


Жорий йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати юзасидан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек, якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш борасида “Медиация назария-амалиёт ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги Республика илмий-амалий онлайн конференцияси ташкил этилди.
Унда республикамизда фаолият юритаётган профессионал медиаторлар, Юристлар малакасини ошириш маркази ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси вакиллари иштирок этдилар.
Илмий-амалий конференцияда прфессионал медиаторлар А.Отажонов, С.Марипова, А.Якубов, Д.Кимсанов мамлакатимизда медиация институтини такомиллаштириш, хорижий давлатларда профессионал медиаторларни тайёрлаш ва малакасини ошириш амалиёти, медиация марказларини ташкил қилиш ва фаолияти, бу соҳадаги амалий, ҳуқуқий ва назарий муаммолар тўғрисида маърузалар қилдилар.
Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессионал медиатор Ф.Отахонов “Медиация институтини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари” мавзусида маъруза қилди. Маърузада медиациянинг ҳуқуқий асослари, мамлакатимизда медиацияни низоларни муқобил ҳал қилиш усули сифатида ривожлантириш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар, бу соҳадаги долзарб муаммолари ва уларни бартараф қилиш йўллари, медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифлар илгари сурилди: биринчи, нодавлат-нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган Ўзбекистон медиаторлар палатасини ташкил этиш; иккинчи, Олий таълим муассасаларида, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Бош прокуратура Академияси, Судьялар олий мактаби ҳамда мутахассисларни малака оширишга оид барча тизимларида медиация ўқув курсларини киритиш; учинчи, низоларни судгача ҳал қилишнинг муқобил усуллари сифатида медиациядан фойдаланиш ва унинг афзалликлари ҳақида тарғибот ва ташвиқот ишларини тизимли равишда олиб бориш учун ОАВ, хусусан телевидение ва радиода ҳар ҳафталик кўрсатув ва эшитиришлар ташкил қилиш; тўртинчи, давлат органлари, хусусан судлар, адлия органлари томонидан медиаторлар фаолиятини самарали олиб бориши учун амалий ва ахборот шаклида ёрдам бериш ҳамда ҳамкорлик қилиш; бешинчи, медиаторларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан оилавий низоларни бепул ўтказилишини таъминлаш мақсадида, республика бюджети ҳисобидан медиация хизматлари учун маблағ ажратиш; олтинчи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида медиатив келишув билан боғлиқ бўлган ишлар юзасидан статистик маълумотларни тизимли равишда жойлаштириб бориш; еттинчи, барча суд бинолари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари биноларида кўринарли жойда профессионал медиаторлар рўйхатини осиб қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Конференция очиқ мулоқот тарзида ўтказилди, иштирокчиларнинг медиация институтини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган масалалар бўйича берган саволларига маърузачилар ва Адлия вазирлиги масъул ходимлари асослантирилган жавоблар бердилар. Профессионал медиаторлар бундай тадбирларни тизимли равишда ўтказиш тўғрисида таклиф киритдилар.
Конференция якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ва унинг материаллари асосида медиация институтини такомиллаштириш бўйича тўплам чоп этишга келишиб олинди.
М.Мирзарахматов,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимиb