида “ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасидалиги” мустаҳкамланган. Мазкур конституцион норма деҳқон хўжалиги соҳасида фойдаланилаётган ерларнинг ҳолати ваколатли давлат органлари томонидан муҳофаза қилиниши масалаларига ва сув ресурсларининг миқдорига ҳамда ваколатли давлат органларининг деҳқон хўжалиги соҳасидаги фаолиятини қонунчиликда белгилашга бевосита алоқадордир.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг ўз иқтисодий тизимини янгидан қайта ташкил этди ҳамда деҳқон хўжаликлари иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асоси сифатида белгиланди. Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти ва тугатилишининг ҳуқуқий асосларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, мазкур соҳадаги бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларни тартибга солиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солиниб келинмоқда эди. Айтиб ўтиш жоизки, мазкур қонун қабул қилинганидан сўнг мустақил Ўзбекистон иқтисодиётидаги янги ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинди, аммо қонун ўз доирасида деҳқон хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар ва бўшлиқларни тўлиқ қамраб олиш имконини бермади, мазкур ҳолат деҳқон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига янада долзарб тус берди.

Ҳозирда мамлакатимизда деҳқон хўжалиги соҳасини аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда ривожлантириш, йиллар давомида шаклланган муаммоларнинг ечимини топиш ва соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштирган ҳолда қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлигини ҳамда қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги, деҳқон хўжалиги ва томорқа ердан фойдаланиш соҳаларини янада ривожлантиришни назарда тутувчи бир қатор вазифалар белгиланганлигини келтириш мумкин. Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши, фермер ва деҳқонларнинг ердан манфаатдорлигини ошириш кераклиги, бу борада ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва ерларни бозор активларига айлантириш масаласини кўриб чиқиш вақти келганлиги алоҳида таъкидланган эди.

2021 йил 24 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида яқин истиқболда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди ва унда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Юқорида қайд этилган деҳқон хўжалигини мақсадли ривожлантириш йўналишидаги чора-тадбирлар ва соҳада сўнгги йилларда шаклланган янги ҳуқуқий муносабатларни, замонавий шароитлардан келиб чиққан ҳолда, қонуний мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонуни маъқулланди. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 1 апрелда имзоланди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасида “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар 1992, 1998 ва 2021-йилларда қабул қилинди, уларнинг бир-биридан фарқи ва мазкур соҳадаги янги қонунлар қабул қилинишнинг зарурияти нимада, деган ҳақли савол туғилиши мумкин.

Соҳада маълум бир давр мобайнида қонунчиликнинг янгиланишини Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланиши, ушбу соҳада янги ҳуқуқий муносабатларнинг шаклланиши, соҳадаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг такомиллашиб боришидан келиб чиққан ҳолда уларни самарали ҳуқуқий тартибга солиш заруриятининг туғилиши билан асослаш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 1 апрелда қабул қилинган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги янги қонунининг олдинги, ўз кучини йўқотган Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунидан асосий фарқи – янги қонуннинг мазкур соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни янада кенгроқ қамраб олишидадир.  

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур қонунда белгиланган нормалар хорижий давлатларнинг соҳадаги қонунчилик тажрибасига ҳам мос келади. Хусусан, Қозоғистон Республикаси, Чехия Республикаси, АҚШ, Россия Федерацияси ва бошқа бир қатор давлатларнинг мазкур соҳадаги қонунчилигига мувофиқ, давлат органлари маҳаллий деҳқон хўжаликлари фаолиятини ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашади, қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий, экологик шароити устидан доимий мониторинг олиб боради, деҳқон хўжалиги учун ажратилган ерларда фақат деҳқон хўжалиги фаолиятини олиб бориш ва ушбу ер участкаларида фақатгина деҳқон хўжалиги фаолиятини олиб боришга кўмаклашувчи иншоот ва конструкцияларни қуришга рухсат берилиши белгиланган. Хусусан, Чехия Республикасининг 1997 йилги “Қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 2-а-моддасига мувофиқ, давлат қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади ва қишлоқ хўжалиги умумий бозорини ташкиллаштиради, 4-а-моддасига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорларнинг деҳқон хўжалиги фаолияти қонуний олиб борилаётганлиги устидан давлат доимий назорат қилиши белгиланган.  

Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг маъқулланиши, мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 1 апрелда имзоланиши, юқорида қайд этилганидек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга ҳам ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг расман кучга киришидан яқин келажак ва узоқ истиқболда, ердан фойдаланиш ва деҳқон хўжалиги фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида қуйидагиларга эришилади:

биринчидан, деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга йўл қўйилмаслигига;

иккинчидан, давлат органлари томонидан деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга ва уларнинг фаолиятини мустаҳкамлашга кўмак берилишига;

учинчидан, деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилашига;

тўртинчидан, деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган уруғлик, минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олишда, шунингдек, бошқа моддий ресурслар ҳамда хизматлардан фойдаланишда бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан тенг ҳуқуқларга эга бўлишига;

бешинчидан, деҳқон хўжалиги бошлиғи тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар тузиши ёки биржа савдоларида иштирок этиши мумкинлигига.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-680-сон қонунининг қабул қилинганлиги истиқболда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида келтирилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш натижасида устувор йўналишлар кесимида эришиладиган асосий кўрсаткичлар ва индикаторлар қаторидаги “Жаҳон банкининг глобал логистика самарадорлиги индекси” ва “Жаҳон банкининг “Қишлоқ хўжалигида бизнесни ривожлантиришда кўмаклашиш” индекси”даги Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши орқали ер участкалари деҳқон хўжаликларига ижара ҳуқуқи асосида берилиши, ушбу ерларда қонунга хилоф равишда қурилишлар амалга оширилиши ва деҳқон хўжаликларига ажратилган ер участкаларининг ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишининг олдини олишга, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатларини янада кучайтиришга, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришилади.

 

Амирбек КЕНЖАЕВ 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти етакчи илмий ходими

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan