Аҳолининг айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини таъминлашга оид қўшимча ҳуқуқий кафолатлар – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид бўлиши мумкин эмаслиги акс эттирилган.

Бутун дунёда глобал коронавирус пандемияси давом этаётган даврда республика аҳолисининг айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш ҳамда нарх-наволар асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев 2021 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Мазкур қонуннинг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш киритилиб, унга кўра 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш ҳамда ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.

Ушбу қонуннинг 2-моддасига кўра 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан экспорт божхона божлари киритилиб, тадбиркорлик субъектларига ўзлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида олинган ўсимлик ёғининг (ТИФ ТН бўйича коди 1512 11 – 1512 19) 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилди.

Қонуннинг 3-моддаси билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида олинган ўсимлик ёғи ҳажмига нисбатан экспорт шартномалари доирасида амалга оширилган экспорт 50 фоиздан ошишига йўл қўйилмаслиги бўйича назорат ўрнатиши белгиланди.

Давлатимиз томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 17 та миллий мақсад ва вазифалари доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш мақсади алоҳида аҳамият касб этади.

Ушбу мақсадларга эришишда озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари бозорларининг тегишли тарзда фаолият юритишини таъминлаш чораларини кўриш, озиқ-овқат нархларининг кескин ўзгаришини чеклашга ёрдам бериш мақсадида бозор маълумотларидан, жумладан озиқ-овқат захиралари ҳақидаги маълумотдан ўз вақтида фойдаланишга кўмаклашиш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, қабул қилинган мазкур қонунга асосан қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар натижасида давлатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришлари учун айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади деган умиддамиз.

Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий
сиёсат соҳасида тадқиқотлар бўлими
бош илмий ходими А.Ганибаев

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan