Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
Бироқ, ҳуқуқни қўллаш амалиётида давлат тилини татбиқ этиш билан боғлиқ муносабатларда камчиликлар кузатилаётганлиги сир эмас.
Хусусан, “Давлат тили ҳақида”ги қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар ёритиб берилмаган.
Бундан ташқари, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмаганлиги ҳам ҳал қилиниши зарур бўлган масалалардан биридир.
Шундан келиб чиқиб, давлат тили соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларини яратиш мақсадида “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Айни пайтда, “Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг 12-моддаси атрофида турли баҳс-мунозаралар юзага келмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зотан, тил бу нафақат ижтимоий ҳодиса, балки ўткир сиёсий масала ҳамдир. Табиийки, ҳар қандай ҳуқуқий мамлакатнинг давлат сиёсати норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш орқали рўёбга чиқади.
Қонун лойиҳасининг 12-моддаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилинадиган тили” деб номланиб, унга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилиниши назарда тутилмоқда.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, жисмоний ва юридик шахслар давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиши Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси билан кафолатланган.
Хусусан, Конституциянинг 35-моддасига асосан, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Айни пайтда, Конституция билан кафолатланган мазкур сиёсий ҳуқуқни амалга оширишда мамлакатимизда барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид миллий қонунчилик таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг тилидан келиб чиқиб, ҳар қандай камситишга йўл қўйилмайди.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига асосан, мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.
Амалдаги қонунчиликка асосан, давлат органи ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддаси бешинчи қисмига асосан, мурожаатларга жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади.
Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 2-моддасига асосан, ҳар бир инсон тилидан қатъи назар, Декларацияда белгиланган барча ҳуқуқ ва эркинликка эга бўлиши зарур.
Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1992 йил 18 декабрда 47/135-сон резолюцияси билан тасдиқланган Миллий ёки этник, диний ва тил бўйича озчиликка мансуб шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларациянинг 2-моддасига асосан, миллий ёки этник, диний ва тил бўйича озчиликка мансуб шахслар ўз тиллларидан шахсий ҳаётда ва давлат ишларида эркин, бирон-бир шаклда аралашув ёки камситишларсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Давлат органларига жисмоний шахсларнинг мурожаатларига оид бошқа халқаро стандартлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, давлат органларига жисмоний шахсларнинг бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Бошқа тилларда мурожаат қилиш бўйича ЕХҲТ томонидан 1992 йил июль ойида Хельсинкида Миллий озчилик ишлари бўйича Олий комиссар лавозими таъсис этилган. Олий Комиссар томониданолти йиллик ўрганишлар натижасида ЕХҲТ томонидан 2 та муҳим ҳужжат – Миллий озчиликнинг тилга бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги Осло тавсиялари (1998 йил) ҳамда Миллий озчиликнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги самарали иштироки тўғрисидаги Лунд тавсиялари (1998 йил) қабул қилинган.
Хусусан, Лунд тавсияларининг 6-бандига асосан, ҳар бир давлат миллий озчилик учун ҳукумат ишларида улар учун махсус механизмларни яратиши, хусусан давлат органларига ўз тилларида мурожаат қилиш ва жавоб олиш имкониятини яратиши зарур.
Давлат органларига жисмоний шахсларнинг мурожаатлари жавобига оид хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият мамлакатларда жисмоний шахслар мурожаатларига жавоб давлат тилида, мурожаат тилида ёки ўзга тилларда берилади.
Масалан, “Қозоғистон Республикаси тили тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига асосан жисмоний шахслар мурожаатларига жавоб давлат тилида ёки мурожаат тилида берилади.
“Беларусь Республикасида тиллар тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига асосан фуқаро мурожаатига беларусь тилида, ёки унинг хоҳишига кўра, рус тилига таржима қилган ҳолда жавоб берилади.
“Давлат тили тўғрисида”ги Грузия қонунининг 11-моддасига мувофиқ, давлат органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, шикоятлари ва таклифларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ва жавоб бериш давлат тилида амалга оширилиши, миллий озчилик яшайдиган ҳудудда мурожаатлар бошқа тилларда берилиши ва уларга жавоб давлат тилида, уларнинг таржимаси илова қилинган ҳолда тақдим этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасининг 12-моддаси бўйича қуйидагича хулоса қилиш мумкин.
Қонун лойиҳасининг 12-моддасининг мазмуни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги, халқаро ҳужжатлар ва стандартлар талабларига мос келади. Аммо унинг таҳрири қонунчилик техникаси талабларига тўғри келмайди.
Хусусан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти 10-бандига асосан, лойиҳада қоида тариқасида худди шундай юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилган ҳуқуқий нормалар қайта такрорланмайди.
Қонун лойиҳасининг 12-моддасида белгиланган нормалар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари билан бир хил бўлиб, қонун лойиҳасида такрорланган.
Яна бир масала. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мурожаат қилишга оид масалаларни тартибга солувчи махсус қонун ҳисобланади ҳамда ҳар қандай органга эмас, балки фақатгина давлат органига мурожаат қилиш тартибини белгилайди.
Хусусан, 1-моддага асосан, қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Шу сабабли, қонун лойиҳасининг 12-моддасидан “бошқа ташкилотлар” сўзларини чиқариб ташлаш таклиф этилади.
Қонун лойиҳасининг 12-моддасида назарда тутилаётган жисмоний шахсларнинг давлат тилидан бошқа тилларда давлат органларига мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақидаги нормаси аксарият мамлакатлар қонунчилигига мос келади. Бунда давлат органларининг жисмоний шахслар мурожаатларига жавоб бериши давлат тилида ёки мурожаат тилида амалга ошиши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасининг 12-моддасини “Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиш тили Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади”, тарзида баён этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Валишер ДАВЛЯТОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).