Ўзбекистон Республикасининг Корея, Ҳиндистон ва Индонезиядаги дипломатик миссиялари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 31 май куни Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Корея, Ҳиндистон ва Индонезиядаги дипломатик миссиялари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Мазкур дипломатик миссиялар фаолият олиб бораётган мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича “йўл хариталари” қоидаларининг ўз вақтида ва сифатли ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиш орқали уларнинг ижро интизомини ошириш эшитувнинг асосий мақсади бўлди.

Мажлисда Сенат Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзолари, қолаверса, қатор тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари томонидан хорижий мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни бажариш доирасида амалга оширилган ишлар, жумладан, экспортни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва республика ҳудудларига сайёҳлик оқимини кўпайтиришга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этилди.

Очиқ мазмунли муҳокама доирасида дипломатик миссияларнинг барча масалалари ва устувор вазифалари кўриб чиқилди, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди, шунингдек хорижда республиканинг иқтисодий манфаатларини тарғиб қилишдаги тизимли камчиликлар кўрсатилди. Мамлакат ҳудудларида айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда Ўзбекистон элчихоналарининг сиёсий ва маданий-гуманитар соҳалардаги самарали фаолияти қайд этилди. Шу билан бирга, дипломатик миссиялар айрим раҳбарларининг иқтисодий дипломатия, хусусан, инвестицияларни жалб қилиш ва товар айланмасини кенгайтириш йўналишидаги ишларида жиддий камчиликлар ва амалий натижалар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, минтақалараро ҳамкорликни тарғиб қилиш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатлар шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ривожлантириш соҳасида тизимли иш олиб борилмаётганлиги таъкидланди.

Давом этаётган глобал пандемия хавфи туфайли фармацевтика ва тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилишга қаратилган ишларни кенгайтириш, жумладан, биргаликда тиббий тадқиқотлар, вакциналар ишлаб чиқариш ва Ўзбекистонда уларни ишлаб чиқариш қувватларини яратиш зарурлиги мажлис доирасида сенаторлар томонидан алоҳида таъкидланди.

Шундай қилиб, дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига батафсил тавсиялар берилди ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Мажлис якунлари бўйича Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

www.senat.uz

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan