«Мобиллик — бу фақатгина автомобилларга хос хусусият эмас» — Хелена Фрейзер – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер «Газета.uz»га Глобал йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталигининг мақсадлари ва пиёдалар автомобиллар оқими билан кесишадиган кўчаларда тезликни 30 км/соатгача пасайтиришнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди.

Ўтган ҳафта БМТ шафелигида олтинчи Глобал йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталиги бўлиб ўтди. Бу йил ҳафталик йўлларда ҳаракат тезлигининг оширилиши муаммосига бағишланди — ўрта ва паст даражада ривожланаётган мамлакатларда содир бўлаётган автоҳалокатларнинг деярли ярми ва юқори даражада ривожланаётган мамлакатларда ЙҲҲ натижасида ўлимларнинг учдан бир қисми тезлик оширилиши сабабли рўй бермоқда. Бу йилги кампаниянинг асосий мақсади катта бўлмаган кўчаларда ва йўл ҳаракатининг заиф иштирокчилари ҳам — пиёдалар ва велосипедчилар, автотранспорт ҳам фойдаланадиган кўчалардаги рухсат этилган тезликни 30 км/соатгача чеклашга қаратилган. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер «Газета.uz» билан суҳбатда Глобал ҳафталикнинг мақсадлари ва ҳафталик эътибор қаратган масалаларнинг мамлакат бугуни ва келажаги учун аҳамияти ҳақида гапирди.

— Глобал йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталиги қандай мақсадларни кўзлайди ва нима учун у илгари сураётган масалалар Ўзбекистон учун муҳим?

— Ўн йил олдин БМТ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллигини эълон қилди [2011−2020 йиллар]. Ўтган йилнинг октябрида БМТ Бош ассамблеяси 2021−2030 йилларда иккинчи Ҳаракат ўн йиллигини эълон қилди ҳамда йўл қурбонлари ва жароҳатлар сонини икки бараварга камайтириш, 2030 йилгача барча учун хавфсиз, арзон ва барқарор транспорт воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича дунё мамлакатлари мажбуриятини тасдиқлади.

БМТ ҳар йили Глобал йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталигини ўтказади. Бу йилги глобал кампания транспорт тезлигини камайтиришга йўналтирилган. Чунки юқори тезлик ҳалокат ва жиддий жароҳатларга олиб келувчи асосий омиллардан биридир.

Биз барқарор транспорт тизимлари — соғлом ва хавфсиз, шунингдек, атроф-муҳитга таъсирни камайтирувчи тизимлар эканлигига ишонамиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги акцияси бир қатор мақсадларга эришишга қаратилган — ўлим сонини камайтириш билан бир қаторда ҳамжамиятлар, мактабга пиёда қатнайдиган болалар учун атроф-муҳитни яхшилаш, соғлиқни яхшилаш — кўпроқ пиёда юриш ва автомобилларда камроқ ҳаракатланиш, бу эса кўчаларнинг бандлигини ва атмосферага зарарли чиқиндилар ишлаб чиқилишини камайтиради.

Бу йил кампаниянинг асосий эътибори тезликни пасайтиришга қаратилган. Биз одамлар автомобиль ҳаракати билан кесишадиган жойларда — шаҳар ва қишлоқларнинг тор кўчаларида, мактаблар яқинидаги кўчаларда ва бошқа жойларда тезликни 30 км/соат гача чеклашга чақирамиз.

Ҳар куни дунё бўйлаб ўртача 3700 киши йўлларда вафот этади — оталар, оналар, болалар. Ҳукумат маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йилнинг биринчи чорагида 1491 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларда 394 киши ҳалок бўлган, 95 та автоҳалокатлар болалар иштирокида содир бўлган.

Миллий статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йўлларда ўлим ҳолатларининг асосий сабаби — бу юқори тезлик. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, одамлар белгиланган тезлик чегараларига риоя қилмасликларини кўраман. Ва мен шаҳар ва қишлоқлардаги турли ҳудудларда тезлик чегараларини аниқ белгилаш зарур деб ҳисоблайман.

Вазиятни ўзгартириш мумкин. Хельсинкининг 40 йил ичида биринчи марта йўлларда ўлим кўрсаткичларини нольга етказганлигини кўряпмиз [2019 йилда]. Бу катта шаҳар учун улкан ютуқ. Бунга комплекс ёндашув туфайли эришилди.

2019 йилда БМТ Бош котибининг махсус вакили Жан Тодт Ўзбекистонга ташриф буюрди ва қарор қабул қилувчилар, ҳукумат вакиллари, ёшлар ва ОАВ билан учрашди. У бир қатор тавсиялар берди. Улардан бири тезликни пасайтиришга, бошқаси — алкоголь ва гиёҳвандлик таъсирида транспорт воситасини бошқаришга, учинчиси — хавфсизлик камарларидан фойдаланишга тегишли эди.

Хавфсизлик камарларидан фойдаланиш масаласи мен учун шахсан қизиқ. Менинг фарзандларим бор. Ва пандемиядан олдинги даврда улар ўртоқлариникига меҳмонга боришганида мен уларга: «Машинада доимо камарни тақинг!» деб айтардим. Улар эса: «Ойи, машиналарда хавфсизлик камарлари йўқ», деб жавоб беришарди. Баъзида ҳайдовчилар камарни ўриндиқнинг орқасига ўтказиб қўйишади. Аниқ маълумки, хавфсизлик камарлари йўл транспорт ҳодисаларида ўлим хавфини 50 фоизгача камайтиради. Ва хавфсизлик камарларидан фойдаланмасликнинг ҳеч қандай маъниси йўқ.

Шунинг учун, сиёсатнинг ўзгариши билан бир қаторда, амалиётнинг ўзгариши, инсонлар онгининг ўзгариши ҳам муҳим эканлигига ишончим комил. Хавфсизлик шаҳарсозлик, ташкилий ва транспорт сиёсатининг марказида бўлиши керак. Глобал ҳафталик натижасида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда айнан шунга эришишга интиламиз.

— Ўзбекистонда деярли ҳар куни одамларнинг, болаларнинг йўлларда вафот этганлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлади, баъзида бахтсиз ҳодисаларда бутун бошли оилалар вафот этади. Бу каби янгиликларни ўқиб туриб, нималарни ҳис қиласиз?

— Бу фожиа. Кўчадаги ҳар қандай ўлим — бу фожиа. Ишончим комил — бу нафақат Ўзбекистонга тегишли — вазиятни ўзгартириш мумкин. Масалан, саратон касаллигига қарши кураш ҳақида гап кетганда, чора кўриш мумкин. Агар биз йўлда ўлим ва жароҳатланишнинг олдини олишни истасак, биз ҳам чора кўришимиз мумкин.

Биз ҳукумат ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши учун қандай сиёсий чоралар ва маданий ўзгаришлар зарурлиги тўғрисида ҳукумат билан жаҳоннинг энг яхши тажрибаларини бўлишиш учун иш олиб бормоқдамиз. 2018 йилда Ўзбекистон 2025 йилга қадар йўл транспорт ҳодисалари сонини икки баравар қисқартириш мажбуриятини олди. Бу жасоратли мажбурият. Бундан ташқари, 2018 йилда ҳукумат томонидан 2018−2022 йилларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги концепцияси қабул қилинди.

Кўриниб турибдики, ҳукумат вакиллари қўйилган мақсадларга эришишдан манфаатдор. Мен ИИВ, ЙҲХББ расмийлари ва туризм соҳаси раҳбарлари билан учрашдим — чунки бу масала туризм учун ҳам муҳимдир.

Албатта, маълум ютуқларга эришилди. Аммо биз кўпроқ нарсага эришиш мумкинлигига аминмиз. Кўчаларда яна фожиалар бўлишини истамаймиз. Айниқса, ҳар йили автомобиллар сони кўпайиб бораётганини ҳисобга олсак.

Мен етарлича сокин, одамлар транспортни нисбатан секин ҳайдайдиган маҳаллада яшайман, бу жиҳатдан омадим келди, аммо маҳалладан чиқишинг билан кенг кўчани кесиб ўтиш хавфсиз эмас.

Фото: БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

— Сизнингча, Ўзбекистон ҳукумати вазиятни ўзгартириш учун қандай шошилинч чоралар кўриши мумкин?

— Биз БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси билан Ўзбекистонда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати таснифини (Road Safety Performance Review) ўтказиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз. Мазкур тадқиқот ҳукумат йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолатини яхшилаш учун қандай муҳим чораларни кўришини таҳлил қилиш учун глобал методологияга асосланган. Биз қандай умумий ҳаракатлар кераклигини биламиз. Аммо бу тасниф қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ўзгаришларни ҳамда иқтисодий оқибатларни тушунишга имкон беради.

БМТ нима қила олади — глобал тажрибани жалб қилиши ва қандай натижаларга эришилишини баҳолаши мумкин — нафақат тезкор натижалар, масалан, ўлимни камайтириш, балки яшаш учун яхши макон яратиш, соғлиқни яхшилаш, туризмни, боғлиқликни ривожлантириши — ахир, тўғри шаҳарсозлик одамларнинг уйдан иш жойига ёки сайёҳларнинг меҳмонхонадан маданий обидаларга етиб олишларига таъсир қилади.

Булар БМТ катта экспертиза ва тажрибага эга бўлган соҳалардир. Умид қиламанки, биз Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати таснифини амалга ошириш учун донор қўллаб-қувватлашини топишга муваффақ бўламиз. Бу, ўз навбатида, тегишли вазирликларга ўзгаришларни амалга ошириш учун зарур бўлган ресурсларни сафарбар қилишга ёрдам беради.

Мисол учун юқумсиз касалликларга қарши чораларни кўриб чиқамиз. Бу касалликлар ҳақида гапирганда, одамлар дорилар, касалхонада даволаниш ҳақида ўйлашлари мумкин, лекин юқумсиз касалликлар туфайли қанча одам ишидан айрилиши ёки ногирон бўлиб қолиши мумкинлигини кўриб чиқиш мумкин. Биз ўлим, касаллик ва юқумсиз касалликлар сабабли қолдирилган иш кунлари туфайли Ўзбекистон ЯИМнинг 4,7 фоизини йўқотишини ҳисоблаб чиқдик. Ва туз, алкоголь, тамаки ва ҳоказолардан фойдаланишни камайтириш каби аниқ сиёсат чоралари мавжуд.

Шу каби йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳам. Бу соҳада интеграллашган ёндашув зарур. Битта вазирликдан ўзгаришларни талаб қилиш мумкинмас. Барқарорлик, соғлиқни сақлаш, ҳавонинг ифлосланиши, хавфсизлик масалаларини кўриб чиқиш ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўрилиши керак. Биз айнан шуларни амалга оширмоқчимиз.

— Тезликни пасайтириш масаласи бўйича муҳокамаларда бундай қилмаслик керак, бу экологияни ёмонлаштиради, тирбандликка ва бошқа муаммоларга олиб келади деган фикрларга дуч келиш мумкин. Бунга қандай жавоб берган бўлардингиз?

— Глобал кампаниямизнинг асосий ибораларидан бири — #Love30. Яна бир муҳим ибора — «Streets for life» («Кўчалар ҳаёт учун»). Биз пиёдалар, мактабга борадиган болалар, қариялар, ногиронлар учун хавфсиз кўчаларнинг аҳамияти ҳақида гапирямиз. Сайр қилиш, велосипедда учиш имкониятлари. Фақат автомобилга тааллуқли бўлмаган мобилликни тадбиқ этиш.

Кампания йирик кўчаларда тезликни 30 км/соатгача пасайтиришга чақирмайди. Кичик кўчалар тўғрисида сўз юритиляпти фақат. Бизнинг фикримизча, бу нафақат кўчаларни хавфсиз қилади, балки ҳамжамиятлар гуллаб-яшнаши мумкин бўлган кўчаларни ҳам яратади.

Мен яна шуни ҳам таъкидлашни истардимки, апрель ойида ЮНИСEФ UReport лойиҳаси доирасида сўров ўтказди. Сўров иштирокчиларининг 75 фоизи мактабга пиёда боришини айтди. Шу билан бирга, мактабга борадиган йўлларнинг 50% хавфдан ҳоли эмаслиги айтилган ва Тошкентда бу кўрсаткич 60% ни ташкил этган.

Шундай қилиб, аминманки, масалан, таксичилар билан гаплашилса, улар тезликни пасайишига қарши бўлиши мумкин, ахир улар тез ҳаракатланишлари керак. Бу масаланинг бир томони. Аммо ўзбекистонлик ёшлар, мактабга ёки университетга пиёда ёки автобусда етиб оладиган, машина олишга қурби етмайдиган одамлар билан суҳбатлашганда берилган жавоблар аниқ: биз хавфсиз кўчаларга эришишимиз учун янада журъатлироқ ҳаракатлар зарур.

Сўров иштирокчилари, шунингдек, бир қатор таклифларни билдиришди. Ёшлар мутахассислар — йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакиллари билан суҳбатлашмоқчи эканликларини, мактабда йўл ҳаракати қоидалари ўқитилишини исташларини айтишди — бу ажойиб ғоя деб ўйлайман, улар пиёдалар ва велосипед йўлаклари бўлишини хоҳлашяпти ва тезлик соатига 30 кмгача чекланишини исташяпти.

Барчамиз биламиз, бу мамлакат аҳолиси ўсиб бормоқда, аҳоли ёшариб бормоқда ва кўчалар бизнес учун қанчалик самарали бўлиши керак бўлса, ёшлар учун шунчалик хавфсиз бўлиши лозим. Мен худди шу каби аргументларни ҳар қандай мамлакат учун келтирган бўлардим.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки икки ойида Тошкент, Тошкент вилояти ва Наманган йўлларида ҳар куни ўртача тўрт киши вафот этган. Бу жуда кўп. Уларнинг ҳар бири бирор оиланинг аъзоси. Амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатлар мавжудлигини, ҳукумат мақсадларга эришишга содиқ эканлигини биламиз, тўғри сиёсий қарорлар зарур.

— Ўзбекистонда ушбу соҳадаги вазиятни ўзгартириш учун БМТ қандай аниқ ҳаракатларни амалга ошириши мумкин ва амалга оширяпти?

— Айтганимдек, биз йўл ҳаракати хавфсизлигини нафақат йўлларда қанча одам жароҳат олгани ёки ҳалок бўлганлиги нуқтаи назаридан, балки иқтисодий нуқтаи назардан ҳам кўриб чиқамиз, чунки бизнинг асосий тамойилларимиз — Барқарор ривожланиш мақсадларидир. Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, бутун дунёда аксарият давлатлар йўл транспорт ҳодисалари туфайли ЯИМнинг 3 фоизини йўқотади. Бу катта кўрсаткич ва у шунингдек, даволаниш харажатлари, одамларнинг меҳнатга лаёқатини йўқотишини ўз ичига олади.

БМТ мамлакатларни йўл ҳаракати хавфсизлигини алоҳида соғлиқни сақлаш масаласи ёки полиция ваколати сифатида эмас, балки миллий режалаштириш жараёнининг бир қисми сифатида кўриб чиқишга чақиради. БМТнинг махсус вакили бу ерга ташрифи давомида айни шу масалага — турли вазирликлар иштирокида интеграллашган режалаштириш муҳимлигига урғу берганди.

Иккинчидан, биз ахборот бериш-тушунтириш ишларини олиб борамиз. ЖССТ ва ЮНИСEФдаги ҳамкасбларим ва мен Глобал йўл ҳаракати хавфсизлиги акциясида қатнашмоқдамиз.

Учинчидан, биз БМТнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Мақсадли жамғармасидан кўмакни жалб қилиш чораларини кўряпмиз. ЮНИСEФ эса ҳозирда мактаблар яқинида ҳаракат хавфсизлигини яхшилаш устида ишламоқда, фикримча бу жуда муҳим.

Мамлакат Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати таснифини ўтказиш учун мен БМТ ЕИК билан музокараларда иштирок этяпман, сўнг биз бу масалани ҳукуматдаги ҳамкасблар билан муҳокама қиламиз.

Биз маълумотлар йиғиш соҳасини ривожлантиришни ҳам қўллаб-қувватлаяпмиз, чунки сифатли маълумотларсиз қарор қабул қилишнинг имкони йўқ. Агар кўчаларда қанча одам вафот этаётгани ва жароҳатланаётганини билмасак, сиёсий қарорлар қабул қилиш жуда қийин. Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда маълумотлар йиғиш яхшиланиши мумкин.

— Сизнинг фикрингизча, 2025 йилга қадар Ўзбекистондаги йўл транспорт ҳодисалари сонини икки бараварга камайтириш мақсадига эришишнинг имкони иборми?

— Ўйлашимча, бунга эришиш мумкин ва бу ҳозирдан ҳаракат қилишни талаб қилади. Шунинг учун биз Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати таснифини кўриб чиқишни ва ушбу соҳадаги бошқа ҳаракатларни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Азамат Атажанов суҳбатлашди

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan