Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 28 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Ўзрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 14-ялпи мажлисида сенатор А. Соатов томонидан Сурхондарё вилояти “Сувоқава” ДУКнинг Термиз шаҳар филиалига тегишли “Чиқинди сувларни тозалаш иншооти” талаб даражасида ишламаслиги сабабли чиқинди сувларни тозалашга имконияти етмасдан Амударёнинг Афғонистон билан чегара соҳилидаги қамишзорга тез-тез оқизиб юборилиши, натижада қамишзорда турли хил зарарли пашша ва чивинлар кўпайиб, шаҳар аҳолиси “Пашшахўрда” ярасидан мунтазам азият чекиб келиши таъкидланган эди.

Мазкур масала бўйича Сенатнинг  Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Тожиевнинг ахбороти эшитилди.

Ялпи мажлис давомида сенатор А. Добрих тўқимачилик саноатида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар фаолиятида қийинчиликлар туғдирган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши лозим бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси масаласини кўтарди.

Ушбу масалани ўрганиш Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасига топширилди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама қилинди.

Таъкидлангандек, карантин тадбирлари муносабати билан республикамиз иқтисодиёти ўсиши 2020 йил якуни билан 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга секинлашиб, ЯИМ ҳажми 580,2 трлн сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг I чорагида ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга ўсган.

2020 йилда инфляция даражаси белгиланган 12,5-13,0 фоизли прогноз параметрларидан паст бўлиб, 11,1 фоизни, 2021 йилнинг I-чорагида 10,9 фоизни ташкил этган.

Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 трлн сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4 192 млрд сўмга ошириб бажарилган ёки 2019 йилга нисбатан эса 20,8 трлн сўмга ўсган.

2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромадлари белгиланган 31,9 трлн сўм прогнози амалда 33,9 трлн сўмга ёки 2,0 трлн сўмга (106 фоиз) ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн сўмга кўпайган.

Маҳаллий бюджетлар 2020 йил даромадлари 27 трлн  702,9 млрд сўмни ёки аниқлаштирилган прогнозга нисбатан 110,9 фоизни ташкил қилган.

2021 йилнинг I чорагида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 116 фоизга (1,1 трлн сўмга ортиқ) бажарилиб 7,9 трлн сўмни, харажатлар эса режага нисбатан 94,7 фоизга ижро этилиб, 10, 9 трлн сўмни ташкил этган.

Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари 100 фоизга таъминланиб, 144,1 трлн сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 24,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг I чорагида 34,1 трлн сўм ёки ЯИМ га нисбатан 26,6 фоиз бўлган.

2020 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74, 2 трлн сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида, 2021 йилнинг I чорагида эса 18,2 трлн сўм (умумий харажатларнинг 53,3 фоизи) маблағ сарфланган.

Маҳаллий бюджетларнинг харажатлари режага нисбатан 104,8 фоизга ижро этилиб, 47,2 трлн сўмни ташкил этган.

Шунингдек, ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2020 йил давомида 2726 та назорат тадбирларида жами 309,2 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, шундан 1238 та 223,4 млрд сўмлик текшириш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 34,3 млрд сўми тикланиши таъминланган ҳамда профилактика тадбирлари натижасида

165,8 млрд сўмлик ноқонуний тўловлар тўланиши олди олинган.

Сенат ялпи мажлиси давомида ҳисоботларни кўриб чиқишда асосий эътибор:

– 2020 йилги ва 2021 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳолати;

– солиқ ва божхона идоралари томонидан белгиланган давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳисобланган даромадлар, солиқларнинг ундирувчанлик даражаси, солиқ қарздорлиги, ортиқча тўловлар;

– маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланилиши;

– “Очиқ бюджет” портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати;

– бюджет маблағларидан фойдаланишда йўл қўйилаётган хато- камчиликлар, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар каби долзарб масалаларга ва уларнинг ечими қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5072-сонли қарорига мувофиқ, барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга маблағларни йўналтириш ҳамда ушбу маблағларни бошқа мақсадларда сарфланишини олдини олиш мақсадида бюджетдан ташқари ҳисобрақам кўринишида (жами 205 та) “Фуқаролар ташаббуси бюджети” жамғармаси очилиши таъминланди.

Бундан ташқари, республика бюджети маблағлари ҳисобидан эксперимент ўтказилаётган 14 та туман ва шаҳарлар учун жами 92,7 млрд. сўм маблағлар тегишинча маҳаллий бюджетларга белгиланган тартибда ўтказиб берилиб, ушбу маблағлар “Фуқаролар ташаббуси бюджети” жамғармасига йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелидаги “Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги ҚҚ-213-IV-сонли қарорига асосан “Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисида Намунавий Низом” тасдиқланган.

Ушбу Намунавий Низом асосида барча туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ўзларининг туман (шаҳар) бўйича Низомни шакллантирган ҳолда тегишинча Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Бугунги кунга келиб, жами 159 та туман ва шаҳарларда тегишинча Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан Намунавий низом асосида бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартибини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилдилар. Шунингдек, 46 та туман ва шаҳарларда мазкур Низомни тасдиқлаш бўйича қарор лойиҳаларини тегишинча Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига навбатдаги сессияда кўриб чиқиш учун киритилган.

Шунингдек, маҳаллий бюджетдан тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи ва қўшимча даромадларининг 30 фоизи миқдоридаги маблағлар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиш ва унинг мақсадли сарфланиши устидан Сенат томонидан доимий парламент назорати амалга оширилиши қайд этилди.

Муҳокамалар сўнгида Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси кўриб чиқилди.

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Сенат Раиси раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилиши Ўзбекистонда гендер тенглик масалаларига катта эътибор қаратилаётганини ифодалайди.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди.

Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, муҳандислик соҳаларига кенг жалб этилмоқда.

Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.

Қайд этилганидек, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилди.

Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди, уларга Халқ банки бириктирилди, 14 та ҳудудда Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди.

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни (2019 йилда 139-ўрин) эгаллади.

Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли қоидалари асосида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатнинг узоқ муддатли мақсадлари ва устуворликларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжат қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади.

Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимли таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Эътиборли жиҳати шундан иборатки, мазкур стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган.

Гендер тенгликка эришиш стратегияси асосан, узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизматида, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан. Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳам кўзда тутилган.

Гендер стратегиясини амалга оширишдан салмоқли натижаларга эришиш кутилмоқда. Хусусан, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиёти кенгаяди. Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалар хотин-қизларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишга эришилади. Энг асосийси – хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олиниб, жамиятда уларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилади.

Гендер стратегияни амалга ошириш Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги стратегик мақсадлар контекстида қабул қилинган миллий ва халқаро мажбуриятлар (Пекин Декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва бошқалар) ни бажаришга кўмаклашади.

Сенаторлар томонидан жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш каби мураккаб масалалар биргина давлат ҳамда жамоат тузилмалари зиммасига юклатилган вазифа эмаслиги, бу борада барчанинг фаол иштирокини кучайтириш муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan