Глобаллашув жараёни шиддат билан ривожланаётган дунёнинг ярмидан кўпини ташкил этувчи ёшлар учун халқаро ташкилотларда иштирок этиш жуда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу ўринда, Ўзбекистон ёшлари учун ҳам. Парламентлараро Иттифоқнинг маълумотига кўра, ҳозирда дунё парламентларида ёшларнинг иштироки ўртача 2 фоизни ташкил қилади. Ўзбекистонда эса мазкур кўрсаткич 6 фоизга етди.
Шу ўринда, Парламентлараро Иттифоқнинг Евроосиё гуруҳи томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Абдулло Аслонов Парламентлараро Иттифоқнинг Ёш парламентарийлар форуми аъзолигига қабул қилинганлиги ҳақидаги хабар нафақат Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари учун балки республикамиз ёшлари учун катта янгилик сифатида қабул қилинди.
Ёшларининг бундай ташкилотлардаги иштироки халқаро норма ижодкорлик жараёнида ўз манфаатини илгари суриш ва бошқа давлат ёшлари билан тажриба алмашиш имкониятини беради. Айниқса, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилиш билан боғлиқ илгари сурган ташаббуслари дунё ёшлари томонидан фаол муҳокама қилинаётган даврда, ушбу нуфузли иштирок барча ёшларни мазкур ғоя атрофида бирлаштиришда халқаро даражадаги яна бир муҳим майдон ҳисобланади.
Ёшлар парламенти аъзолари халқаро ёшлар парламентлараро ташкилотларнинг фаолияти билан доимий равишда танишиб боради ва ҳозирда қатор давлатларнинг Ёшлар парламентлари билан ҳамкорлик қилади. Шу кунларда Парламентлараро Иттифоқнинг “Пандемияни бугунги кунда енгиб ўтиш ва эртанги кунни яхшироқ қуриш: парламентларнинг ўрни” мавзусига бағишланган 142-Ассамблеяси фаолиятини ҳам яқиндан кузатиб боришмоқда.
Ўз ўрнида, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ёш депутатнинг мазкур нуфузли халқаро ташкилотга қабул қилинганлиги муносабати билан республика ёшларини самимий қутлайди. Шунингдек, Ёшлар парламенти аъзолари мазкур жараёнда ўз таклифлари ва ташаббуслари билан фаол иштирок этишга ҳамда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдиради.
Шаҳноза ЖОЛДАСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламенти раиси
https://parliament.gov.uz