Хабарингиз бор, жорий йилнинг 21 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Хўжаобод қишлоғи ҳудудидан ўтувчи А-378 “Самарқанд-Ғузор” автомобиль йўлининг 83-километрида Исузи русумли юк машинаси йўлда ҳаракатланиб кетаётиб, 2014 йилда туғилган Хўжаобод қишлоғида яшаган 1-синф мактаб ўқувчисини уриб юборган. Натижада қизалоқ оғир тан жароҳати олгани сабабли шифохонада вафот этган эди.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, тергов жараёнлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳолат сабаб 2021 йил 23 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Қумдарё маҳалласи Оқтунли қишлоғида яшовчи бир гуруҳ аёллар Хўжаобод қишлоғидан ўтувчи А-378 “Самарқанд – Ғузор” автомобиль йўлини тўсган. Бу ҳолат эса тезкорлик билан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган эди.
Ҳолат қўмита томонидан кенг доирада ўрганилди. Унга кўра Хўжаобод қишлоғидан ўтувчи А-378 “Самарқанд – Ғузор” автомобиль йўлидаги қатнов ва автомобилларнинг юқори тезликда ҳаракатланиши Оқтунли қишлоқ аҳолисига, айниқса мактаб ўқувчиларига хавф туғидарётгани аниқланди.
Шунингдек, мазкур ҳолатни бартараф этиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилгани маълум бўлди. Жумладан, Хўжаобод қишлоғидан ўтувчи А-378 “Самарқанд – Ғузор” автомобиль йулининг 83-километрида пиёдалар билан боғлиқ йул-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва транспорт воситаларини белгиланган тезликка амал килишларини назорат қилиш мақсадида 3.24 “Юқори тезлик чекланган” йўл белгиси ва онлайн тарзда ишловчи фоторадар қурилмаси ўрнатилди ва ушбу ҳуддаги пиёдалар йўлаги чизиқлари ва йўл белгилари янгиланди.
Ҳудуддаги 5.16.1/5.16.2 “Пиёдалар ўтиш жойи”, 1.21 “Болалар”, 5.22 “Аҳоли пунктининг бошланиши”, 3.24 “Юқори тезлик чекланган” йўл белгилариларига амал қилмасдан ҳаракатланаётган транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан тегишли чоралар кўриш кучайтирилди.
Шу билан бирга, Оқтунли қишлоғида яшовчи бир гуруҳ аёллар Хўжаобод қишлоғидан ўтувчи А-378 “Самарқанд – Ғузор” автомобиль йўлини тўсишга сабаб бўлган яна бир муаммо Оқтунли қишлоқ фуқароларининг фарзандлари ўз ҳудудида мактаб бўлмаганлиги учун қўшни қишлоқдаги мактабга боришда қийналаётганлиги, Хўжаобод қишлоғидаги мактабга бориши учун “Самарқанд – Ғузор” автомобил йўлини кесиб ўтишга мажбур бўлаётганлиги эди.
Айни пайтда ушбу муаммони ҳал этиш бўйича қўмита “Қумдарё” МФЙ, Оқтунли қишлоғида Чироқчи тумани халқ таълими бўлимига қарашли 99-сонли умумтаълим мактабининг филиали учун 176 ўринли янги мактаб биноси қурилаётганлигини маълум қилади.
Ушбу янги мактаб биноси қурилиш ишларини амалга ошириш учун 2021 йил 16 май куни қонун талаблари доирасида пудратчилар аниқланиб, қиймати 1 млрд. 700 млн сўмлик қурилиш ишлари бошланган ҳамда пудратчи билан тузилган шартномага кўра, мактаб биноси 2021 йил 26 августда фойдаланишга топширилиши белгиланган.
Қутбидин БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсилик масалалари қўмитаси раиси