Замонавий юридик фан ва таълим: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ташкил этилганлигининг уч йиллиги муносабати билан ҳамда Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида илмий тадқиқот консорциуми доирасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 27-28 май кунлари “Замонавий юридик фан ва таълим: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Онлайн форматда бўлиб ўтган ушбу конференцияда хорижий ва миллий экспертлар, халқаро ташкилот амалиётчилари иштирок этди.

Конференцияда хорижий ҳамкор ташкилот вакиллари, жумладан, АҚШ Федерал тергов бюроси Академияси, Германия Адлия академияси, Беларусь Республикаси Тергов қўмитасининг Малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Беларусь Республикаси Бош прокуратурасининг Қонунни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартибот муаммолари илмий-амалий маркази, Кембридж университети (Буюк Британия), Лунд университети (Швеция), Халқаро коррупцияга қарши курашиш академияси (Австрия), Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Москва академияси, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси ва бошқа бир қатор илмий тадқиқот ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир бешта параллел сессиялар шаклида ташкил этилиб, уларнинг ҳар бири юридик фан ва таълимнинг алоҳида долзарб мавзуларига бағишланди. Сессияда миллий ва хорижий экспертлар билан бир қаторда Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишга доир молиявий чораларни ишлаб чиқиш бўйича махсус гуруҳ (ФАТФ) ҳамда бошқа бир қатор халқаро ташкилот мутахассислари томонидан “Замонавий шароитда таълим жараёнини ташкил қилишдаги муаммолар”, “Юридик фан ва ҳуқуқни қўллашнинг долзарб муаммолари”, “Тергов фаолиятининг замонавий тенденциялари: муаммолар ва ривожланиш истиқболлари”, “Коррупцияга қарши стандартларни имплементация этиш масалалари: ҳуқуқни муҳофаза қилиш”, “Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш, терроризмни молиялаштириш ва активларни тиклаш”, “Таълим бериш ва фаолиятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш” каби мавзуларга эътибор қаратилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор в.б. Ф.Отахонов “Юридик фан ва қонун ижодкорлиги фаолиятини илмий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида маърузаси билан иштирок этди. Мавзу доирасида Янги Ўзбекистонда илм-фан ривожи, юридик соҳада салмоқли илмий тадқиқотлар амалга оширилганлиги, юридик фаннинг ижтимоий ҳаёт билан ўзаро мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилувчи илмий муҳит шакллантирилганлигини эътироф этган холда қонун ижодкорлиги фаолиятини илмий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ва субъектлари, бу борада қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари ҳамда Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан амалга оширилаётган ишлар, парламент фаолиятини илмий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий, назарий ва методологик асосларини такомиллаштириш масалаларига батафсил тўхталди.

Конференция якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, муҳокама қилинди ва маъқулланди.

М.Мирзарахматов
Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти ходими 

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan