Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Парламент дипломатияси давлатлараро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беради – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон-Индонезия муносабатлари стратегик шерикликнинг янги босқичига қадам қўймоқда, бу эса юқори даражадаги сиёсий ўзаро ишончга эришиш ва уни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли бўлган барча соҳаларда иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга бўлган интилиш билан тавсифланади.

Ўзаро муносабатларнинг бундай юксалиш траекториясига аввало Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қисқа тарихий даврда мамлакатнинг халқаро майдондаги ташқи қиёфасини тубдан ўзгартирган конструктив, ташаббускор ва кўпвекторли ташқи сиёсати туфайли эришилди.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловнинг Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси спикерининг саноат ва тараққиёт масалалари бўйича ўринбосари Раҳмат Гобель билан учрашуви бўлиб ўтди.

«Мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳада, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистон парламентининг халқаро парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришни тақозо этмоқда», ­ деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов

Парламентлараро ўзаро алоқаларни кучайтириш муҳимлигини таъкидлаб, томонлар турли даражаларда ўзаро ташрифларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқладилар, доимий мулоқот, шунингдек, Ўзбекистон ва Индонезия парламентлари палаталарининг тегишли қўмиталари ўртасида алоқалар муҳимлигини таъкидладилар, бу, шубҳасиз, икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида Ўзбекистон-Индонезия ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш имконини беради.

«Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Индонезия парламенти билан парламентлараро мулоқотни турли даражада фаоллаштириш тарафдори. Мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқалар мунтазам равишда ривожланаётгани қувонарли ҳолатдир. Индонезия парламенти билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни самарали ташкил этиш мақсадида ташкил этилган дўстлик гуруҳи фаолияти икки мамлакат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий, қонунчилик базасини такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади», — деди Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов

 Шунингдек, учрашувда икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, туризм, маданий-гуманитар каби соҳаларда ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш ва алоқаларни чуқурлаштириш юзасидан ҳукуматларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича қизғин фикр алмашилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan