Маълумотларга кўра, бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси уни ҳал этишнинг иккита асосий йўналишини белгилади: атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ҳамда кузатилаётган ва кутилаётган иқлим ўзгаришларига мослашиш. Ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик ва атмосферада иссиқхона газлари миқдорини бундан кейин ҳам кўпайиши ҳолатида мамлакатлар иқлим ўзгариши борасидаги ҳаракатлар учун катта маблағларни мобилизация қилишларига тўғри келади.
Иқлим ўзгариши муаммоси глобаллигини англаш ва унга мослашиш бўйича 1991 йил февраль ойида Халқаро ҳамжамият Иқлим ўзгариши доирасини қабул қилиш бўйича музокаралар бошланди ва бу борада илк халқаро Конвенция 1992 йил 4 июнда имзоланди.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида Ўзбекистон 2018 йилда Париж Битимини қабул қилди. Янги келишувнинг асосий қирраларидан бири ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилган.
Келишувнинг асосий мақсади иссиқхона газлари ташланмаларини сезиларли даражада камайтириб, сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 1,5-2 градус чегарасида ушлаб туришга эришишдан иборат. 2020 йилдан бошлаб ижрога кирган Париж тарихий шартномаси дунё сатҳида иқлим масаласи бўйича келишилган биринчи шартнома жумласига киради.
“Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунларнинг қабул қилиниши, “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ва бир қатор хукумат қарорлари ушбу халқаро ҳужжат доирасида қабул қилинган мажбуриятлар ижросидир.
Шунингдек, сўнги 3-4 йил ичида Орол денгизининг қуриган тубидаги 2 млн. ер майдонида ўрмонлаштириш ишларининг хамда “яшил худудлар” ва “яшил белбоғ”ларнинг барпо этилиши Конвенция ижросининг амалий тадбирларидир.
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача иқлим ўзгариши бўйича стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун Ўзбекистон Республикасининг халқаро Париж битимига аъзо бўлиши ва битим доирасида халқаро мажбуриятларнинг ижроси глобал экологик муаммонинг глобал ечими бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Моҳира ХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси