Парламент кутубхонаси янги форматда иш бошлади – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

2021 йил 19 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Парламент кутубхонаси”нинг очилишига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарияти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари, олимлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов кириш сўз билан очиб берди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтириш, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватани ва халқига муҳаббат ҳамда садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар мамлакатда китобхонликни янада ривожлантириш, кутубхоналар фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда.

Президентимиз 2020 йил 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида парламент қуйи палатаси биносида депутатларнинг ўз фаолияти, хусусан, қонун ижодкорлиги жараёнида зарур бўладиган маълумотлар ва етарли кўникмаларга эга бўлишлари учун замонавий, қулай, шунингдек, мамлакатимиз ҳамда жаҳоннинг илғор ахборот ресурс марказлари билан электрон интеграциялаша оладиган “Парламент кутубхонаси”ни ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, қуйи палата томонидан халқ вакиллари учун янги, замонавий ва қулай бўлган “Парламент кутубхонаси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа доирасида кутубхонага буюрадиган ҳар бир китобхон учун китоб мутолаа қилиш имкониятини яратиш мақсадида кутубхона ўқув зали, йиғилишлар ўтказиш зали, қонун ижодкорлиги зали ва архив фонди ташкил этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, кутубхона фонди сиёсат, иқтисодиёт, давлат ва ҳуқуқ, юридик фанлар, бадиий адабиётлар, тиббиёт, қишлоқ ҳўжалиги, тарих, хусусан, Ўзбекистон ва жаҳон тарихига оид китоблардан иборат.

Шунингдек, “Парламент кутубхонаси” ўқув залида 23 та китоб жавонларига 2500 дан ортиқ китоблар жойлаштирилиб, кутубхона библиографик классификация соҳалари асосида адабиётлар билан бойитилди. Китобхонларга 12 та мустақил ёритиш тизими, электрон қувватлагич ва интернетга эга бўлган ўқув жойлари яратилди.

Бундан ташқари, ўқув залида қоғоз шаклидаги босма даврий нашрлар кундалик тарзда янгиланиб борилмоқда. “Парламент кутубхонаси”нинг йиғилишлар ўтказиш залига 2 мингдан ортиқ қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, замонавий давлат бошқаруви, гиёсиёсат ва иқтисодиёт соҳаларига оид китоблар, ҳамда маданий тарихимизга оид адабиётлар жойлаштирилди. Кутубхона архив фондидаги 39 та китоб жавонига 30 мингдан ортиқ асосан парламент томонидан қабул қилинган қонун хужжатлари ҳамда адабиётлар жойлаштирилди.

Парламент кутубхонаси базасида эндиликда хорижий мамлакатлар парламентлари билан ўзаро келишув-меморандумларини тузиш ва у асосида ўзаро электрон кутубхона маълумотлар базалари алмашинуви ташкил этилади. “Парламент кутубхонаси”нинг электрон китоб фондини кенгайтириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Жаҳон рақамли кутубхонаси” (БМТ ва АҚШ Конгресси қўшма лойиҳаси), “Европа рақамли кутубхонаси” ва “Google кутубхонаси” фондларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Кутубхонага ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида инфокиосклар ўрнатилди.

 

Шунингдек, “Парламент кутубхонаси” бутунжаҳон илмий-таълим маълумотлар базалари — “Library Press Display”, “JSTOR”, “East View”, “Springer Link”, “ProQuest” уланди.

Тадбирда қайд этилганидек, “Парламент кутубхонаси” лойиҳаси доирасида электрон китобларни мутолаа қилиш имконини яратиш мақсадида автоматлаштирилган ахборот кутубхона тизими ишлаб чиқилди. Тизим орқали электрон кутубхона каталогини ишлаб чиқиш ва ҳар бир китобга штрих код тизимини жорий этиш имконияти яратилди ҳамда 20 000 дона китобни рўйхатдан ўтказиш учун махсус RF-ID белгилар олинди. Натижада барча маҳаллий кенгашлар (вилоят, шаҳар ва туман) депутатларининг ҳам парламент кутубхонаси электрон китоб фондидан фойдаланишлари, ташқи фойдаланувчилар қамровини кенгайтириш мақсадида автоматлаштирилган ахборот кутубхона тизимидан фойдаланилган ҳолда парламент кутубхонасида олис ҳудудлардан интернет тармоғи орқали жамоатчилик вакиллари, журналистлар, талабаларнинг ҳам фойдаланиш имконияти яратилди.

— Мазкур кутубхона Қонунчилик палатаси депутатларининг янада кўпроқ ишлашлари, қонун лойиҳаларини пишиқ-пухта, маромига етказишда зарур бўладиган ахборотларни олишлари, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини чуқурроқ ўрганишлари, шунингдек, мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий воқеалардан тезкор ва тўлиқ хабардор бўлишлари учун қўшимча имкониятлар яратади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев. — Бундан ташқари, ушбу маскан нафақат билим олиш, балки парламент хорижий делегациялар ташриф буюрганда уларни шу ерга олиб кириш, шу ернинг ўзида суҳбатлар, учрашувлар ўтказишга арзигулик файзли гўшага айланди.

“Парламент кутубхонаси”нинг қонун ижодкорлиги залида ташкил этилган муҳокамалар ўтказиш бурчаги китобхонларга қулай, шинам жой бўлиши билан бирга, Қонунчилик палатаси қўмита ва комиссиялари, ишчи гуруҳлар томонидан турли тадбирларни ўтказиш, жумладан, қонун лойиҳаларини ўқишларга тайёрлаш учун фойдаланиш имкониятини беради.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Парламент кутубхонаси” ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди ва парламент кутубхонаси лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этганларга Қонунчилик палатасининг ташаккурномаси топширилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan