Жорий йилнинг 10 ойи давомида 381 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқ вакиллари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Ҳусановнинг “Ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитди.

Ахборотда келтирилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Давлат томонидан меҳнат бозоридаги тенденциялардан келиб чиқиб, янги иш ўринлари яратиш билан биргаликда иш билан банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлашнинг ноанъанавий усулларидан фойдаланилиб, уларни касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш, субсидия ва грантлар ажратиш, тадбиркорликка ўргатишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Хусусан, соҳада олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 10 ойи давомида 381 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, бандлик органлари томонидан 792 минг иш билан банд бўлмаган шахсларга бандлик хизматлари кўрсатилди. Бунинг учун Бандликка кўмаклашиш ва жамоат ишлари жамғармаларидан 432 млрд. сўм маблағ ажратилди. Бандлик хизматлари кўрсатилган фуқароларнинг 324,0 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, ушбу мақсадларда 185,0 млрд.сўм маблағ молиялаштириб берилди.

Шунингдек, 342,2 минг нафар ишсиз фуқаролар мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди, 33,9 минг ишсиз, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахсларга 74,1 млрд.сўм субсидиялар ажратилди.

Тақдим этилган ахборотга кўра, ишлаб чиқариш кооперативларга 11,1 минг нафар ишсизлар бириктирилди, уларга кооперативларнинг устав фондига аъзолик улуши сифатида 23,4 млрд.сўм субсидия маблағлари ажратилди. Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 103,0 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилди.

Шу билан бирга, ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ишсиз аҳоли, жумладан, ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, вазирлик тасарруфида 16 та “Ишга марҳамат” банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Мономарказ”, 59 та туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолияти йўлга қўйилди.

Эътиборли томони, “Future Skills Uzbekistan” ва “Бир миллион дастурчи” лойиҳалари доирасида 5,2 минг нафар ёшлар IT-касбларига, “Ёшлар 1+1” ва “Тадбиркор аёл” лойиҳаси доирасида 6,4 минг нафар ёшлар тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз 92 минг нафар ёшларнинг бандлигига кўмаклашилди.

Мажлисда депутатлар соҳада эришилган ютуқларини эътироф этиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар бажарилишини тизимли асосда мониторинг қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга тааллуқли қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берди.

Мажлисда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan