Хўжалик бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари… – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, корпоратив бошқарув тамойилларини кенг жорий этиш, хўжалик бошқарув органларини оптималлаштириш ва улар фаолиятини ташкил қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 22 декабрдаги «Хўжалик бошқарув органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўлган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бошқарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан, давлат-акциядорлик компаниялари ва муассис-корхоналар томонидан улар фаолиятига кўмаклашиш учун муассис-корхоналарнинг акциялари пакетларини бошқариш ҳуқуқисиз айрим умумий вазифаларни уларга топшириш йўли билан ихтиёрийлик асосида ташкил қилинадиган уюшмалар – хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланади.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали (www.gov.uz)дан олинган маълумотларга кўра, 8 та уюшма, 10 та акциядорлик тижорат банки, 22 та акциядорлик компанияси, 6 та бирлашма, 1 та фонд ва 9 та бошқа муассасалар хўжалик бошқарув органлари сифатида келтирилган.

Аммо, амалдаги бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда хўжалик бошқарув органининг ҳуқуқий мақоми белгиланмаган. Натижада ҳуқуқни қўллаш амалиётида ушбу соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган қуйидаги бир қатор муаммолар вужудга келган:

– хўжалик бошқарув органлари ҳуқуқий мақомининг айрим ҳолатларда аниқ чегаралаб қўйилмаганлиги уларнинг давлат аппаратидаги аниқ ўрни ва ролини аниқлаш имконини бермаяпти. Айрим хўжалик бошқаруви органларига юклатилган вазифаларнинг декларатив характерга эгалиги, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари етарли эмаслиги, вазифаларнинг такрорланиши ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларининг мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;

– хўжалик бошқарув органлари ва улар раҳбарлари жавобгарлик соҳаларининг аниқ чегараси йўқлиги, айниқса, давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органларининг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари таъсирчан эмаслиги;

– ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан уларга хос бўлмаган функцияларнинг бажарилиши, шунингдек, сезиларли даражада квазидавлат секторнинг (хўжалик бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари) мавжудлиги иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг давлат томонидан ҳаддан ташқари тартибга солинишига олиб келмоқда;

– хўжалик бошқарув органларининг тарқоқ ҳолда фаолият юритаётганлиги ва улар фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги масаласи яхлит тартибга солинмаганлиги ва улар ҳақида очиқ ва ишончли маълумотга эга бўлиш имкониятининг мавжуд эмаслиги;

– хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функциялари қўшиб олиб борилиши, етарли даражада мослашувчанликка ва бозорга йўналтирилганликка эга бўлмаган эскирган тармоқ бошқарув тизими, индивидуал имтиёз, преференция ва афзалликларнинг асоссиз тақдим этилиши соғлом рақобат муҳитининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Юқорида санаб ўтилган муаммоларни ижобий ҳал қилиш мақсадида «Хўжалик бошқарув органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.

Қонун лойиҳасининг асосий қоидалари этиб қуйидагиларни белгилаш мақсадга мувофиқ:

– хўжалик бошқаруви органларининг ҳуқуқий мақоми;

– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ушбу соҳани тартибга солишдаги ваколатлари;

– хўжалик бошқаруви органлари таркибига кирувчи корхоналар билан ўзаро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга доир қоидалар;

– хўжалик бошқарув органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

– хўжалик бошқаруви органларининг турларини аниқ белгилаш ва уларнинг ўртасидаги фарқлар;

– хўжалик бошқаруви органларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

– хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини молиялаштириш манбалари ва тартиби.

Хорижий мамлакатлар (АҚШ, Россия, Қозоғистон, Молдова шулар жумласидан) тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ушбу давлатларда хўжалик бошқарув органлари(давлат корхоналари)нинг ҳуқуқий мақоми қонун даражасида тартибга солинади.

Хулоса қилиб айтганда, «Хўжалик бошқарув органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали хўжалик бошқарув органларининг самарали фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган қонунчилик базаси яратилиши, ушбу соҳадаги тарқоқ нормалар яхлит, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ҳужжатида тизимлаштирилиши таъминланади.

Рустамбек Сайидов,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик
муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan